BBC navigation

Ўзбекистонда қозоқ унининг нархи кескин ошган

Сўнгги янгиланиш 19 июл 2012 - 11:59 GMT

Уннинг қимматлаши нон маҳсулотларининг сифатига таъсир қилиши башорат қилинади.

Қурғоқчилик сабаб жорий йил Қозоғистон ва Россияда буғдой ҳосили паст бўлиши кутилмоқда. Мутасаддилар ҳосилнинг режадагидай бўлмаслиги нарх-наволарга таъсир қилиши мумкинлигини билдиришган.

Қозоғистон унининг асосий истеъмолчиларидан бўлган Ўзбекистонда қозоқ уни баҳосининг аллақачон ошганини хабар қилмоқда. Шу кунларда бир қоп қозоқ унининг баҳоси ўзбек бозорларида 75 минг сўмга кўтарилган.

Бу эса ўз навбатида ушбу ундан тайёрланадиган маҳсулотларнинг ҳам нархига таъсир қилган. Мутахассислар нархларнинг яна кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ақсилжон Мамитбеков қурғоқчилик сабаб буғдой нархининг яхшигина кўтарилишини маълум қилди.

"Менимча, дон чиқитга чиқиб кетмайди. Ҳеч бўлмаса уруғлик учун ҳам йиғиб олишади. Чунки бу йил нархлар жуда ҳам яхши бўлади ва жуда ҳам кўплаб нарсалар, шу жумладан ҳосилдорликдаги йўқотишлар ҳам ушбу нархдан қопланади", - деган вазир Мамитбеков журналистлар билан учрашувда.

Вазирлик шу билан бирга Қозоғистон ички бозорида ун ва нон нархи ошмаслигини билдирган. Ўтган йилги заҳирадаги буғдой ҳисобига экспорт ҳажми ҳам камаймайди.

Бироқ буғдой экспортига ихтисослашган энг йирик давлат Россияда ҳам мўлжалдагидан кам ҳосил олиниши бозордаги буғдой нархларига таъсир қилган.

"Нархлар жиддий равишда ошади. Ҳозирги кунда бир тонна буғдой 30 минг тангагача чиқмоқда, бу 200 доллар атрофида бўлади. Ушбу нархлар буғдой сақланадиган жойдаги баҳолардир. Яъни етказиб бериш нархи бу ерга қўшилмаган. Чегара олдида ушбу нархлар яна 20-30 фоизга кўтарилиши мумкин", - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Сергей Букатов.

"Қозоқларнинг уни билан тирик"

Қозоғистон бир йилда ўртача 10 миллион тонна атрофида буғдой экспорт қилади. Қозоқ унининг энг олди харидори Ўзбекистон ҳисобланади ва йилига ўртача 1 миллион тонна атрофида ун сотиб олади.

Ўзбекистонда қозоқ унининг нархлари аллақачон ўсган ва тадбиркорлар ушбу ундан ясаладиган махсулотлар нархини ҳам оширишган. Торт ва пишириқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи жиззахлик суҳбатдошимиз бозордаги нарх наво ҳақида гапиради.

"Биз қозоқларнинг уни билан тирик эдик. Биз олаётган унлар 52 минг сўм эди. Ҳозир 75 мингдан олиб келдим. Умуман олганда ҳар бир қопига 25 мингдан қўшилиб кетибди. Шунисига ҳам шукур, борига шукур қилаяпмиз. Мен ҳам махсулотларимнинг нархини оширдим, оширмасам ҳаражатимиз қопламайди. Ҳали яна ошади деяпти", - дейди исми ошкор этиласлигини сўраган жиззахлик тадбиркор.

Бироқ ҳозирча қозоқ унига пишириладиган нонларнинг нархи ошмаган.

"Нонларнинг нархини оширишмади-ю, грамидан олиб ташлашди. Энди уни нон деб бўлмайди. Шунақанги енгил, кичкина бўлиб қолган. Ҳозирча ҳамма новвойлар нархини оширмасдан, грамидан олиб ташлашди", - дейди суҳбатдошимиз.

Мутахассислар Қозоғистонда ғалла ўрими энди бошланган вақтда одатда нарх-наволар тушишини айтишади, аммо бу йил айни пишиқчилик мавсуми бўлишига қарамасдан нархлар кўтарилмоқда. Қозоқ унининг баҳоси бундан-да баланд бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонлик новвой ва тадбиркорлар нархлар кўтарилиши ортидан харидорни йўқотиб қўймаслик учун маҳаллий ундан сифати ва кўриниши унчалик яхши бўлмаган махсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин.

"Ўзимизнинг Жиззах унига мурожаат қилиб, ушбу ундан бирор нарса чиқадиган маҳсулот ишлаб чиқаради. Мисол учун торт қилмайди, пирог қилади. Пирог қилмайди, коржик қилади. Коржикларга сифатсиз ун бўлса ҳам бўлаверади. Прянникларга куч беради. Нонга ҳам Жиззахнинг унидан қўшади. Ёки қора нон чиқариб шунга қараб нархини чиқаради. Жиззахнинг уни 35 минг сўм. 35 минг қаёқдаю, 80 минг қаёқда", - дейди жиззахлик тадбиркор аёл.

Ўзбекистонда ғалла етиштириш бўйича бу йил "тарихий ғалаба"га эришилгани айтилганди. Умумий хирмон 7 миллион тоннадан ошиб кетган. Бироқ мутахассислар маҳаллий ун бозорбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга яроқсиз эканлигини таъкидлашади. Буғдой таркибидаги ёпишқоқлик хусусиятининг пастлиги ўзбек унининг қозоқ ёки Россия унларига тенглашишига тўсқинлик қилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.