'МТС: Ўзбекистондаги тармоқларига тугун тушган телекомлар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru

"МТС Собиқ Шўро минтақаси - Марказий Осиёнинг мушкулотларга тўла бозорида йўл топишда намуна кўрсатишига умид қилган сармоядорлар тил тишлаб қолишди", дейилади мақолада.

Муаллифга кўра, "2010 йил охирларида Туркманистондан ковуши тўғирланган МТСнинг бугун Ўзбекистон расмийлари билан орасида қора мушук ўтган кўринади".

Бу эса, ўзбек расмийлари билан сан-манга бориши ортидан бор будидан ажралган сармоядорлар учун жуда таниш манзара.

Мақола муаллифининг ёзишича, Ўзбекистонда 9.5 миллион мижозга хизмат кўрсатган МТС ўз баёнотида айтилганидек, "ўзи ва ўз ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш илинжида" бўлса, қаршисида ўта мушкул кураш турибди.

МТС боши узра булутлар июн ойида, ширкат бошқарувчи раҳбари Беҳзод Аҳмедов Москвага чиқиб кетган вақтидан бошланди.

Сўнгги ҳафталар "Ўздунробита"нинг бир Россия фуқароси дохил қатор ходимларини ҳибсга олган ҳуқуқ-тартибот органлари Аҳмедов жавобгарликдан қочиб юрганини айтишади.

Ҳибсга олинганлардан икки нафари молиявий жиноятларда айбланмоқда.

МТС эса, фаолияти давомида ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйилмаганини таъкидлайди.

Ширкат, шунингдек, ўзбек расмийлари "Ўздунробита" идораларида керакли рухсатномаларсиз текширувлар ўтказгани ва ходимларини қўрқитиб, қонунбузарликларга йўл қўяётганларини айтади.

Мақолада яқин ўтган кунларда МТС томонидан чиқарилган баёнот тилга олинади. Унда айтилишича, "ўзбек томонининг "Ўздунробита"га қарши ҳаракатлари Россия бизнесига нисбатан ҳужум сифатида баҳоланиши мумкин".

"Ўзбекистон МТС билан келишмовчиликларини ҳал қила олмаса, кейинги қадами нима бўлиши ҳақида гапириш қийин", дея давом этади муаллиф.

МТС лицензиясининг вақтинча 10 кунга тўхтатилиши ё ярашув учун имконият ва ё бундан-да, баттароқ кунлар келишига ишора сифатида талқин қилиниши мумкин.

Лекин, дейди муаллиф, Ўзбекистонда Канаданинг Нюмонт ё-да, Британиянинг Оксус Голд ширкатлари тақдирини кузатган таҳлилчилар учун бу манзара нотаниш эмас.

Кремлга яқин кўрилган Владимир Евтушенконинг "Система" групи бир қисми бўлган МТС 2004 йилдан бери Ўзбекистонга 1.3 миллиард доллар сармоя киритган ва "Ўздунробита"нинг 100 фоиз ҳиссасига эгалик қилади.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, "Ўздунробита" МТС умумий бизнесининг бор-йўғи 3.5 фоизини ташкил этади ва ширкат Ўзбекистондаги фаолияти учун кўп ҳам қайғуга тушмаслиги мумкин.

Лекин, мақолада ёзилишича, Туркманистонда олиб қўйилган лицензиясини қайтариб олиш учун 18 ойдан бери жон жаҳти билан курашаётган МТС ўзининг йирикроқ бозори - Ўзбекистондаги ўз манфаатларини бундан ҳам қаттиқроқ туриб ҳимоя қилиши тайин.

"Можаро қандай ривожланишини кузатиш арзирли", деб ёзади муаллиф.

"Агарда Ўзбекистонда Кремл билан кучли алоқаларга эга ширкат омон қола олмаса, МТСдан кўра камроқ сиёсий таъсирга эга ширкатлар мамлакатдаги келгуси қадамларини жуда эҳтиёткорлик билан босишларига тўғри келади", дея хулоса қилинади мақолада.

Бу мавзуда батафсилроқ