Обидхон қорига суиқасд уюштиришда гумонланган ўзбеклар оқланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи op.se
Image caption Маҳкама ишини кузатган ўзбекистонлик муҳожирлар қарорнинг адолатсиз бўлганини айтишган

Швециянинг Стромсунд шаҳрида ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга суиқасдга алоқадор кўрилган эр-хотин маҳкама қарорига биноан айбсиз деб топилган.

Ўзбекистонлик жуфтликка шу йил феврал ойида Стромсунд шаҳрида имомни отган шахсга қотилликни уюштиришда ёрдам бериш айблови қўйилганди.

Эр-хотин бу айбловларни ҳамиша рад этиб келганлар.

Маҳкама қарорида айтилишича, ўзбекистонлик эр-хотин ишончли далиларни тақдим этишган ва қораловчи уларнинг қотилликка алоқаси борлигини исботлаб беролмаган.

Маҳкама мазкур жуфтлик Ўзбекистонга депортация қилиниши борасидаги талабларни ҳам рад этган.

Шунингдек, маҳкамада тергов пайти камчиликларга йўл қўйилгани айтилган.

Маҳкамага кўра, прокурор Имом Обид қори Назаровга қарши суиқасд амали бир шахс томонидан содир этилганини исботлаб беролмаган.

Прокурор Кристер Петерсон айбланувчиларга 8 йил қамоқ жазоси сўраган эди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишларича, имомга қарши бўлган ҳужум сиёсий сабаблар туфайли амалга оширилгани ва "Швеция ташқарисида жойлашган бир ташкилот режалаштириб уюштирганига" шубҳалар бўлмаслиги керак.

Маҳкама ишини кузатган ўзбекистонлик муҳожирлар маҳкама қарори адолатсиз бўлганини таъкидлашган.

Айбланувчиларнинг суиқасдга алоқадорлиги жуда кўп исбот-далиллар орқали англашилган бўлса ҳам, улар оқланган.

Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли томонидан отиб кетилганди.

54 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди.

Бу мавзуда батафсилроқ