Ўзбекистонлик гимнастикачи Олимпия ўйинларидан вақтинча четлаштирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Луиза Галиулина спорт гимнастикаси бўйича мусобақалардан вақтинчалик четлаштирилган

Халқаро Олимпия Қўмитаси ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси Луиза Галиулинани Лондон Олимпияси ўйинларидан вақтинчалик четлатган.

Бунга унинг пешобидан тақиқланган фуроцемид моддаси топилгани сабаб бўлган.

Галиулина спорт гимнастикаси бўйича бир қатор мусобақаларнинг совриндори ҳисобланади.

Фуроцемид допинг ҳисобланмайди. Хусусан, қон босимини пасайтириш ва пешоб келишини яхшилаш учун ишлатилади.

Аммо спорт тиббиётида бадандаги баъзи тақиқланган моддаларни яшириш учун фуроцемид қўлланилгани маълум.

Шу боис Умумжаҳон Допингга қарши Агентлиги ушбу моддани тақиқлаган.

Ўзбекистонлик спортчи 25 июлда - мусобақалар бошланишидан уч кун олдин допинг синовидан ўтганди.

Шанба оқшоми Лондонда Луиза Галиулинанинг иши кўриб чиқилган ва у вақтинчалик ўйинларда иштирок этишдан четлатилган.

Луиза Галиулина қандай қилиб баданига фуроцемид моддаси тушиб қолганини билмаслигини айтган.

Тошкентлик 20 яшар спортчининг пешоби яна қайта текширилмоқда.

Ўйинларда унинг иштирок этиш ёки этмаслиги борасидаги охирги қарор ана шу қўшимча текширув натижаларига боғлиқ бўлади.

Ўзбекистондан ҳамммаси бўлиб 54 нафар спортчи Лондон Ёзги Олимпия ўйинларида қатнашмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ