BBC navigation

МТС-Ўзбекистон халқаро маҳкамага арз қилишига ишора қилди

Сўнгги янгиланиш 31 июл 2012 - 12:16 GMT

Елена Кохановская МТС Ўзбекистонда барча юридик усулларни қўллаб бўлганини билдирди

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида энг йирик ширкатлардан бири бўлиб келган МТС ширкати президенти Андрей Дубовсков Президент Ислом Каримовга очиқ мактуб йўллаб, агар ширкатнинг лицензияси ва фаолияти қайта тикланмаса, "зарур юридик амалларни қўллаш"га мажбур бўлишини айтган.

У мактубда айнан қандай юридик амалларни қўллаши борасида маълумот бермаган. Би-би-си билан суҳбатда МТСнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Елена Кохановская ҳам ширкат манфаатларини ҳимоя қилиш сабаби туфайли МТС қайси юридик идорага мурожаат қилишни режалаётганини ошкор қилмади.

Аммо, Кохановская хоним Ўзбекистон ичидаги барча юридик имкониятлардан фойдаланиб бўлинганини айтиши билан ширкатнинг кейинги қадами энди халқаро арбитражга мурожаат этиш бўлишига ишора қилди.

Аввалроқ МТСга тегишли Уздунробита ширкатининг Ўзбекистонда амал қилиш лицензияси 31 июлга тўхтатилганди. 30 июлда Ўзбекистондаги маҳкама бу муддатни яна уч ойга узайтирган.

Айни дамда Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, бир гуруҳ жисмоний шахслар МТС Ўзбекистон ширкати фаолиятини тўхтатган Ўзбекистон Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлиги устидан ёппасига маҳкамага арз қилишмоқчи, лекин уларнинг аризасини маҳкамалар қабул қилмаяпти.

Кохановская хоним бу оммавий шикоятларни МТС ташкил қилмагани ва арзчилар билан ҳамкорлик қилмаётганини билдирди.

"Ҳозирда бизнинг Тошкентдаги ходимларимиз жуда қаттиқ қўрқиб қолишган. Улар ҳукуматга қарши қадам қандай оқибатларга олиб келишини яхши биладилар. Бу хабарни сиздан биринчи эшитаётган бўлсам ҳам, ишонч билан айта оламанки, бизнинг ходимларимиз бу шикоятларга қўшилмаганлар. Биз бунга қўл ура олмаймиз, чунки ҳали ҳам қамоқда қолаётган ишчиларимиз тақдиридан жуда ҳавотирдамиз. Озодликда қолаётган ходимларимизни ҳам соатлаб, диққинафас хоналарда сўроқларга тутишаяпти, уларга қаттиқ руҳий босим ўтказилаяпти. "Имзо чек, бўлмаса, уйингда тинтув ўтказиб наркотик топамиз" деган таҳдидлар қилинаяпти", - дейди у.

Унинг айтишича, МТС раҳбари Андрей Дубовсков Президент Каримовга мактуб йўллаб, Ўзбекистондаги ширкатими атрофида юз бераётган барча воқеаларни тафсилотли баён қилишни истаган.

"Биз барча қонунларга бўйсуниб ишлаётганимизга қарамай, у ердаги идоралар қонунга хилоф равишда амал қилаётгани мактубда айтилган. Биз ҳатто вақтинчалик лицензиялар билан ишлаётган станцияларимизни ҳам ёпиб қўйганмиз, лекин бошқа ширкатлар вақтинчалик лицензия билан бемалол ишлаяпти. Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлигининг барча талабларини қондирдик, шунга қарамай, мана кеча ширкатимиз фаолияти яна уч ойга тўхтатилди. Андрей Дубовсков шунинг учун, илк марта президентга мурожаат қилди", - дейди у.

Кохановская хоним Ўзбекистон ичидаги барча юридик идораларга мурожаатлар жавобсиз қолаётганини айтди.

"Биз Ўзбекистондаги барча юридик имкониятларни ишга солиб кўрдик, ва президентга мурожаат бу охирги умидимиз. Лекин, Нью-Йорк биржасида акциялари савдога қўйилган халқаро ширкат сифатида биз бир миллиард доллардан ошиқ сармояларимизни ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз", - деди у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.