Қаттиқ назорат тестлар адолатли ўтишига умидларни пайдо қилган

1 август куни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш учун давлат тест синовлари бўлиб ўтган.

Имтиҳонлар олдидан ва синовлар пайти сохтагарлик олдини олиш мақсадидаги назорат кучайтирилгани бу йилги синовлар холис ўтишига умидларни туғдирган.

Ўзбекистон Давлат Тест маркази маълумотларига кўра, бу йил мамлакатдаги 70 дан ортиқ университет, институт ва институтларнинг филиалларига кириш мақсадида ҳужжат топширган ёшларнинг сони 432 мингдан ортиқ бўлган.

Бу рақам Ўзбекистон абитуриентлари орасида олдинги йилларга солиштирганда рекорд кўрсаткич экани хабар қилинмоқда.

Давлат Тест марказига кўра, энг кўп ҳужжат топширилган олий даргоҳлар - Термиз, Қарши, Гулистон университетлари, Тошкент Юридик институти бўлган.

Термиз Давлат университетига бир ўринга 13,36 талабгор тўғри келган.

Бутун республика бўйича бир талабанинг жойига 7,6 абитуриент тўғри келган.

Бу йилдан ҳарбий хизматни ўтаганидан кейин олий ўқув юртига кирмоқчи бўлган йигитларга умумий максимал баллнинг 27 фоизи қўшиб берилади.

Ўзбекистонда бу йил сентябридан бакалавриатда бир йил ўқиш баҳоси 3 миллион 650 минг сўмдан 5 миллион 300 минг Ўзбекистон сўмигача (мамлакатда мавжуд қора бозор курси бўйича 1285-1866 АҚШ доллари)ни, магистратура эса қарийб 4 миллиондан-5 миллион 830 минг сўмгача(1394-2052 АҚШ доллари)ни ташкил этади.

1 август эрталаб соат 8.30 дан тушки 13.30 гача Ўзбекистондаги барча мобил алоқа ширкатлари ўз мижозлари қўл телефонларидаги хабар, матн юбориш хизматларини тўхтатиб қўйган.

Бу абитуриентларнинг имтиҳон пайтида четдан ёрдам олмасликлари, "шпаргалка"га йўл қўймаслик мақсадини кўзлаган.

Икки фарзанди Тошкентдаги олий ўқув юртларига кириш тест имтиҳонларини топширган қашқадарёлик она Би-би-си билан суҳбатда бу йилги назорат кучайтирилганидан мамнун бўлганини айтди.

"Тест бўладиган жойга яқин махсус доскада мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқлангани ҳақидаги қарор матнини осиб қўйишипти. Бу қарорда кимда-ким имтиҳон пайти сотовий телефонни ишлатса, дарҳол четлатиш ҳақида ёзилган экан. Бу қарорни қўллашадими-йўқми, деб ўйлаб турган эдик. Орган ходимлари абитуриентларни синчиклаб текшириб аудиторияларга киритишди. Қарорни қўллашди - икки-уч кишини телефон билан тутиб олишипти, уларни йиғлаб ташқарига чиқариб юборишганини кўрдик", деди онахон.

"Шунинг учун ҳам бу йил умид қилиб турибмиз ҳақиқий билими бор болаларнинг ўқишга кириб кетишига", деди у.

"Пул билан ўқишга кириш" деган ибора ўзбек тилида қачон пайдо бўлган?

Ўзбекистонда бепул олий таълим тизимидан 1990 йиллар ўрталаридан воз кечилган, дастлаб жами талабаларнинг ярми давлат бюджетига, ярми контракт билан тўлаш тартибига ўтилган.

Шундан кейин йил сайин таҳсили давлат бюджетидан қопланадиган талабаларнинг сони камайтириб келинади.

2012 йилда жами талабаларнинг 34 фоизи - 19340 киши давлат грантларига, 66 фоизи ёки 37300 га яқин талаба тўлов-контракт асосида таҳсил олишади.

Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади, ҳали Шўролар давридан "пул билан ўқишга кириш" муаммоси кенг тарқалган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин давлат имтиҳонлари ўрнига тест синовлари жорий этилиши сабабларидан асосийси ҳам таниш-билишчилик ёки пора бериб ўқишга кириш олдини олишга қаратилган эди.

Бироқ соҳани ичидан яхши биладиган инсонларнинг айтишларича, тест тизимига ўтилганидан кейин "муаммо янада кучайган бўлса кучайган, камаймаган".

Ҳар йили 1 август куни бутун Ўзбекистон бўйича мобил телефонлардан sms-хабарлар юбориш хизматлари буткул тўхтатилиши ҳам олий ўқув юртларига киришдаги порахўрликни камайтира олмаган.

Ўзбекистонда юристликка ўқишга кириш энг қиммат ҳисобланади, унинг "нархи" 20-25 минг доллар, иқтисод йўналишидаги факультетлар учун 9-10 минг доллар тўланса бир студент жойи кафолатланиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ