Россия президенти бизнес-омбудсмани: МТСга репрессив чоралар қўлланмоқда

Image caption Ўзбек расмийлари "МТС-Уздунробита"га қўяётган молиявий зарар миқдори ҳам бир неча юз миллионлаб долларга ўсиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Алоқа ва информация агентлиги Хўжалик Судига "Уздунробита" ширкатини барча лицензияларидан маҳрум қилишни сўраб мурожаат қилган.

Айни пайтда Россиядаги Менеджерлар Ассоциацияси Ўзбекистонда муаммога дуч келган ёки келаётган россиялик ширкатлар раҳбарларини ўз бизнес ва ходимларини Ўзбекистон "ҳукуматининг ўзбошимчаликларидан муҳофаза қилиш учун бирлашиш"га чақириқ билан чиққан.

Россия президентининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Борис Титов "МТС-Уздунробита" атрофида юзага келган вазиятга ойдинлик киритишга ваъда берган.

Россиянинг МТС ширкати исми ошкор этилмаган Ўзбекистондаги таъсирли структураларни ширкат бизнесини тортиб олишга уринаётганликда айблаган.

Биз Россия Президенти Владимир Путин ҳузуридаги бизнес омбудсмани Борис Титовдан вазият қанчалик жиддий кўринади, деб сўрадик.

Борис Титов: Биз ўз текширувларимизни охиргача етказганимиз йўқ, шунинг учун хулоса чиқариш ҳали эрта, деб ўйлайман. Лекин юридик жиҳатдан гапирсак, вазият МТС ширкати учун жуда жиддий кўринади. Унинг фаолиятига мутлақ чек қўйилган, барча лицензиялари олиб қўйилган ва ширкат умуман ишламайди. Ўзбекистон расмийларининг ҳаракатлари туфайли мобил алоқалар соҳасидаги мамлакатдаги йирик ширкатлардан бири йўқ бўлиб кетиши хавфи остида, деб айтсак бўлади. Бундан ташқари, ҳибсда ушланиб турган ширкат ходимлари учун ҳам вазият жиддий. Мазкур шахслар ширкат менеджерлари, эгалари эмас, лекин бунга қарамай, улар ҳозирда қамоққа олинганлар.

Би-би-си: Ўз баёнотингизда сиз Ўзбекистон мулозимлари томонидан "Уздунробита"га нисбатан кўрилган чоралар бир неча саволларни туғдираётганини айтиб ўтдингиз. Бу қандай саволлар?

Борис Титов: Мен чораларни меъёридан ортиқ, деб таърифлаган бўлардим ва шу боис талайгина саволларга сабаб бўлмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон қонунларини бузган бўлишса, хусусан солиқлар соҳасида, айблов қўйилиши керак, лекин бу каби сондаги менеджерларни ҳибсга олиш, улардан баъзилари бошқа давлат фуқаролари эканликларини инобатга олмаслик, лицензияларни олиб қўйиш ва мамлакат бўйлаб мобил алоқасини узиб қўйиш - бу репрессив чора-тадбирларни англатади. Биринчи навбатда бу репрессиялар бизнес-муҳити яхши бўлган ва қонунлар ҳурмат қилинадиган давлат сиймосига мос келмайди. Иккинчи томондан, бу чоралар фақат солиқларни тўламаганликка бориб тақалаётгани шубҳаларни туғдирмоқда.

Би-би-си: Сиз чиқарган баёнотингиз Ўзбекистон иқтисодига сармоя ётқизишни кўзда тутган Россия сармоядорлари учун қандайдир огоҳдек бўлиши мумкинми?

Борис Титов: Ҳа, лекин нафақат россиялик тадбиркорларга, бу Ўзбекистон ҳокимияти учун ҳам огоҳ бўлиши мумкин. Чунки улар ўз обрўларига бундай ҳаракатлар билан путур етказмоқдалар. Бу каби чоралар билан сармоядорларни жалб этолмайсиз. Ва албаттаки, Россиядаги тадбиркорлар Ўзбекистонда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб, ўз сармояларини икки эмас, балки ўн марта ўйлаб, ётқизишади, деб ўйлайман. Лекин назаримда бу нафақат Россия, бошқа мамлакатлар ва жумладан Ғарб сармоядорларига ҳам тааллуқлидир.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда МТС билан давом этаётган можаро икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилиши мумкин?

Борис Титов: Мен фақат бизнес ва иқтисодиёт соҳаси учун маъсулман. Икки мамлакат орасидаги сиёсий ёки дипломатик муносабатлар билан шуғулланмайман. Шунинг учун бу ҳодиса икки мамакат алоқаларига қандай таъсир қилиши мумкин ёки бундан буён қандай ривожланиши мумкин, деган саволга жавоб беришга қийналаман. Бу икки томон ўртасидаги бизнес муносабатларига ижобий таъсир кўрсатмаслиги аниқ.

Би-би-си: Бу можарони тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайсизми, яъни халқаро маҳкамаларга мурожаат қилмасдан?

Борис Титов: Агар Ўзбекистон ҳокимияти МТС ходимларини қамоқдан озод этишга қарор қилса, цивилизацион тарзда ширкат билан нормал музокара олиб борса ва агар солиқ тўламаганликка оид баҳсларни ҳам очиқласа, барча айбловларни жиноий эмас, фуқаролар қонунлари остида кўриб чиқишса, ўйлайманки, тинч йўл билан можарога ечим топсак бўлади. Бундай можаролар нормал мулоқот йўлида ҳал этилиши керак.

Бу мавзуда батафсилроқ