'Гулҳаё Бобожонованинг 5 суткага қамалиши - танқидий мақоласи учун қасос'

Фото муаллифлик ҳуқуқи birdamlik.info

5 суткага қамалган "Бирдамлик" мухолифат ҳаракати фаоли Гулҳаё Бобожонованинг отаси Эргаш Бобожоновнинг Би-би-сига айтишича, фарғоналик амалдорларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида танқидий мақола ёзгани учун қизидан ана шу йўлда қасос олаяптилар.

"Бирлик" мухолифат ҳаракатининг кекса фаоли Эргаш Бобожоновнинг маълум қилишича, Фарғона шаҳрида яшайдиган Гулҳаё Бобожонова 8 август куни ўз иши билан йўлда кетаётган пайтда милиция участка нозирларидан бири унга судга бориши кераклигини айтади.

Гулҳаё ҳеч қандай маҳкамага чақирув қоғози олмаганини айтади, судга боришдан бош тортади.

Эргаш отанинг кейин хабар топишича, участка милиционери қизининг кўйлагидан тортиб, май ойида иши кўрилиши керак бўлган маҳкамага ғайриихтиёрий олиб боришга уринади.

Ниҳоят Гулҳаё Бобожоновани мажбуран судга олиб боришга эришилади, маҳкама "Бирдамлик" фаолини милиция участка нозирини ҳақоратлаганликда айбдор, деб топади ва 5 кеча-кундузга қамаш ҳақида қарор қабул қилади.

Гулҳаё Бобожонованинг қаерда эканини оиласи аъзолари тунги соат 11 ларгача ҳам билмаганлар.

Ниҳоят турмуш ўртоғи уни ярим тунда Фарғона шаҳридан 30 километр узоқликдаги Қува туман милицияхонасида топади.

Маълум бўлишича, маҳкама 5 кеча-кундузга қамаш ҳукмини чиқарганидан кейин Фарғона шаҳрида ҳибсхонада "жой йўқлиги" сабабидан фаол бошқа туманга олиб кетилган.

Отаси Эргаш Бобожоновнинг айтишича, шу пайтгача ҳам оиласи аъзоларига нима сабабдан 5 кунлик қамоқ жазоси тайинлангани ҳақидаги суд қарори берилмаган.

"Милиция участка нозирини ҳақорат қилгани учун деб айтишаяпти. Аслида бу қизимнинг ёзган мақолалари учун қасд олишаяпти", дейди Эргаш ота.

Унинг сўзларига кўра, "колхозларнинг юз минглаб чорва моллари", бошқа мол-мулклари талон-тарож қилиб юборилгани ҳақидаги ўзининг Ўзбекистон президенти, бошқа республика масъул идораларига ёзган шикоятларидан кейин ўзига ҳам тазйиқлар кучайган.

Бу мавзуда батафсилроқ