BBC navigation

Россия Ташқи ишлар вазири ўзбекистонлик ҳамкасби билан МТС масаласини муҳокама қилди

Сўнгги янгиланиш 14 август 2012 - 14:21 GMT

Россия Ташқа Ишлар Вазири МТС муаммосига ечим топилиши кераклигини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги веб-саҳифасида чоп этилган баёнотда айтилишича, 14 август куни мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловлар ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтган.

Баёнотда айтилишича, суҳбат мобайнида икки томонлама ҳамкорликнинг актуал масалалари, жумладан, "Мобильные телесистемы" ширкатининг Ўзбекистондаги бўлинмаси "Уздунробита" атрофидаги вазият муҳокама этилган.

Айтилишича, жаноб Лавров ушбу муаммо мушкул масалага айланганлигини таъкидлаб, икки томон учун ҳам мақбул ечимини иложи борича тезроқ ва ҳамкорликда топилиши лозимлигини билдирган.

Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги энг йирик таъминотчи МТС лицензиясининг мутлақо бекор қилиниши 9 миллиондан ортиқ мижознинг умидларини чипакка чиқарди.

Июл ойида МТСнинг ўз фаолиятида йўл қўйган қонунбузарликлари, дея лицензияси дастлаб вақтинча 10 кунга тўхтатилган пайтда аксар мижозлар бошқа мобил алоқа ширкатларининг хизматидан фойдаланиш йўлларини излай бошлагандилар.

Баъзи мижозларга кўра, МТС фаолиятининг тўхтатилиши туфайли бошқа ширкат хизматига кўчишга мажбур бўлиш асосий муаммо бўлмаган.

Йиллар мобайнида бир телефон рақамидан фойдаланиб, ундан тўсатдан мосуво бўлиш, шунингдек йиғилган бизнес ва дўст-у яқинлар контакт рақамларини йўқотиш энг катта муаммони туғдирмоқда.

МТСнинг собиқ мижози ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, ҳозирда ўзини қоронғу бир ўрмонга тушиб қолгандек ҳис қилмоқда.

"Мен МТС телефон рақамидан охирги 12 йилда фойдаланиб келгандим. Бир қоронғу ўрмонга кириб қолиб, қаердан чиқиб кетишни билмай қолган одамга ўхшаб қолдим. Мен қанчалар одамни қидиряпман, мени қанчалар одам қидиряпти!", дейди ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромовга кўра, мамлакат аҳолисининг учдан бири хизматидан фойдаланиб келган ширкатни бу қадар тўсатдан фаолиятини тўхтатиш давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан қилган жиноят билан баробардир.

Унинг айтишича, ҳозирги кунда мобил алоқа хизмати кундалик ҳаёт ва иш юритишнинг муҳим тамал тошларидан бирига айланган.

Ҳақиқатан ҳам, бутун бошли бизнеслари мобил телефонлар орқали мижозлар билан боғланиш ва иш юритишга асосланган ширкатларни топиш ҳозирда қийин эмас.

Тошкентдаги шахсий сартарошхоналардан бири соҳибасига кўра, МТС фаолияти тўхтатилган дастлабки кунларда мижозларининг деярли ҳаммасини йўқотган.

Сартарошхона бир неча кун давомида хизмат кўрсатиш вақтини белгилаш ва режалаш бўйича фалаж ҳолатга келган.

13 август куни Тошкент шаҳар хўжалик маҳкамаси Ўзбекистон Алоқа ва Ахборатлаштириш агентлиги аризаси бўйича МТСнинг мамлакатда фаолият юритиши учун берилган лицензиясини бутунлай бекор қилиш ҳукмини чиқарди.

МТС матбуот хизмати раҳбари Валерия Кузменконинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ҳозирда ширкат қонун бўйича белгиланган 10 кун мобайнида маҳкама ҳукмига қарши ариза бериш учун тегишли ҳужжатларни тайёрламоқда.

Ширкат матбуот котиби Ўзбекистон расмий идоралари ҳаркатларини МТС бизнесини "босиб олиш" уриниши, дея баҳолади.

"Ўзбекистон расмий идорлари томонидан бизнинг ширкатимизга қарши амалга оширилаётган ҳаракатлар, 2012 йил феврал ойида ўтказилган текширув натижалари ҳеч қандай қонунбузарликларни ошкор қилмаганлигига қарамай, охирги икки ой мобайнида қайта-қайта текширувлар ўтказилиб, бизга қарши асоссиз ва мантиқсиз айбловларнинг илгари сурилиши ва ходимларимизнинг ҳибсга олинишини бизнинг бизнесимизга Ўзбекистонда ўтказилаётган тазйиқ ва бизнесимизни босиб олиш уриниши сифатида баҳолаймиз", деди Валерия Кузменко.

Ўзбекистон расмийлари МТС ширкатини солиқларни тўламаслик ва берилган лицензия шартларини бузиш каби амалларда айбламоқдалар.

МТС Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизига хизмат кўрсатар эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.