BBC navigation

Санжар Умаров: Ўзбекистондан конкрет қадамлар талаб қилиниши керак

Сўнгги янгиланиш 15 август 2012 - 08:51 GMT

Санжар Умаров расмий Вашингтондан Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирган.

Ўзбекистонлик таниқли мухолифат фаоли ва собиқ сиёсий маҳкум Санжар Умаровнинг "Ўзбекистон яхшироғига лойиқ" номли мақоласи Американинг Los Angeles Times рўзномасида чоп этилган.

Мақола АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Ўзбекистонга сафари олдидан эълон қилинган.

Вашингтон Ўзбекистондан инсон ҳуқуқларини яхшилаш йўлида аниқ ва ўлчанган қадамларни ташлашни талаб қилиши керак, деб ёзади Санжар Умаров Los Angeles Times эълон қилган мақолада.

Санжар Умаров Андижон воқеаларидан сўнг ўзига нисбатан сохта айбловлар билан қамоққа олиниши, турмадаги руҳий ва жисмоний қийноқлар ҳақида эслайди.

"Биз уч маҳбус билан муздек хонада елкама-елка туриб бир-биримизни иситдик ва шу йўл билан тирик қолдик. Мен ўлим ёқасига келиб қолгандим. 2008 йилда менинг хотиним Индира билан учрашишга рухсат берилганда, қийноқлардан шу қадар ожиз бўлиб қолгандимки, хотинимни зўрға танидим".

Санжар Умаров ўзини 2009 йил Ўзбекистонга халқаро босимларнинг кучи, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳаракатлари орқали озод этилганини айтади. " Менинг омадим бор экан",- деб ёзади у мақолада,- бироқ минглаб маҳбуслар ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар ва зўравонликларга дуч келмоқдалар. Мамлакатимдаги миллионлаб одамлар оддийгина ҳуқуқларидан ҳам маҳрум ва доимий қўрқувда яшаб келмоқдалар".

Жаноб Умаров айни пайтда Американинг Ўзбекистонга муносабати халқаро кучларнинг Афғонистондан Шимолий таъминот йўли орқали олиб чиқилишига эришилиши ортидан юмшаганини таъкидлайди.

Январ ойида АҚШ Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий техника сотиш бўйича 2004 йилда киритилган чекловни бекор қилган эли.

Санжар Умаровнинг ёзишича, Каримов бундан буён Американинг инсон ҳуқуқларига амал қилиш талабларига жиддий қарашига ишонмайди.

Жаноб Умаровнинг таъкидлашича, Оқ Уй расмий Тошкентдан қамоқдаги ҳуқуқбонлар, журналистлар ва мухолифат фаолларини дарҳол озод этишни ва фуқаровий жамият гуруҳларига фаолият юритишга изн беришни талаб қилиши зарур.

"Ўзбекистон яхшироғига лойиқ" деб сарлавҳа қўйилган мақолада Санжар Умаров "агар бу шартлар бажарилмаса, Вашингтон Ўзбекистонга қарши кучли чораларни қўллашга доим тайёр туриши лозим, деб ёзади.

"Араб баҳори" воқелари менинг ҳам ватанимда бир кун келиб ҳамма нарса ўзгаришига умид уйғотади",- деб ёзади Санжар Умаров ўз мақоласида. -"Ўша кунлар келган пайтида ўзбек халқи Америка уларни узоқ йиллардан буён эзиб келаётган шахс билан эмас, балки улар билан бирга эканини билиши керак. Бу вазифа Тошкентга сафар қилган АҚШ ҳайъати зиммасига юкланган" дея мақоласини якунлайди Санжар Умаров.

2005 йилда "Серқуёш Ўзбекистоним" коалициясига асос солган Санжар Умаров ҳукуматни ҳамма соҳаларда ислоҳотлар ўтказишга чақириб келган.

2005 йил май ойида Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон ҳукуматидан мазкур ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга изн беришни талаб қилиб чиққан.

Кўп ўтмай молиявий жиноятларда айбланиб, 14.5 йилга озодликдан маҳрум этилади.

2009 йил ноябрида халқаро босимлар остида озод этилган Санжар Умаров оиласи билан бирга Қўшма Штатларда яшамоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.