BBC navigation

Тошкентда аҳолини рўйхатга олиш даромадли соҳага айланган

Сўнгги янгиланиш 22 август 2012 - 12:53 GMT

Пойтахтга иш излаб келувчи вилоятликлар яхшигина даромад манбаи ҳисобланади

Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик рўйхатдан ўтиш тўғрисида қонун ва йўриқномалар ишлаб чиқилган бўлса-да, фуқаролар пропискага ўтиш жараёнида муаммоларга дуч келишаётганини айтган.

Вазирлар маҳкамасининг қарори бўйича 5 кундан 6 ойгача бўлган вақтинчалик прописка учун маҳалла ҳудудида жойлашган милиция таянч пунктидан рўйхатдан ўтиш кифоя қилади. Бироқ ушбу ваколатнинг участка нозирларига топширилгани порахўрликнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

Тошкент вилояти туманларининг бирида яшовчи исми ўзгартирилган Шокир ўзи яшаб турган маҳаллада вақтинчалик пропискага бир неча ойдан бери ўтолмаяпти.

“Участка нозирининг олдига борсам, танишингизнинг уйига рўйхатга олмаймиз, фақат қариндошингиз бўлса қиламиз, деди. Яқинда биттасини зўрға қилдим, фақат бунинг ҳаражати бор, дейди. Ҳаражати бир кишига 100 минг сўм экан”, - дейди Шокир.

Пора беришни истамаган Шокир ўз танишлари орқали участка нозирининг ушбу қароридан раҳбариятга шикоят қилади. Раҳбар эса нозирни чақириб ушбу ҳаракати учун жазолайди.

“Ўшандан кейин бошлиғи чақириб урибди. Энди нима қиламиз десам, бўлмайди, дейди. Нимага десам, мана кўзимга қаранг, дейди. Чап кўзи кўкариб ётибди. Сизнинг бир оғиз шикоятингиз учун бошлиғим чақириб урди, деб айтди”, дейди Шокир.

Шокирнинг айтишича, маҳалладаги бошқа фуқаролар ҳам вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун участка нозирига айтилган пулни беришга тўғри келаётган экан.

Би-би-сининг суриштирув натижасида шу нарса маълум бўлдики, бу ҳолат бошқа туманларда ҳам рўй бермоқда. Айрим жойларда юз минг сўм, баъзи дойларда 73 минг сўм талаб қилинмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ишонч телефонидан жавоб берган масъул, янги қарор бўйича уйнинг эгаси розилик берса, вақтинчалик пропискага монелик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканлигини айтди.

“Вақтинчалик рўйхатда қўйиш мумкин, нимага бўлмас экан. Вақтинчалик прописка очилди-ку. 100 минг сўмни у қаердан олиб гапирган”, - дейди ишонч телефонига жавоб берган масъул.

2012 йилнинг феврал ойида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарор қабул қилинган.

Кейинчалик ушбу қарорни амалга ошириш тўғрисида май ойида йўриқнома ҳам ишлаб чиқилди.

Янги тартибга кўра, вақтинчалик яшаш бўйича рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатлар Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига эмас, балки келиб жойлашган ҳудуддаги милиция таянч пунктига топширилади.

Фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинчалик яшаш учун доимий пропискадан чиқармасдан 5 кундан 6 ой муддатгача рўйхатга қўйилади.

Ушбу ваколат туфайли милиция ходимларининг пора олаётганини таҳлил қилган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ҳуқуқ тартибот органлари орасида порахўрлик олдиндан мавжуд эканлигини айтади.

“Прописка даври уларга роса қўл келди. Ҳукумат пропискани участка нозирларига бериши таъмагирликка йўл очди. Бу янги жиноят эмас, бошқа кўринишларда аввалдан маълум бўлган”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқбон ҳукумат коррупция билан курашиши учун ҳаракат қилаётган бўлса-да, бу каби таъмагирликларнинг олдини олишга ожиз қолаётганини таъкидлайди. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг йўқлиги мана шундай таъмагирликнинг ошиб кетишига сабаб бўлаяпти.

Абдураҳмон Ташанов таъмагирлик ҳолати юзага келганда ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкинлигини айтади. Бироқ ташкил қилинган ишонч телефонлари ҳам оммавий равишда муаммони ҳал қила олмаслиги мумкин.

“10 та касал бўладиган бўлса, битта дўхтир даволаши мумкин. Бироқ 100 та бўлса уни даволашга кучи етмайди. Ҳудди шу каби Ўзбекистон жамияти шунақа ҳолатда. Таъмагирлик, коррупция шу даражадаки ҳукуматнинг ўзи буни йўқ қилишга кучи етмайди. Сўз эркинлиги ўрнатилиб, давлат бошқарувчи қайтадан ислоҳ қилиниб, конституциявий реформалар қилиш керак”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.