BBC navigation

'АҚШ Ўзбекистонда йирик ҳарбий марказ очади'

Сўнгги янгиланиш 23 август 2012 - 14:22 GMT

АҚШ-Ўзбекистон алоқалари яна илимоқда

"Коммерсант" нашри Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги сўнгги музокараларни ўрганиб, яқин орада Ўзбекистонда АҚШнинг йирик ҳарбий маркази очилиши ҳақида хабар бермоқда.

Ушбу марказ минтақада энг йириги бўлади.

Илгарироқ, Ўзбекистон раҳбарияти ўз ҳудудида ҳеч бир хорижий давлат ҳарбий базаси бўлмаслигини эълон қилганди.

Шу боис янги марказ ҳарбий базалардан қандай фарқ қилиши мумкинлиги ва унинг фаолияти ҳамда ҳарбий ваколати нималардан иборат бўлиши аниқ эмас.

Бироқ бош эътибор Афғонистон ҳамда Марказий Осиёда тинчликни сақлашга қаратилиши айтилмоқда.

Янги марказ Ўзбекистоннинг қаерида очилиши маълум эмас. 2005 йилги Андижон хунрезлиги ортидан Ўзбек ҳукумати Қарши яқинидаги "Хонобод" базасидаги АҚШ ҳарбийларини чиқариб юборган эди.

Аммо Сурхондарёдаги аксар олмонлар фойдаланаётган "Кўкайди" базаси ҳеч қачон фаолиятини тўхтатмаган.

Бугун эса Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобиль йўлига эга Ўзбекистон Афғонистондаги НАТО кучлари чиқиб кетганидан кейин ҳам муҳим мамлакат бўлиб қолиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати "Коммерсант" нашрида "Марказий Осиёни базалар бўйича бўлишмоқда" сарлавҳали мақола муаллифларидан бири Елена Черненкони суҳбатга тортиб, аввало, хорижий ҳарбий база очилишига Ўзбекистон йўл қўймаслигини айтаётган бир пайтда, АҚШ ҳарбий маркази очилиши ҳақидаги хабарлар қанчалик тасдиғини топган, деб сўради.

Елена Черненко: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбаларимизга кўра, бу мавзуда музокаралар бошланиб кетган. АҚШнинг сиёсий ва ҳарбий мулозимлари билан ўтган сўнгги учта учрашувда Ўзбекистон тарафи мазкур масалани мубояса этган. Яқинда Роберт Блейк Ўзбекистонга келди. Келаси ойлар ичида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентга келади ва айни масала юзасидан якуний музокаралар кечиши мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари ортидан Қаршидаги АҚШ ҳарбийларини чиқариб юборганди. Яъни ишончлилик нуқтаи назаридан олганда, Вашингтон нега ҳарбий марказ очиш учун яна Ўзбекистонни танлаяпти?

Елена Черненко: Аввало, Америка кучлари Афғонистондан чиқиб кетишмоқда ва бу ўринда шимолий йўлак сифатида Ўзбекистон энг муҳим давлатдир. Ўзбекистонсиз бу йўлак иш бермайди. Чунки Афғонистондаги ягона темир йўл Ўзбекистондан ўтади. 2014 йили НАТО кучлари чиқиб кетгач, минтақада вазият ёмонлашиб кетмаслиги учун ҳам Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини Америка тушуниб турибди. Шу боис Вашингтон Тошкент билан муросага бораётган кўринади.

Би-би-си: Ҳали яқинда ҳам Президент Каримов Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий база очилмаслиги ҳақида айтган эди. Ҳозир айтилаётган йирик ҳарбий марказ очилса, у ҳарбий базадан қандай фарқ қилиши мумкин? Яъни ҳарбий марказ қанақа бўлади?

Елена Черненко: Бу ерда терминологик фарқлар бор. Дарҳақиқат, Президент Каримов бу борада айтган ва айни мавқени Ўзбекистон парламенти ҳам тасдиқлаган. АҚШ вакиллари ҳам Ўзбекистонда узоқ муддатли ҳарбий база очмаймиз, дейишган. Лекин кузатувчиларга кўра, унинг номи ҳарбий база бўлмайди ва балки тезкор ҳаракат маркази, деб аталади. Бу ном ўзгариши ҳам мумкин, лекин фақат "база" деган сўз ишлатилмайди. Бўлмаса, Ўзбекистондаги бу марказда ҳам барибир Америка ҳарбийлари ва қуроллари бўлади. Мазкур марказ фақат Афғонистонга яқин жойда, доимо тайёр туриш учун муҳим, дейилмоқда. Улар ушбу база Россия ва ё Хитойга қарши эмас, балки фақат минтақада бирон низо чиқмаслиги учун очилмоқда, дейдилар.

Би-би-си: Мана қўшни Қирғизистонда Россия базаси бор. У ердаги Америка базасига қарашлар эса анчайин адоватли. Энди агар Вашингтон Ўзбекистонда бу каби йирик ҳарбий марказ очса, унда марказий Осиёдаги сиёсий вазият таранглашиб кетмайдими?

Елена Черненко: Менимча, янги марказ ростдан ҳам вазиятни таранглаштиради. Чунки мана ҳали фақат музокаралар кечаётган бир паллада ҳам Россияда айни марказ очилиши режасига қарши адоватли қарашлар юзага келмоқда. Москва учун Қирғизистонда ягона ва мажмуий бир ҳарбий база очиш, Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий иштирокини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис биқинида АҚШ байроғи ҳилпираб турган бошқа бир ҳарбий марказ очилиши Кремлга хуш ёқмаслиги аниқ. Яқин йилларда Марказий Осиё зиддиятлар кучаяди, дейишни истмасдим. Аммо минтақада рақобатлар кесишаётган кўринади.

Би-би-си: Агар бу каби танглик юзага келса, нега унда Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳудудида ушбу марказни очишга рози бўлиши мумкин? Яъни Ўзбекистон бундан фойда кўради?

Елена Черненко: Ушбу масалада аниқ гап айтиш қийин. Чунки айни ҳамкорлик қандай шартлар асосида кечишини билмаймиз. Аниқ бўлгани - Афғонистондан олиб чиқиладиган ҳарбий-техника ва бошқа жиҳозларнинг жуда катта қисмини Ўзбекистон олади. Чунки АҚШ бу ҳарбий техникани минтақада қолдиришни истайди. Яъни Афғонитсондами ва ё Марказий Осиёнинг бошқа жойидами бирон низо чиқса ва ё вазият ёмонлашса, ана шу ҳарбий техникани ишга солиш мумкин. Бу эса Ўзбекистон ҳукумати учун жуда манфаатли. Менимча, айни ҳамкорлик Ўзбекистон ҳукуматининг мавқеини ҳам кучайтиради.

Би-би-си: Ҳарбий марказ очиш ва ҳамкорликни кучайтириш олдидан АҚШ тарафи Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари ва демократияга оид аҳволни яхшилашни талаб қилганми?

Елена Черненко: Биз Нью Йоркда ҳам бу саволнинг ҳуқуқий жиҳатларни ўргандик. Чунки жорий йил бошида АҚШ тарафи Ўзбекистонни ҳарбий ёрдам кўрсатиб бўлмайдиган давлатлар рўйхатидан чиқарди. Шу асосда ҳозиргидек ҳарбий ҳамкорлик имкони юзага келган. Яъни Ўзбекистонга энди ҳарбий кўмак кўрсатиш мумкин. Лекин Ўзбек ҳукумати билан бу каби ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини яхшилаш йўлида аниқ қадамлар қўяди, деб АҚШ Президенти маъмурияти оталиққа олиши талаб қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.