BBC navigation

Одил Аҳмедов: 'Тез орада яна сафга қайтаман'

Сўнгги янгиланиш 24 август 2012 - 07:50 GMT

Куни-кеча Олмониянинг Мюнхен шаҳрида оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказган ўзбекистонлик футбол юлдузи Одил Аҳмедовнинг биз билан суҳбатида айтишича, тез орада яна сафга қайтади.

Одилнинг сўзларига кўра, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган ва ўзини кеча синовдан ўтказган олмониялик шифокорлар жароҳатнинг қандай битаётганидан ҳам мамнунлик изҳор этишган.

Ўзбекистонлик футбол юлдузи ортга қайтиб, энди қолган муолажаларни Россияда олиш истагида эканини ҳам айтмоқда.

Одил Аҳмедов ўзи бир неча йилдан буён тўп суриб келаётган Россиянинг "Анжи" клуби сафида шу ой бошида Голландиянинг "Витесс" клубига қарши Оврўпо Лигасининг саралаш босқич учрашуви чоғида оёғидан жароҳат олганди.

Жароҳати сабаб, Одил Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларига тайёргарлик доирасида яқинда Иорданияга қарши ўтказган икки ўртоқлик учрашуви ҳам иштирок эта олмаганди.

Ўзбекистонлик футбол юлдузининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, терма жамоанинг Жанубий Кореяга қарши шу йилнинг 11 сентябр кунига режаланган ўйинида ҳам майдонга туша олмайди.

Аммо Одил Аҳмедов бўлажак муҳим учрашувда жамоадошларига омад ва ғалаба тилаб қолишини айтади.

Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасида жанубий кореялик рақибларини мағлуб этиш учун ишонч ҳам, имконият ҳам бор.

"Ҳеч бирларининг жароҳат олмасдан, уч очкони қўлга киритишларига тилакдошман", дейди Олмониядан туриб ўзбекистонлик футбол юлдузи:

Икки карра "Ўзбекистоннинг энг қойилмақом футболчиси" Одил Аҳмедов ўзи тўп сураётган "Анжи" клубида ҳам ўтган мавсумда "зўрларнинг зўри", деб топилган.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдирган.

Сўнгги йилларда жаҳоннинг олд футболчиларини сотиб олишга зўр бераётган клуб ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси юлдузи Одил Аҳмедов билан ҳам расман тўрт йилга шартнома имзолаганди.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, ўзбекистонлик футболчилар 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқич саралаш беллашувларида иштирок этишмоқда.

Ўзбекистон шу босқичга қадар етиб келган ягона Марказий Осиё жамоасидир.

Жорий босқичда Осиё қитъасидан бўлган 10 нафар жамоа икки гуруҳга бўлиниб, 4.5 та йўлланма учун кураш олиб боришмоқда.

Уларнинг орасида тўрт карра Осиё чемпиони Япония ҳам бор.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон ва Ливанга қарши ўтказган бундан аввалги икки учрашувини бир мағлубият ва бир дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Ўзбекистонлик футболчиларга ҳалича Жаҳон биринчилигининг финал босқичига чиқиш насиб этмаган ва улар бунинг учун ҳеч қачон ҳозиргидек яхши имкониятга эга бўлишмаган.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда тинглаш учун плейерни ўйнанг.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.