BBC navigation

Ўзбек аёл Малайзияда ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 25 август 2012 - 14:39 GMT

Малайзия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, саккиз Эрон фуқароси бўлган эркак ва бир ўзбекистонлик аёлга мамлакатга гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб кириш айблови қўйилган.

Малайзия қонунчилигида ноқонуний наркотик траффиги учун ўлим жазоси кўзда тутилган.

Полиция икки ҳафта илгари бир неча рейд ўтказган, бу рейдлар чоғида хорижликлар ҳибсга олинган.

Дастлаб тўрт Эрон фуқароси бўлган эркак қўлга олинган.

Малайзия матбуотининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, эронликлар яшаган квартиранинг ошхонасида 134 килограммдан ортиқ метамфетамин моддаси топилган.

9 август куни яна бир хонадонда тинтув ўтказилган, унда 50 килограммдан ортиқ метамфетамин наркотик моддаси топилган.

Бу хонадондаги тинтув натижасида икки эронлик, бир келиб чиқиши марказий осиёлик эркак ва бир аёлга икки айблов қўйилган.

Малайзия матбуоти аёлнинг Ўзбекистон фуқароси экани, у 38 ёшли исми Ёрқиной экани ҳақидаги хабарларни тарқатмоқда.

Малайзия Олий маҳкамаси қўлга олинган барча хориж фуқароларига расман мамлакатга ноқонуний гиёҳванд моддани олиб кириш айбловини қўйган.

Айблов эронлик ва ўзбекистонлик аёл иштирокида инглиз тилида уларнинг ўзига ўқиб эшиттирилган.

Маҳкамага Эрон консули ҳам таклиф этилган.

Малайзия матбуоти айблов қўйилган шахслар орасидан фақат ўзбекистонлик аёл ўзига қўйилган айблов мазмунини тушуниб етганини билдиргани ҳақида хабар қилган.

Малайзия қонунчилигида наркотик траффиги учун фақат бир жазо - ўлим жазоси кўзда тутилган.

Малайзияга 15 грамм героин, ёки 200 грамм бошқа турдаги тақиқланган гиёҳванд моддани олиб кириш айблови қўйилган шахс наркотик траффикчиси деб кўрилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.