BBC navigation

Девид ва Сю Ричардсон: "Қорақалпоғистон кейинги Абу Даби ё Дубайга айланиши мумкин".

Сўнгги янгиланиш 27 август 2012 - 10:02 GMT

"Орол ҳавзасининг қорақалпоқлари" китоби авваллари чоп қилинмаган суратлар ва маълумотни ўз ичига олади.

Би-би-си меҳмони - Қорақалпоғистон бўйича тадқиқотчилар Девид ва Сю Ричардсонлар.

Британиялик эр-хотин тадқиқотчилар шу кунларда "Орол ҳавзасининг қорақалпоқлари" номли йирик китобни нашрдан чиқардилар.

Китоб қорақалпоқлар ҳақидаги инглиз тилида чоп этилган ягона тарихий ишдир. Ранг-баранг суратларга бой китоб қорақалпоқларнинг келиб чиқиши, урф-одатлари ва санъати ҳақида ҳикоя қилади.

Девид ва Сю Ричардсонлар 14 йил давомида қорақалпоқлар ҳаётини ўргандилар.

Девид ва Сю Ричардсонлар Қорақалпоғистонга илк бора 1996 йилда борганлар.

Улар қорақалпоқларни 14 йил давомида тадқиқ қилиб, Орол ҳавзасига тез-тез сафар қилишган ва маҳаллий олимлар, археологлар ва музей кураторлари билан ҳамкорлик қилганлар.

Бу 14 йил давомида икковлон қорақалпоқлар ҳақида ёзилган деярли барча илмий ишларни йиғиб чиқдилар. Уларнинг коллекциясига ҳатто Орол ҳавзасига сафар қилган ҳар бир ёзувчининг кундаликлари ҳам киради.

Девид ва Сю Ричардсонларга кўра, қорақалпоқлар Марказий Осиёдан чиққан энг сирли ва жозибали халқлардан биридир.

"Асрлар оша уларнинг келиб чиқиши ва тарихи, ҳамда уларнинг моддий маданияти кўплар учун жумбоқ бўлиб келган. Масалан, уларнинг матолари ва тўқимачилик санъатини кўплар тушунмайди ва бошқа халқларники деб ўйлайдилар", - дейишади муаллифлар.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши ортидан Қорақалпоғистон тили ўз аҳамиятини йўқота бошлагани айтилади. Давлат муассасаларида қорақалпоқ тилида иш юритиш рағбатлантирилмайди.

Бугунда қорақалпоқлар яшовчи Орол ҳавзаси ер юзида инсон қўли билан яратилган энг даҳшатли табиий офатнинг марказидадир.

Китоб ўтган икки аср давомида олинган суратлар билан бойитилган

"Орол денгизи қуриб борар экан, қорақалпоқлар юртининг шимолини қумлик ишғол қилиб олган, ишсизлик кенг тарқалган, жуда кўп одамлар касал. Сайёҳлар учун асосий иншоот бу 1960 йилларда Орол денгизининг туби бўлган қумликда занглаб ётган кемаларнинг қабристони. Шунинг учун ҳам бугун яна бир қорақалпоқларнинг тарихи ва бир вақтлар гуллаб-яшнаган маданиятини қайта ҳикоя қилиш вақти келди", - дейди муаллифлар.

Девид ва Сю Ричардсонлар шу кунларда АҚШ бўйлаб лекция сафарига чиқиш арафасидалар. Улар қорақалпоқлар ўтмиш ва маданияти ҳақида Чикаго, Сиэттл, Сан Франциско, Лос Анжелес, Бостон, Вашингтон ва бошқа шаҳарларда илмий чиқишлар қилишлари режаланган.

Лекциялар жадвали билан www.qaraqalpaq.com сайтида таниша оласиз.

Девид ва Сю Ричардсонлар саволларингизга жавоб берди.

Жаноб Девид агар текширган бўлсангиз Қорақолпоқлар тарихан яшаган жойлар орол денгизи бўйлари бўлган ва ўша ерлар ҳам Хива Хонлигига қарашли ҳисобланган. Аммо, Қорақалпоқни бугунги ҳудуди СССР даврида тузилиб, асосан ўзбеклар яшайдиган жанубий районлар Қорақалпоғистон Республикаси таркибига киритилган. Бу келажакда нохуш воқеъалар келтириб чиқариши мумкин бўлган катта тарихий хато деб биласизми?!
Муҳаммадсолиҳ

Девид Ричардсон: Бу ерлар Хивага тегишли ерлар бўлмаган, чунки Хоразм давлати чегаралари ҳар доим ўзгариб турган. Чегаралар дарёнинг йўналишига қараб ўзгариб турган. 1500 йилларда бугун қорақалпоқлар яшайдиган ерлар саҳро бўлган. 1600 йиллар ўрталарида дарё ўз йўналишини ўзгартирганида, бу ҳудуд ҳам ўзгара бошлаган. Орол деган ном ана шу ердан чиққан. Орол деб номланишига сабаб, бу ҳудуд сув ва ботқоқликлар орасидаги орол бўлган. Қорақалпоқлар ва ўзбек қабилалар бу оролга кўчиб ўтганлар. Хоразм ва шимолий Орол ҳавзаси ўртасида чегара мавжуд бўлган. Хива хони 1810 йил декабрида ниҳоят бу ерларни ишғол қилганида, у ерлар Хива Хонлиги таркибига кирган. Қорақалпоқлар қозоқлар томонидан сиқиб чиқарилгач, бу оролга кўчишган. Аслида улар Сирдарё қирғоқларида яшаганлар. Қабилалар орасидаги рақобат ва чорвачилик учун зарур ерлар устида чиққан тўқнашувлар уларни аввал ҳеч ким яшамаган Орол ҳудудига етаклаган. У даврда фуқаролар уруши кетаётганди, қўнғиротлар манғитларга қарши курашаётганди ва бир қатор исёнчи ўзбеклар урушдан қочиб шу ҳудудга жойлашганлар. Кўплаб манғитлар Орол ҳавзасида яшай бошлаган. Қорақалпоқлар эса ўзлари англамаган ҳолда шу фуқаролар уруши орасига тушиб қолганлар. Хива қўнғиротлари қорақалпоқ қўнғиротлари билан тил бириктиришга уринганлар ва ўзлари томонларига оғдиришга интилганлар. Ва бора-бора қорақалпоқларнинг мавқеи сусайгач, уларни 1810 йилда Хива хони босиб олган.

Қорақалпоғистон ҳақида шундай ажойиб китоб нашр қилинганидан жуда ҳурсандман. Қорақалпоқлар, уларнинг санъати ва маданиятига қизиқиш сизда қандай пайдо бўлди? Британияда ҳам бу ҳақида лекциялар берасизми? Агар берсангиз, илтимос, қаерда ўтишини хабар қилинг.
Гулсара Дўстова, Ноттингем, Британия

Сю Ричардсон: Биз кўп йиллар давомида бутун дунёдан матоларни йиғишга қизиққанмиз. 1996 йилда биз кичик бир гуруҳ таркибида Ўзбекистон ва Туркманистонга сафар қилдик. Бутун сафар даҳшатли бир сафар бўлди десам адашмайман. Кўп нарсани кўролмадик. Қорақалпоғистонга борганимизда Нукусдаги музейга куя тушганди, шунинг учун барча экспонатлар яшириб қўйилганди. Париждаги Лувр музейи мутахассислари у ердаги коллекцияни сақлаб қолишга уринаётгандилар. Биз матоларни кўра олмаганимиздан норози бўлиб, яна қайтиб келишга қарор қилдик. Уч йил ўтиб қайтиб борганимизда, авваллари ҳеч қаерда кўринмаган ажойиб матоларни кўрдик. Улар ҳақида маълумот йиғишга уринганимизда, инглиз тилида ҳеч қандай маълумот йўқлигига гувоҳ бўлдик. Ўзимиз тадқиқотни бошладик, ва ҳар йили камида бир ойни Қорақалпоғистонда ўтказдик. Маҳаллий гид ёрдамида у ердаги музейлар билан алоқалар ўрнатдик ва Орол ҳавзаси бўйлаб саёҳатлар қилдик. Қанча кўп борган бўлсак, шунча кўп ўргангимиз келди.

Би-би-си: Китобингизда ўтмишда тадқиқотчилар Қорақалпоғистонни ўта зерикарли ва қўшниларига қараганда кўримсиз деб тасвирлаганини ёзгансиз. Лекин, сиз учун бу халқ жуда қизиқ туйилган, шундайми?

Сю Ричардсон: Бизнинг асосий қизиқишимиз ҳар доим мато бўлган. Биз қатор мато уюшмаларига аъзомиз ва матолар ҳақида юзлаб китобларга эгамиз. Одамлар асосан туркман матоларига қизиқадилар, ёки ўзбек сўзаналари ва атласини яхши кўрадилар. Улар жаҳонга машҳурлар ва бу албатта уларга лойиқ баҳо. Кўплар қорақалпоқ санъатини умуман билмайди. Лекин, бир бориб кўргач, улар ҳайратга тушадилар. Биз ўз китобимиз билан бу матолар нақадар ажойиб эканини ўз кўзлари билан кўришларини истаймиз. Қорақалпоқларнинг гилам тўқиш усули туркманларникидек майин ва ривожланган эмас, лекин мотивлари жуда гўзал. Лекцияларимизга келсак, бу йил Британияда фақат битта лекция ўқидик, у ўтган чоршанба куни Оксфордда бўлиб ўтди. Келаси йил Манчестерда битта лекция ўқишимизни сўрашди. Лекин, Гулсара Ноттингемдан экан. Тасодифга қаранг, биз ҳам Ноттингемда яшаймиз. Агар Гулсарага боғланишга ёрдам берсангиз, биз унга бажонидил юзма-юз лекция берамиз.

Муҳтарам Девид ва Сю жаноблари! Агарда Қорақалпоғистон Ўзбекистондан ажраб мустақилликка эришиб, алоҳида суверен давлат бўлса, бунданда тараққиёт чўққиларини забт этиши мумкинми?
Одилжон Махдумий, Ўш, Қирғизистон

Девид Ричардсон: Буни айтиш қийин. Ўтмишда у ҳатто ўз оёғида тик туради деб айтиш қийин бўлган. Чунки у жуда кичик давлат, ва асосан қумликдан ташкил топган. Жуғрофий жиҳатдан у Ўзбекистон ҳудудининг деярли 40 фоизини эгаллайди, лекин аҳолиси жуда кичик. Лекин, ҳозирда Устюрт платосида ва Орол тубида газ заҳиралари топилган экан, унинг жуда бой ҳудуд бўлиш истиқболи бор. Ким билсин, назарий жиҳатдан, у кичик Абу Даби ё Дубайга айланиши мумкин. Лекин, бугунги вазиятда бунинг юз бериш эҳтимоли жуда кам.

Би-би-си: Бугунги вазият деганда нимани назарда тутаяпсиз? Нима тўсқинлик қилади унинг кичик Дубайга айланишига?

Девид Ричардсон: Одамлар баъзида Қорақалпоғистонни айри бир республика деб ўйлайдилар, чунки унинг мухторлик мақоми бор. Аммо, воқеъликка қаралса, у Ўзбекистоннинг бир вилояти, холос. Бошқа вилоятлардан фарқи шуки, унинг ўз парламенти бор. Бироқ, асосий қарорлар Тошкентда олинади. Тошкент, албатта, бу каби йирик бойликка эга ҳудудни ўз қўли остида сақлашни истайди. Бухоро яқинида газ майдонлари бор, лекин Қорақалпоғистондаги заҳиралар янги ва ҳали ҳам тадқиқ қилинмоқда.

Бебаҳо тадқиқотингиз учун раҳмат. Менинг саволим шуки, қорақалпоқлар Ўзбекистондан мустақил чиқишни истайдиларми? Ёки Қозоғистонга қўшилишни? Қозоғистондан Ўзбекистондан кўра яхшироқ ривожланган. Ундан ташқари, қорақалпоқлар маданияти қозоқларникига яқинроқ.
Бегзод, Тошкент, Ўзбекистон

Девид Ричардсон: Мен Қорақалпоғистонда уюшган мустақиллик ҳаракати бор деб ўйламайман. Шубҳасиз, Ўзбекистондан мустақил бўлиш фикрига эга одамлар бор. Менимча, асосий муаммо шуки, Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг энг қашшоқ вилояти. Шундай экан, у ерда ҳаётдан нолиш ҳисси кенг тарқалган. Бу нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Энг йирик муаммо бу ишсизлик. Икки йил аввал Чегара билмас шифокорлар ишсизлик ва нотўлиқ ишга ёллаш Қорақалпоғистонда 70 фоиз эканини аниқлади. Бизнинг Нукусдаги дўстларимиз яшайдиган бир кўчада ишга лойиқ эркакларнинг 80 фоизи бошқа мамлакатда, хусусан Қозоғистонда ишлайдилар. Чунки Қозоғистон либералроқ ва пешқадам иқтисодиётган эга. Менимча, бу каби муҳитда турлича фикрлар қайнаб чиқиши мумкин. Мен билганим, яқинда интернетда бу ҳақида қизғин баҳслар кечди. Лекин, бу баҳслар қандайдир йирик миллий ҳаракат борлигидан дарак беради ёки мустақиллик асос бор деган фикрга исбот эмас. Оддий одамлар мустақиллик фикридан кўра, ўз қоринларини қандай тўйдиришни кўпроқ ўйлашади.

Сю Ричардсон: Биз сиёсий саволлар сўрамаймиз. Энг асосий қизиқишимиз бу маданият. Қорақалпоқлар уйларига таклиф қилинганимизда, мезбонларимиздан ўтмиш ҳақида ёки маълум бир маданий мавзу ҳақида сўраймиз. Сиёсий баҳслар олиб бормаганмиз. Балки, улар ҳам биз билан бу каби мавзу ҳақида суҳбатлашишни истамаслар.

Би-би-си: Қорақалпоқ маданияти, сизнингча, таҳдид остидами? Агар кўп ёшлар бошқа мамлакатларга иш излаб кетган бўлса, бу миллий саноат ривожига таъсир қилса керак?

Сю Ричардсон: Ҳа, кўп миллий ҳунар турлари йўқолиб кетган. Омон қолганларини ноҳукумат ташкилотлар қўллаб-қувватлайди. Масалан, "Оролнинг олтин меъроси" деган ташкилот яхши иш олиб боради. Бу ташкилот лойиҳасига биноан, масалан, Мўйноқ аҳолиси каштачилик билан шуғулланаяпти, жуда юқори сифатли маҳсулотларини Тошкентдаги ва бошқа жойлардаги дўконларга сотишаяпти. Лекин, масалан, ўтов ясаш каби ҳунарлар йўқ бўлиб кетаяпти, чунки бизнинг давримизда кўп одамлар ўтовда яшашни исташмайди. Охирги марта ўтовлар ясалаётганини кўрганимизда, улар Тошкентдаги тунги клуб ва барлар учун бешта ўтовни ясаётганларига гувоҳ бўлдик. Бироқ, чет мамлакатларда, Оврўпо ва АҚШда ўтовга жуда қизиқадилар, америкаликлар бизга мактуб йўллаб, ўтовни қаердан сотиб олишни сўрашаяпти. Ўзим ҳам жон деб битта ўтов сотиб олардим, лекин уни Қорақалпоғистонда олиб чиқиш осон эмас. Ундай ташқари, бизда кўп ёмғир ёғади. Бир марта жуда ғалати воқеа бўлганди, бизни бир мезбонимиз ўтовига таклиф қилди. У ерга электр қуввати ўтказилганди ва биз унинг ичида ўтириб Швейцария жамоасининг ким биландир ўйнаган футбол матчини томоша қилдик.

Девид Ричардсон: Бир ажойиб жойи шуки, Қорақалпоғистонликлар ҳали ҳам ёз ойларида ўтовларини қуриб, бутун оилалари билан шу ўтовларда ухлайдилар. Бу сайёҳлар учун қилинмайди, балки оилаларнинг ўзлари учун. Жазирама иссиқ бўлганда, ўтов салқингина бўлади. Ош пишириб, дўстлар билан меҳмондўзлик қилишга ҳам зўр мос келади. Афсуски, ўтовларнинг куни саноқли қолган, бир неча йилдан сўнг бундай манзарага гувоҳ бўлишингизга шубҳа қиламан. Агар сайёҳлар Қорақалпоғистонга боришни ўйлаб туришган бўлса, бугун боришларини тавсия қилган бўлардим.

Ҳурматли Девид ва Сю Ричардсон, Қорақалпоғистонда суви ва ҳавоси жуда ёмон, кўп чет элликлар уёқда турсин, ўзбекистонликлар ҳам касал бўлишади. Сизлар борганингизда нима еб ичдингиз? Қорақалпоғистоннинг миллий таоми нима?
Шариф Шарифий, Тошкент, Ўзбекистон

Сю Ричардсон: 1996 йилги машъум илк сафаримизда биз ўта ёмон "Тошкент" меҳмонхонасида турдик. Девид, гуруҳимизда қатор бошқа одамлар билан бир қаторда, ўта даҳшатли ич оғриғини бошидан кечирди. Бу биз учун энг оғриқли ҳол бўлганди. Лекин, кейинги сафарларимизда биз асосан маҳаллий оилалар уйларида яшадик ва уйда пиширилган овқатларни едик. Биз манти, чучвара, лағмон, паловни жуда яхши кўрамиз. Бозорларда ажойиб салатларни сотишади, ҳар сафар ҳавзага чиқиб кетишдан аввал бозорга бориб, помидор, бодринг, нон ва пишлоқларни сотиб оламиз. Каналнинг бўйига ўтириб овқатланамиз, ва кимдир уйидан чиқиб бизга уйида тайёрланган қатиқ беради ё яна қандайдир овқат. Олчаларнинг бундай ширини ҳеч қаерда емаганман, агар уларни Британияда сотишда, албатта сотиб олган бўлардим.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.