BBC navigation

Ўзбекистонда машиналар савдоси долларнинг нархини туширган

Сўнгги янгиланиш 27 август 2012 - 13:35 GMT

Ўзбекистондаги автосалон эгалари савдода машиналар йўқлигини эълон қилишган

Ўзбекистондаги "қора бозор"да Америка долларининг қиймати арзонлагани кузатилган.

1 ҳафтача олдин қора бозорда 1 АҚШ доллари 2830 сўмга сотилган бўлса, у 2680 сўмга тушган.

Бунинг сабаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг шу пайтгача бўлиб келгани долларда эмас, Ўзбек сўмига сотишга қарор қилинганидадир.

Ўзбекистон қонунларига биноан, мамлакатда тўловлар миллий валютада амалга оширилиши керак.

Бироқ Ўзбекистондаги автомобил ишлаб чиқариш тизими ҳам, бу автомобилларни қаерда қанчага сотилиши ҳам шаффоф эмас, ўзбек автомобилларини нега тўсатдан сўмга сотишга қарор қилинганини ҳам ўзбек расмийлари изоҳламаганлар.

Биз бугун суҳбатлашган Тошкентдаги бир неча иқтисодчи, журналист ва таҳлилчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон мустақиллиги байрами арафасида нақд пул керак бўлган, ана шу нақд пулни аҳолидан йиғиб олиш мақсадида GM-Uzbekistan автомобил ишлаб чиқариш заводининг автосалонларини ишга солишга қарор қилинган.

Одатда автосалонлар Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган автомобилларни хориж валютасида сотишади, аҳоли қўлидаги нақд сўмни жалб қилиш учун "автомобиллар долларда эмас, сўмда сотилади, сотиб олмоқчи бўлган одамлар автосалонга мурожаат қилишсин", дея эълон қилишган.

Ўтган ҳафта автохаридорлар автосалонларга ёпирилишгани, кейин охир-оқибат машина сотувчилар ҳозир савдода автомобил йўқлигини эълон қилишга мажбур бўлганлари ҳақида хабарлар тарқалди, афтидан юқоридаги раҳбарлар чамалаган миқдордаги нақд пулни жамлашга эришилган.

Хўш, бу нақд пулни нималарга сарфлаш мўлжалланаяпти деган савол туғилади.

Кузатувчилар фикрича, бугун давлат ғазнаси бўшаб қолган, мустақиллик байрами тантаналарини ўтказиш учун, байрам кунлари одамлар кайфиятини кўтариш мақсадида давлат идора-ташкилотлари ходимларига маошларини тўлаш, пенсия ва бошқа социал нафақаларни тарқатиш учун сўмдаги нақд пул керак. Шунинг учун аҳолидан сўмни йиғиб олиш йўллари қидирилган, бунинг энг осон йўли эса ҳар бири миллион-миллион сўм турадиган автомобилларни сотишни эълон қилиш йўли бўлган.

Натижада бутун Ўзбекистон бўйлаб муомалада айланаётган нақд сўм камайган, "қора бозор"даги 1 АҚШ доллари 2830 сўмдан 2680 сўмга тушиб кетган.

Шу кеча-кундузда автосалонда машина йўқ, пулини тўлаганлар 2-3 ойдан кейин автомобилларини олишади, деб эълон қилинганидан кейин "қора бозор"да доллар яна кўтарилгани кузатилаяпти, бугун Тошкентда 1 доллар учун 2700-2720 беришга рози бўлишаяпти экан.

Ўзбекистондаги ҳақиқий бозор деб кўриладиган, яъни Марказий банкникидан кўра, қора бозордаги доллар қиймати реал қиймат, деб кўрилади ва Ўзбекистон Марказий банки бу бозорда бўлаётган ўзгаришларнинг ўзига ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб кўради.

Марказий банк шу кеча-кундузда белгилаган 1 АҚШ доллари қиймати 1974 сўм бўлиб турипти, лекин аксар аҳолининг бу қийматда ёки шу қиймат атрофида нақд доллар олишлари деярли имконсиз бўлиб қолган.

Ўзбекистондаги валюта бозоридаги вазиятни яқиндан биладиганлар фикрича, Ўзбекистон Марказий банки бу бозордаги аҳволга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайдиган структурадир.

Би-би-сига ўз исми-шарифлари ошкор этилишини истамасликларини айтган бир неча молия соҳаси ходимлари ана шу фикрни билдиришди.

Ўзбекистондаги бир неча иқтисодий таҳлилчи, журналист ва кузатувчилардан муносабатларини сўраганимизда, улар ҳам бу фикрга қўшилишди. Уларнинг айтишларича, мамлакатда шу кунгача ҳам бемалол "гуллаб-яшнаётган қора бозор" мавжудлиги Ўзбекистон Марказий банкининг бу қора бозорни йўқ қилишда қўли калталигини кўрсатади.

1994 йилда Ўзбекистон миллий валютаси муомалага киритилган пайтида 1 доллар 20 сўмлар қилиб белгиланган бўлса, бугунга келиб Ўзбек сўми 100-130 фоиз қадрсизланган. Ва бунга қарши Марказий банк ҳеч нарса қила олган эмас. Аксинча, "Ўзбекистонда доллар қимматлашидан ҳам ёки арзонлашишидан ҳам фойда кўрадиган юқори мансабдаги шахслар бор, ана шу одамларнинг ҳамма жойга гаплари ўтади, қўллари ҳам етади", деган фикрни билдиришди Би-би-сининг бугунги суҳбатдошлари.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.