BBC navigation

Ўзбекистон банклари қўшимча бизнес карточкалар чиқарган

Сўнгги янгиланиш 28 август 2012 - 09:08 GMT

Бозорларида пластик карточкаларни ишлатишнинг иложи йўқ

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишларича, шу йилнинг 1 августигача мамлакатда муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 8 ярим миллиондан ортган.

Пластик карточкалар мамлакат иқтисоди қанчалар тараққий этганининг бир белгиси ва фойдаланувчилар ҳамда мамлакат банк тизими учун қулай восита.

Ўзбекистон Марказий Банкининг хабарига кўра, 2012 йил 1 августдан мамлакатда 107 минг терминал ва 310 банкоматлар ишламоқда.

Чиқарилган карточкалар "Агробанк", Миллий Банк, "Халқ банки" ва қисман "Самарқанд", ҳамда "Давр-банк" ларида муомалага киритилган.

Бунга республикада пул муомаласи тизимини такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш ва нақд пул айланмасини қисқартириш, аҳолининг банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириши учун қулай шарт-шароит яратиб бериш сифатида қилинаётганлиги айтилган.

Бироқ Ўзбекистонда ойлик маош ва нафақаларнинг пластик карточкаларга ўтказилиши аҳолига қулайликдан кўра, кўпроқ мушкулликлар туғдираётгани сир эмас.

Оддий одамлар маошларининг ўз ихтиёрларига қарши пластик кардларга ўтказилиши ва ўз банк ҳисобидаги малағлардан ҳар доим ҳам ўзлари фойдалана олмасликлари каби ноқулайликлардан шикоят қиладилар.

Бунга банкоматлардан нақд пулни олиш имконсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда пластик карточкалардан тўла-тўкис фойдаланиш тизими пухта ишлаб чиқилмаган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Искандар Худойбергановнинг айтишича, аслида пластик карточкалар жуда қулай. Бироқ янгиликни киритгандан сўнг унга шароитлар яратилмайди.

"Бу бизга теккан касал, шароитлар кечикиб пайдо бўлади. Масалан, банкоматлар шаҳар жойларида йўқ, ишламайди. Энди қишлоқларни айтмаса ҳам бўлаверади. Ана шулар халққа ноқулайликлар туғдиради",-дейди у.

Ушбу камчиликлар туфайли табиийки, савдо нуқталарида пластик карточкалар орқали тўловни қабул қилишдан бош тортиш ёки пластик карточкалар орқали сотув амалга оширилганда нархларнинг асоссиз оширилиши шунингдек, маҳсулот учун қўшимча тўлов талаб қилиш ҳоллари кузатилади.

Яна бир суҳбатдошимиз пластик карточкаларни ишлатиш йўлида қатор мушкулликлар ва тўсиқлар борлигини айтади.

"Ҳамма нарсага пластикни ишлатиб бўлмайди. Бозорга бориб ўзингга ёққан нарсани олмоқчи бўлсанг, пластикка эмас нақд пулга берамиз, дейишади. Бир хил дўконлар пластикка нархни оширишади. Ҳамма жойга фоиз бўлиб кетган, шунга дейишади сотувчилар. Лекин тўловлар учун фоизсиз тўлов амалга оширилади, шуниси яхши".

Натижада пластик карточкадаги сармояни нақд пулга айлантиришни хоҳлаган киши маблағининг бир қисмини ёзилмаган қонунларга биноан банк ходими,ёхуд сотувчига қўшимча "хизмат ҳақи" сифатида беришга мажбур бўлиши айтилади.

Яна бир ўзбекистонликка кўра, унга тавсия қилинган Узкард пластик карточкасини ҳеч қаерда ишлата олмаган. Бунга сабаб, Узкард карточкаси учун керакли терминалларнинг ўрнатилмаганлиги дейилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, пластик карточкалардан фойдаланаётган мижозларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя этилмас экан, карточкалар учун лозим шароитлар яратилмас экан, бу борадаги муаммолар бартараф этилмай қолаверади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.