BBC navigation

Бухоро: Фермерларни ноқонуний жазолашмоқчи

Сўнгги янгиланиш 29 август 2012 - 14:44 GMT

Ўзбекистонда фермерлар нима экиш, ҳосилни кимга йиғдириш ва уни қанчадан сотиш борасида ҳам давлат йўриғидан четга чиқа олишмайди

"Маҳаллий ҳокимият вакиллари чақирган мажлисга бормаган биз 8 нафар фермерни маъмурий жазога тортишмоқчи" - дейди Бухоронинг Жондор туманидан фермер ва "Эзгулик" ташкилоти вакили Бобомурод Раззоқов - "Аслида бизга қўйилаётган 198-модда (Ҳокимият вакилининг қонуний талабига бўйсунмаслик) ҳақиқатга умуман тўғри келмайди".

"Эзгулик" вакилига кўра, милиция ходимлари келиб, ҳокимият вакиллари шикояти ортидан уларнинг устидан маъмурий жазо учун иш очилгани ҳақида айтишган.

Ўзбекистонда фермерларнинг ҳокимият мажлисига бориши қонунан мажбурий эмас, бироқ деҳқонлар бу мамлакатда ҳар доим ҳам қонунларга мос иш тутилмаслигини айтишади.

Айни мажлисларда, одатда, ҳокимият вакиллари фермерларга қандай ишлаш ва нима қилишни буюришади.

Леки кўплаб фермерлар бундайин муносабатлар аслида нотўғри эканлигини, уларнинг ҳокимият билан ришталари қонунга биноан тенг ҳамкорликка асосланиши кераклигини айтишади.

"Бизнинг давлат билан муносабатларимиз фақат солиқ тўлаш орқали амалга оширилади" - дейди фаол ва фермер Бобомурод Раззоқов - "Аммо ҳокимият вакиллари ҳозир биз оладиган кредит пулларини қандай ва қаёққа сарфлашни ҳам назорат қилмоқдалар".

Ўзбекистонда фермерлар фаолияти қаттиқ назорат остида ва кўпчилик ўз билганича бирон экин эколмайди. Ҳукумат уларни, асосан, пахта ва ғалла каби стратегик маҳсулотларни экишга мажбурлайди.

Бунинг устига, олинган ҳосилни ҳам арзон-гаровга, давлат белгилаган нархда яна давлатга сотишлари керак.

Айрим ўзбек фермерлари эса ўз зарарларига ишлашгани боис фермерликни ташлашгани, эндиликда эса шахсий томорқада иссиқхона очиб, кўпроқ фойда кўришаётгани ҳақида айтишади.

Мева-сабзавот экадиган фермерлар ҳам ўз маҳсулотларини Россия ва Қозоғистонга олиб бориш сотиш йўлида турли қийинчиликлар мавжудлигидан шикоятдалар.

Ҳозир, масалан, Қозоғистон фермерлари ўзбек деҳқонлари тажрибасидан фойдаланиб, анъанавий Мирзачўл қовунларини етиштириб, Россия ва ҳатто Олмония бозорларига ҳам олиб чиқиб, сотишмоқда.

Кўплаб қозоқ фермерлари ер ортидан бойишаётгани ҳақида айтишади. Аксар ўзбек фермерлари эса йил бўйи ишлаб топган пулларига "бир амаллаб қора қозонлари қайнааётганини" билдирадилар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.