BBC navigation

Тошкентда МТС раҳбарлари устидан маҳкама бошланган

Сўнгги янгиланиш 30 август 2012 - 08:16 GMT

МТС расмийлари ходимларига нисбатан қўйилган айбловларни рад қилиб келади

Хабарларга кўра, Тошкент шаҳар маҳкамаси МТС-Ўзбекистоннинг иқтисодий жиноятларда айбланаётган тўрт ходими ишини кўриб чиқишни бошлаган.

"Уздунробита" ширкатининг ходимлари июн ойида ҳибсга олинган эди.

Ширкатнинг молиявий ишлар бўйича бош директор биринчи ўринбосари Темурмалик Олимов, корпоратив ривожлантириш дастурлари директори Азизилло Мирзамойдинов, хавфсизлик департаменти директори Алишер Муҳаммедов ва ахборот технологиялари бўйича бош директор ўринбосари Азиз Раҳимовларга молиявий жиноятлар ва ноқонуний даромадни ўзлаштириш мақсадида жиноий гуруҳ тузганликда айбланмоқда.

МТСнинг Москвадаги идораси ходимларига нисбатан қўйилган айбловларни рад қилган ва Ўзбек ҳукуматини республика қонунларини бузаётганликда айблаган.

Би-би-си билан суҳбатда МТС ширкати матбуот котибаси Валерия Кузменконинг айтишича, маҳкама жараёни бугун бошланган, лекин маҳкама қандай ўтаётгани, нималар ҳақида сўз бораётгани тўғрисида уларда ҳозирча маълумотлар йўқ. Ҳимоячилар маҳкамага тайёргарлик жараёнида судланувчилар олдига қўйилмаган, суриштирув ишлари тунда ўтказилган.

Ҳимоячилар мижозлари билан гаплашганда эса, аллақачон қанақадир ҳужжатларга имзо чектириб олинган, бошқа маълумотлар олишнинг иложиси бўлмаган, дейди Валерия Кузменко.

"Биз ҳали ҳам ходимларимизга қўйилган барча айбловлар ўйлаб топилган ва асоссиз деб ҳисоблаймиз. Маҳкамага ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ҳам прокуратурага чақирилган ходимлар жисмонан ва руҳий босимларга дуч келишган. Бизда яна айбланувчилар кўрсатмалари жисмонан йўқ қилиш таҳдидлари остида олингани ҳақида маълумотлар бор", - дейди МТС матбуот котибаси Валерия Кузменко.

"Уздунробита" менеджерлари ўзлари қўйилган айблов хулосаси билан танишиб чиққанми ёки йўқлиги тўғрисида Кузменко хоним аниқ маълумотга эга эмаслигини айтади.

"Умуман олганда ходимларимизга қўйилаётган айблар ҳеч бир асоссиз ва аниқ бир далилларга эга бўлмагани учун, шу пайтгача МТСнинг Ўзбекистондаги идораси билан боғлиқ барча ноқонуний ишларнинг амалга ошириб келингани, бугун бошланган маҳкаманинг ҳам адолатли бўлади, деб ишониш бефойдалигини кўрсатади", - деб айтади Валерия Кузменко.

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида энг йирик ширкат бўлган МТС лицензияси йўл қўйилган ноқонуний ҳаркатлари туфайли дея, июл ойида дастлаб 10 кунга кейинчалик 3 ойга тўхтатилганди.

Ўзбекистон давлат алоқа инспекциясига кўра, "МТС Ўзбекистон" маркаси остида фаолият юритувчи "Уздунробита" ширкати фаолиятида бир қатор қонунбузарликларни аниқлаган.

Сўнгра, август ойининг бошида МТСнинг Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган лицензияси бутунлай бекор қилинган эди.

Россиянинг МТС ширкати баёнотида келтирилишича, "Уздунробита"га нисбатан жиноий иш атайлаб ўйлаб чиқарилган ва охирги пайтда бўлаётган ҳодисалар Ўзбекистондаги таъсирли структуралар яхши ташкиллаштириб, ривожлантирилган бизнесни тортиб олиш истагида эканликларидан далолат беради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.