BBC navigation

Ўзбек маҳбуслар мактублари акс этган расмлар "уйни безатиш учун эмас"

Сўнгги янгиланиш 30 август 2012 - 15:31 GMT

Қамоқ футболи

АҚШда яшаб ижод қилувчи асли ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев ўзининг бир серия асарларини Ўзбекистон қамоқхоналаридан яширинча олиб чиқилган мактубларга бағишлаган.

"Ижод ва инсон ҳақлари" дея номланган лойиҳанинг муаллифи бўлган рассом келгуси ойларда бу асарларини дунё бўйлаб кўргазмага қўйишни режалаяпти. Улар аввало Перуда, сўнг Бельгия ва Францияда кўргазмага қўйилади.

Игнатьев чизган расмларда ўзбек қамоқхоналарида дахшатли қийноқларга солинган тутқунларнинг ички дунёси акс этади.

Сергей Игнатьев Ўзбекистонда Театр ва рассомчилик институти ва Биньков номидаги рассомчилик билим юртини тамомлаган. 1988 йилда Ўзбекистонни тарк этишидан аввал у Театр ва рассомчилик институтида дарс берган.

Сергей Игнатьев арт протест санъати билан кўп йиллардан бери шуғулланади.

Ўзбекистондан кетишига қайта қуриш йилларида протест арт соҳасида юритган фаолияти, хусусан собиқ КГБ биноси қаршисида уюштирган кўча кўргазмалари учун қилинган тазйиқлар, ҳамда Рассомлар уюшмасидан ҳайдалиши сабаб бўлган.

Би-би-си ундан аввало маҳбуслар хатлари унинг қўлига қандай тушиб қолганини сўради.

Игнатьев: Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари уюшмаси ўз архивидаги бу мактубларни менга бериб турди. Ҳар бир мактубнинг ўзига яраша уникал тарихи бор, чунки бу мактубларнинг баъзилари қамоқдан одамларнинг қорни ичида, ва бошқа тана қисмларида олиб чиқилган. Бу мактубни ёзган тутқунлардан ташқари, бу хатларнинг ўзи ҳам қийин кунларни бошидан кечирганлар. Биз уларни жамлаб, иллюстрациялар билан бир китоб қилиб чиқариш устида ишлаяпмиз. Бу хатлар муаллифларини ошкор қила олмаймиз, чунки улар ҳали ҳам панжара ортида ўтиришибди. Фақат қайси қамоқдан олиб чиқилганини ошкор қиламиз.

Оғриқ

Би-би-си: Нималар ҳақида ёзади бу тутқунлар?

Игнатьев: Масалан, бир таъсирли, кичик ҳикояни айтиб берсам. Бир маҳбуснинг олдига ўзининг 80 ёшар онасидан ташқари ҳеч кимни киритишмаган. Лекин, онахоннинг хотираси яхши бўлмагани учун, махбус ўз онасининг тиззасидан тепасига, яъни сонига сиёҳ билан хат ёзган. Чунки онахон ўғли ташқарига қандай хабар етказмоқчи бўлганини хотирасида сақлай олмаган. Лекин, онахон қамоқдан чиқиб кетаётганда, уни тутиб, гинекология креслосига ўтқазиб, ацетон билан бутун хатни оёғидан ўчириб ташлашган. Она кўп йиғлаган. Тасаввур қилинг, қандай умидсизлик, ўзбек бўла туриб, ўз онанг сонига хат ёзсанг... Бунга ўхшаш ҳикоялар кўп. Маҳбуслар қамоқда уларга бир парча гўштдек муносабат қилишларини ёзадилар. Уларга ҳар куни "сен бир тирик гўштсан" деган гаплар уқтирилади. Айниқса, диний маҳбусларга жуда қийин. Менинг "Бир парча гўшт" номли картинамда инсоннинг инсонийлиги буткул йўқ қилиниб, унинг ҳайвонга айлантирилгани акс этади. Маҳбуслар хатларида жуда шафқатсиз, садистларча муносабат ҳақида, кўп жинсий зўрланганлари, мурч билан, дубинка билан зўрланганларини ёзадилар. Менимча, бугунда ўзбек қамоқхоналарида кашф қилинаётган қийноқ турлари Маркиз де Саднинг етти ухлаб, тушига ҳам кирмаган бўларди.

Шафтолича

Би-би-си: Бу мактублар сизнинг асарларингизда қандай акс этади? Нималарни чизасиз уларни ўқигандан сўнг?

Игнатьев: Биласизми, мен бевосита бу қийноқларни чизганим йўқ. Менга кўпроқ бу инсоннинг қалбидаги ҳиссиётлари ва руҳий холати қизиқроқ. Масалан, "Ўғит" деб номланган бир картинам ҳақида гапирсам, қамоқда кўпгина қийноққа солинган одамлар қийноқ оқибатида ўлиб қолишганида, уларни юқори вольтли кабеллар остида номаълум жойларга кўмиб ташлашган. Бу одамларни инсон эмас, бир ўғитдек кўмишган. Инсонни бир парча гўштга айлантириш, уни уриб-йиқитиб кейин футболдек тепиш, ким оёғи билан бу тананинг қайси қисмига тепа олиши бўйича мусобақалар ўтказиш, бу ёввойилик. Бу ерда нафақат маҳбуслар ёввойилашади, балқи қўриқчиларнинг ўзи ҳам. Улар ҳайвондан ҳам ёмон махлуқларга айланадилар. Мана шу каби психологик ҳолатлари менга қизиқ бўлган. Мен буни аллегория тарзида етказиб бераман, яъни бевосита ичак-чавоқларни ё қонни намойиш қилмайман. Бу мактубларни ўқиб, мен ҳар хил ҳолатга тушганман. Масалан, бирида маҳбус ўзини ўлдириш истаги ҳақида ёзади. Бошқаларда эса қандай бўлмасин омон қолиш истаги. Лекин, уларнинг ўзлари энди ҳаёт барибир аввалгидек бўлмайди деб ёзишади, чунки уларнинг дунёқараши бутунлай ўзгарган. "Биз бир пода қўймиз, ишга подадек ҳайдашади. Ички дунё ҳақида унутинг, фақат омон қолиш ягона мақсад" деб ёзади улар.

Ўғит

Би-би-си: Кўп рассомларни гўзал табиат, денгиз ё қиру-адирлар, ё аёл бадани илҳомлантиради. Сизни нима учун қийноқлар мавзуси илҳомлантирди?

Игнатьев: Инсоннинг психологик портрети менга қизиқроқ. Биласизми, ҳамма асарлар билан ҳам уйни безаб бўлмайди. "Волгадаги бурлоқлар"ни ётоқхонангизга оса олмайсиз. Шунинг учун айтмоқчиман, менга уйни безатишдан кўра, руҳий дунёни тасвирлаш қизиқроқ. Инсоннинг ички дунёси, оғриқлар, ҳиссиётлар мавзусини мен ҳар доим афзал кўрганман. Бир диван устида чиройли осилиб турсин деб расм чизмайман.

Би-би-си: Ўзи рассомлик, умуман, ижод ва санъат инсон ҳақлари ё протест мавзусига қанчалар яқин? Улар бир-бирига боғлиқми?

Игнатьев: Жуда ҳам яқин боғлиқ. Мана, Ўзбекистонда рассомларга ўз ўйи ва фикридагини қоғозга тушириш ман этилган. Фақат чиройли манзалар ва ҳоказога рухсат бор. Масалан, қатор рассом танишларим Андижон фожеасига бағишлаб бир серия картиналарни кўргазмага қўймоқчи бўлганлар. Уларга очиқча таҳдид қилинган, "Болалар, бу кўргазма қўйилиши билан, онангизни Учқўрғондан кўрасиз" деб. Ўзлигингизни изҳор қилиш ва бу дунёда ниманидир ўзгартиришга имкон йўқ у ерда. Менга таниш карикатурачилар Ислом Каримов ёки унинг оиласига боғлиқ карикатураларни чизишган, лекин ҳатто ўз яқин дўстларига кўрсатишга қўрқадилар. Жуда қизиқ, кучли сиёсий плакатлар бор. Бир рассом танишим менга "Агар бу карикатурани чизсам, кейинги чизадиганим қамоқхонадаги наколка бўлади" деди. Мен Ўзбекистонда бўлган ана шу мустақил рассомларнинг асарларини кўргазмага қўйиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари уюшмаси билан ишлаяпман.

Қўйлар

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.