Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон олийгоҳлари ўқитувчиларни пахта теримига сафарбар этади

Image caption Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон пахтага оммавий сафарбар этиш сиёсатидан яқин йилларда воз кечмайди.

Ўзбекистонда мустақиллик байрамидан кейин барча олий ўқув юртларининг юқори курс талабалари ва мураббийларини пахта йиғим-теримига сафарбар этиш тадбири бошланган.

Тошкентдаги манбаларнинг Би-би-сига маълум қилишларича, барча олий ўқув юртларига муайян сонда "ҳашарчи" билан таъминлаш тўғрисида "ички" буйруқ чиқарилган.

Жумладан, Тошкент Тиббиёт Олийгохи маъмурияти ҳомиладор ва кўп болали аёллар дохил ёш мутахасислар ва мураббийлардан иборат 400 нафарли гуруҳнинг 2-сентябрдан бошлаб камида бир ой давомида Сирдарё ва Жиззах вилоятларига пахта теримига юборилиши ҳақида маълум қилган.

Аспирант ва ўқитувчиларнинг пахтага оммавий жалб этилиши болалар меҳнатидан воз кечиш сиёсати билан изоҳланган.

Пахта йиғим-терими пайтида етарли ишчи кучининг йўқлиги фермер хўжаликлари етиштирган пахтанинг давлат томонидан арзон нархда сотиб олиниши оқибатида юзага келган.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти кўп йиллардан буён Ўзбекистонни мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айблаб келади.

Пахта маҳсулотларига ихтисослашган кўплаб халқаро ширкатлар Ўзбекистонда етиштирилган пахтани сотиб олмасликларини эълон қилганлар.

Бироқ, Тошкентдан ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов мажбурий меҳнатдан фойдаланиш сиёсати Ўзбекистонда ҳали-бери бекор қилинмаслигини айтади.

Би-би-си бу борада Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.