BBC navigation

Москвада Ўзбекистонлик ‘қотил таксичи’лар ҳукм этилди

Сўнгги янгиланиш 4 сентябр 2012 - 07:46 GMT

"Таксичилар" гуруҳи бошлиқларига умрбод қамоқ жазоси тайинланган

Москва шаҳар маҳкамаси хотин-қизларни ўлдириш ва босқинчилик қилишда айбдор деб топиб, ўзбекистонлик “таксичилар” гуруҳининг беш нафар аъзосини 18 йилдан бир умргача қамоқ жазоларига ҳукм этган.

20 ёшдан 27 ёшгача бўлган судланувчилардан айримлари, бундан ташқари, одам ўғирлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, қасддан бировга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш ва гиёҳванд моддаларни сақлашда ҳам айбдор, деб топилишган.

Маҳкама ҳукмидан аён бўлишича, гуруҳ бошлиғи 24 яшар Хушнуд Тўрақулов ва 20 ёшли Абдуғани Ғаниевларга бир умрлик қамоқ жазоси берилган.

Гуруҳнинг қолган уч нафар аъзосини қаттиқ тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 18 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этишга қарор қилган.

Маҳкама, бундан ташқари, жабрдийдаларнинг даъволарини қондириб, айбдорлардан қарийб 5 миллион Россия рубли миқдорида пул ундириб олиниши хусусида ҳам ҳукм чиқарган.

Тергов фаразига кўра, жиноий гуруҳ хотин-қизларга ҳужум қилиш, уларни ўғирлаш ва ўлдириш мақсадида 2010 йилнинг июн ойида тузилган бўлган.

Агар тергов маълумотларига қаралса, улар жиноий иш очилган бошқа шахслар билан бирга 2010 йилнинг декабр ойидан 2011 йилнинг январигача уч аёлни ўлдиришган, яна бир нафарини ўғирлаб, ўлдирмоқчи бўлишган ва босқинчилик қилишган.

Бешовлоннинг жиноий иши шу йил июн ойида Москва шаҳар маҳкамасига оширилганди.

Россия оммавий-ахборот воситаларидаги хабарларга таянилса, уларнинг ўзлари содир этилган жиноятларга ҳеч бир алоқалари йўқлигини айтишган.

Жиноят тафсилоти

Агар Россия Бош прокуратураси тарқатган маълумотларга қаралса, гуруҳ аъзолари Москва шаҳар кўчаларида таксичи қиёфасида юриб, таксига зарурати бўлган аёлларни излаб юришади.

Бўлажак қурбонларини топгач, сал нарироқда тўхтаб, ҳайдовчидан бошқа ҳамма машинадан тушиб қолади.

Ҳайдовчи эса, мижоз билан келишиб, уни машинанинг орқа ўриндиғига ўтиришга таклиф этади.

Худди шу пайтда унинг ҳамтовоқлари югуриб келиб, машинага икки томондан миниб олишади ва аёлнинг йўлини тўсиб қўйишади.

Шундан сўнг, ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб қолади.

Машиналари бўлмаган пайтда эса, пана-пастқам ва яхши ёритилмайдиган ерлардан ўз қурбонларини қидиришади.

Уларнинг қалбаки паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, яшаш жойида қайддан ўтганликка оид ҳужжатлардан фойдаланганликлари ва қурол сифатида учи

ўткир ва кескир буюмларни қўллаганликлари айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.