BBC navigation

Аҳмаджон Одилов. Чорак аср тутқунликда

Сўнгги янгиланиш 6 сентябр 2012 - 15:56 GMT

Аҳмаджон Одилов деган номни биринчи марта эшитганимда 11 ёшда эдим.

Ёмон кўрган одамларини тириклайин асфалтнинг тагига кўмдириб юборган, душманлари учун шахсий зиндон қурдирган, Амир Темурнинг тиллаларини топиб, яширган ва яна Хитойгами, Кўҳи Қофгами олиб борадиган ер ости йўлини қурдирган шафқатсиз ҳукмдор ҳақидаги қобус - қўрқинчли ҳикоялар эди эшитганларим.

Бу каби миш-мишларни кўпинча кундузи ўйнаб чарчаган болалар тўп-тўп бўлиб, шом қоронғусида гаплашардик ва мен уйга етиб олгунимча даҳшат ичида қалтирардим. Кейинроқ бу ҳикояларнинг баъзилари ҳақиқат эканини айтган ҳужжатли филм намойиш этилди. Яна марказий телевидение орқали суд залидан репортаж берилган ва темир панжара ичида турган Одиловнинг СССР Бош прокуратураси қораловчисига "менга ўзбекча гапир, мен ўрисчангни тушунмайман" деганини кўрсатишганди.

Ўша пайтлар раҳматли дадам Одилов ҳақидаги бир воқеани қулоғимга пичирлаб айтиб берган эдилар. Ўзларининг айтишларича, колхозда энтемолог агроном бўлиб ишлаган дадамларни 1970-йилларда райондан ўзаро текширув комиссияси бошлиғи қилиб Попга, Аҳмаджон Одиловнинг Агросаноат Бирлашмасига юборишади. Уларни дала шийпонида 10 та қўй сўйиб кутиб олган Одилов уч кун давомида комиссия аъзоларини пайкалга қўймайди. "Бир кеп қопсизлар-да, аввал меҳмон бўлинглар, кейин иш" дейди. Шу зайл дадаларим бутун Иттифоққа донғи кетган Одиловнинг гапини қайтаролмай, уч кун шийпонда ётиб, зиёфат қилишади ва ғўзаларни ораламай, қайтиб келадилар. Дадам бу воқеани эсларканлар, мен Одиловнинг уларда яхши таассурот қолдирганини сезганман.

Ҳозир, орадан 28 йил ўтиб, дадамлардан қолган ана шу хотирани 86 ёшли Аҳмаджон отага айтиб берарканман, у киши кулиб, "отангизга балли" дея ҳануз бақувват қўллари билан елкамни сиқиб қўяди. "Бунақаси кўп бўлган, комиссиялар зиёфатга келишарди", - дейди Аҳмаджон ота.

Маълумот учун:Аҳмаджон Одилов. 1925 йилда Наманган вилояти, Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғида туғилган.Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Икки марта Ленин мукофоти соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, СССР Олий Совети депутати, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг аъзоси. У асос солган Поп агросаноат Бирлашмаси 14 совхоз ва 17 та корхонани ўз ичига олган. Унга қарашли 373 минг гектар экин ер ва яйловларда 40 мингдан ортиқ киши меҳнат қилган. 1983 йилда КПССнинг энг юқори органи- Политбюро Аҳмаджон Одиловнинг тажрибасини бутун Советлар Иттифоқи бўйлаб ёйиш ҳақида қарор қабул қилади. Россия ва бошқа иттифоқдош ўлкаларда АПОлар ташкил этиш бошланади. Аммо кўп ўтмай, 1984 йилнинг 13 августида Аҳмаджон Одилов ва унинг оила-аъзолари ҳибсга олинади. Аёли ва кекса онасидан ташқари ҳамма қамоққа ташланади. Шундан сўнг Аҳмаджон Одиловнинг қарийб чорак асрга чўзилган тутқунлик даври бошланади...

Укаси, марҳум Муҳсин Одиловнинг 1991 йил 24 апрелда, СССР Олий Суди мажлисида айтган сўзидан: "Акам умрини яшаб бўлган социализмни яксон қилиб, унинг ўрнига порлоқ келажак-демократик капитализм қурган".

Ғурумсаройдаги баланд деворлар билан ўралган, айлана атрофи уй, катта ва шинам, совет даври учун муҳташам бўлган ҳовлисидаги сўрида суҳбатлашиб ўтирарканмиз, Аҳмаджон отанинг ўзи ўша давр ҳақида "Брежнев ва Рашидовга яқинлигим учун ит азобини беришди", - дейди. Аммо унинг оҳангида нолиш йўқ, у шунчаки фактлар ҳақида гапиради. "Чап кўзимни Бутиркада чиқаришди. Мен ҳам прокурорга мушт тушириб, кўзини чиқардим", деркан, ўзига қўйса ҳозир ҳам уришга тайёрдек қўлини шиддат билан мушт қилиб кўрсатади. 86 ёшида қўллари қаттиқ ва бақувватлигини сўрашганда, аҳён-аҳёнда оталарча меҳрибонлик билан қўлим ва елкамни ушлаб, қисганида қайта-қайта ҳис қиламан...

Тунги суҳбат

Марҳум адиб Шукур Ҳолмирзаевнинг талабалик йилларимда ўқиган "Яшил Нива" деган ҳикояси бор. Қайта қуриш йилларида ёзилган бу ҳикоя Аҳмаджон Одилов ҳақида деб ишонилади. Унда довон оша водийга сафар қилган институт домласи қизил жигулисида йўлни шиддат билан кесиб чиққан яшил "Нива"га дуч келади. Яшил "Нива"нинг ичида ким борлиги айтилмайди, аммо унда шу ҳудуднинг, довон пастида ястаниб ётган бепоён дашту далаларнинг ҳужайини кетаётгани маълум. Ҳеч бир машина ундан ўтиб кетишга журъат қилмайди, уни ҳеч ким яқинроқ бориб, таъқиб ҳам қилолмайди. Фақат орқадан, таҳлика ичида кузатишга мажбур... Яшил "Нива" имиллаб юради, домла эса ундан ўтиб кетолмайди. Хотини ва болалари "сизга нима бўлди?. Юрсангиз-чи?" деб хархаша қилишади. Аммо домла яшил "Нива"нинг таърифини эшитган, ошиб ўтса, йўқ бўлиб кетишдан қўрқади. Кутилмаганда, яшил "Нива" қирдан ўтиб, ғойиб бўлади.Постда домлани милиция тўхтатади ва ҳужжатларни кўргач, "хўжайин одобли бола экан, дедилар", дея хушмуомалалик билан кузатади. Қайтишда худди шу постда уни яна тўхтатишади. "Хўжайин яхши юрибтиларми?" деб сўрайди домла, аммо милиция ходими "Хўжайин ке-етди, - дейди.
- Қаёққа?
- Кетадиган жойига... Тушундингизми? Кеча партиядан ўчирилди. Бугун ишдан олинди".

Аммо қўққисдан йўлда яна яшил "Нива"га дуч келган домла беихтиёр секинлайди.
"Ҳали-ҳамон шаҳар кўчаларидами, овлоқ жойлардами - яшил «Нива»ни кўрсам, юрагим орқамга тортиб кетади.
Нега бундай? Ақлим етмайди", деб ёзади адиб.

Август ойининг сўнгги кунлари, шом қоронғусида ўша машҳур Ғурумсарой қишлоғининг пахтазор ва жўхоризор далалари ўртасидан ўтган асфалт йўлдан эски танишим билан машина ҳайдаб борарканман, нимагадир ана шу ҳикояни эсладим. Наинки бошқа далалар, балки район марказларида ҳам учрамайдиган бундай силлиқ асфалт йўллар эҳтимол, ўша яшил "Нива" юриши учун қурилгандир, деб ўйлайман. Ҳозир яшил "Нива" йўқ, унинг ўша ҳамманинг юрагига таҳлика солган қудратли хўжайини эса 24 йил умрини қамоқда ўтказган 86 ёшли нафақахўр...

Аммо юрагимда таҳлика бор. Бу таҳлика ёзувчи "садқаи тилга олиш кетсин" дея номини атамаган "диктатор амалдор"дан эмас. "Кимдир кузатаётган бўлса-чи, суҳбатимиз амалга ошмай қолса-чи..." дея хавотирланаман. Қоронғуда адоқсиз далаларнинг ичида адашамиз. Йўл бор, аммо манзил аниқ эмас. Ҳамроҳим телефонда қаердан бурилишни сўрайди. "Шийпондан ўтиб, ўнгга қайриласизлар", деган овозни эшитаман. Аммо шийпонни тополмаймиз ва дала тугаган жойдан "нима бўлса, бўлди", дея катта кўчага қараб йўл соламиз. Бир неча дақиқа ўтиб, тўхтаймиз. "Ана ота, дейди эски танишим, - ўзи кўчада кутиб турибди". Машинани йўлнинг бу бетидаги панароқ жойга, дарахтнинг тагига тўхтатаркан, чап ёнимга қараб, дарвозага разм соламан. Дарвоза олдида узун бўйли, 86 ёшли мўйсафидга ўхшамаган, қадди тик ва сабрсизланаётгандек у ёқ бу ёққа бориб келаётган киши кўринади. Аҳмаджон Одилов...

"24 йил қамоқда ўтирган бўлсам, қанақасига муддатидан аввал озод қилади?"

Аҳмаджон Одилов

Аҳмаджон ака мени ҳовли ичкарисида қарши олади. Қўлларини катта очиб, бағрига босганида суякларим қисирлаб кетганини эшитаман. "Паҳлавонмисиз?"- дейди. "Ҳа ота, аммо сизчалик паҳлавонмасман", дейман. Ҳовли ўртасидаги сўрига томон бошларкан, Аҳмаджон ота, қўлларимдан маҳкам ушлаганча боради. Гапирганда, тўхтатиб, юзини мен томонга тўла буриб, бошини бироз орқага ташлаб, синчков назар ташлаб гапиради. Ҳаракатлари шунчалик шиддатлики, ҳар тўхтаганда, менинг бўйнимни ҳам ўзи томонга буриб қўяётгандек туюлади. Ғира-ширада кўзойнаги ортидан чап кўзининг юмилиб қолганини кўраман. Тўғрироғи, кўзнинг ўрнида ҳеч нарса йўқ. Ўнг кўзи афтидан хирароқ кўради, кўзойнаги қалин. Қадамларини эҳтиёт бўлиб босади, аммо шаҳдам... Ҳамроҳимнинг айтишича, у киши жисмоний тарбияни канда қилмайди, ҳар куни 750 марта ўтириб турар, тош кўтарар эканлар.
"Сиз бу ёқдан ўтиринг", дея мени сўрига ўтқизади ота ва ўзи ердаги стулни мен томонга яқинроқ тортиб, ўтиради. Қўлини фотиҳага катта очади. "Эй оламларнинг Парвардигори, шу ерда уч киши бўлсак, тўртинчиси Сан, сўзимдан адаштирма. Нимаики сўраган бўлсам, ҳаммасини бердинг, бераяпсан, ўзингдан ўзгага муҳтож қилма". Сўнгра стулнинг суянчиғига кенг елкаларини тўла ташлаб ўтиради. "Би-би-сини эшитаман. Би-би-си бизга керак. Буюк Британия бизга керак. Мамлакатни асрашимиз керак. Халқ бир кўчага чиқса, тўхтатиб бўлмайди. Египетни кўраяпсиз", -дейди у ва кейин мендан "қанча вақтингиз бор?" деб сўрайди. Мен Аҳмаджон ота билан учрашувимиз рўёбга чиқишига унчалик ишонмаганим учун болаларни ҳам машинага ўтқазиб, Тошкентга йўл олган ва уларни довон бошланишида овқатланиш учун қолдирган эдим. Қоронғуда, тоғ йўлида болалардан хавотирланганим учун "ярим соат" деб айтдим. Ота бугунги амалдорларнинг ноинсофлиги-ю, нотавонлигидан сўз бошлайди. "Долинада яхши кадр қолмади, ҳаммаси ширага ёпишган пашшадай амалига ёпишиб олган. Халқни ўйлайдиганлар йўқ. Бу кетишда одамларнинг сабр косаси тўлиши аниқ. Аммо халқ кўчага чиқса, ёмон бўлади. Бунга йўл қўймаслик керак". Кейин ҳовлининг баланд деворларини кўрсатиб, "эшикни қулфласам, мана шу девордан ошиб тушаяпти. Эри урса ҳам менинг олдимга келади. Нима қилиш керак?. Мен кўчага чиқмайман. Чиқсам,биронтасини сўкиб ё уриб қўяман", -дея ёзғиради Аҳмаджон ота. Кейин биринчи марта қамалиши, кўзини уриб чиқаришгани, аммо ўзининг ҳам бўш келмай, прокурор ва терговчини уриб, "башарасини ёргани"ни ҳақида гапиради. "270 том, 47 минг бетлик жиноят иши. Ҳаммаси турибди, биронта жойда айбни бўйнимга қўёлгани йўқ. Тўққиз марта заҳарландим, аммо ўлмадим",- дейди.

24 йил умри қамоқда ўтганини айтаркан, юзида ҳам, сўзида ҳам маҳзунлик сезилмайди, аксига, баралла овозда, кўтаринкилик билан гапиради. Ҳар гапирганда қўлларини пахса қилиб, тепага кўтаради. Сўзларида қасос оҳанги бор. Одатда Аҳмаджон отанинг ёшидагилар, балки ундан анча ёшроқ одамлар ҳам ўтмишдаги хотиралари-ю, кўрган-кечирганлари билан андармон бўлиб қолишади. У кишидай қаҳрамон бўлсалар-ку, қўяверинг. Аммо Аҳмаджон Одилов ваъз ўқимайди, насиҳат қилмайди. Суҳбатдошига тенгқурдай гапиради. Нигоҳларини қоронғу осмонга қадайди, ўтмиш ҳақида гапиради-ю, сўзлари келажакка ўқдек учади... "Мамлакатга яхши кадрлар керак. Ленин бобо айтмоқчи, кадрлар бизнинг олтин фондимиз", - дейди-ю, "неча ёшдасиз?" деб сўрайди. "Ўттиз тўққиз", дейман. "Айни ёшдасиз!",- дейдилар. Гарчи кексаликларидан баъзан-баъзан толиққанлари сезилса-да, сўзлари равон, бўлинмайди. Хотира тиниқ. Одамлар ҳақида гапираркан, бир жумлада, қисқа таъриф берадилар...
"Қамоқдан озод қилишлари учун бирон шарт қўйишдими?",- деб сўрайман.
"Бир парча қоғозни тутқазишди,-дейди Аҳмаджон ота. "Муддатидан аввал озод қилинганим учун Президентга миннатдорчилик билдираман", деб ёзилган экан. Имзо қўйиб беринг, дейишди. Мен қоғозни отиб юбордим. 24 йил ўтирган бўлсам, қанақасига муддатидан аввал озод қилади?"..


Кейин яна халқнинг аҳволи ҳақида гапирадилар. "Булар эплолмаяпти, - дейдилар. Янги, яхши кадрлар керак". Менинг саволларим кўп, аммо сўзларини бўлгим келмайди. "Брежнев билан Кремлда ичиб ўтириб, иш битирганмиз. Бир келишда Ҳовос станциясига "Аҳмаджон Одиловга" деб 360 мингта труба келган. Ҳаммасининг актлари қўлимда турибди. Аммо биз қамалгандан кейин ҳамма ёқни хароб қилди булар, расво қилди...".

Суҳбатимиз тугамайди, аммо Аҳмаджон ота суҳбатнинг мавзуйи ва пафосини ушлаб турган каби регламентни ҳам қатъий ушлайдилар. "Қани, тўнни опчиқ, дея менинг эски танишимга қарайдилар. Зарбоф тўн, бахмал дўппи ва пичоқ. Мен ҳижолат қиламан. Келаркан, йўлдан совға-салом оламиз, деганимда ҳамроҳим "Аҳмаджон ота совға олмайди, хафа бўлади", деганди. Базўр тўртта нон олишга кўндирган эдим. "Мана бу тўнни Самарқанддан азиз меҳмонларга деб олдириб келганман, ҳижолат қилманг",- дейдилар. Кейин дастаси ханжарникига ўхшаб ишланган пичоқни чарм ғилофдан чиқарадилар. Пичоққа "На память от Ахмаджона Адилова" деб ёзилган. Мени кузатаркан, қачон кетишимни сўрайдилар. Мен "байрамдан кейин" деб жавоб бераман ва суҳбатларига тўймаганимни айтаман. "Бўлмаса, кетгунингизча икки ярим соат вақт ажратасиз, яна гаплашамиз", дейдилар. Мен меҳмондорчилик учун ташаккур билдираман ва яна зиёратларига келишимни айтаман. Сиз билан суратга тушсак бўладими, деб сўрайман мезбондан. У киши рози бўлади. Қоронғуда мобил телефонимда суратга тушираман. Дарвозадан кузатаркан, "ёш 86 га борди, яна қанча умр бор, Оллоҳ билади", дейдилар. Мен "Оллоҳ насиб қилса, 90 йиллик тўйларингизга келамиз", дейман. "Шунақа дейсиз-ку, аммо мен шошаяпман-да", дейди у киши қувлик билан. Кейин қабристонларни обод қилиш билан шуғулланаётганларини айтиб, "майли, бу ҳақида келганингизда гаплашамиз", - дея бизни кузатиб қўядилар...

'Миллий қаҳрамон'

Мустақиллик байрамининг эртаси куни яна эски танишимни олиб, Ғурумсаройга йўл оламиз. Аҳмаджон ота яна бизни дарвоза олдида қарши оладилар. Яна ўша самимият билан бағирларига босадилар. Мен Аҳмаджон Одилов билан биринчи учрашувимизда у кишини жуда ҳам қариб, қартайиб қолган, қатағонларни кўравериб, зада бўлган ва журналистларга рўйхушлик бермайдиган бир киши сифатида тасаввур қилган эдим. Бир қўлларини олиб, изн берсалар, суратга тушамиз, деб орзу қилган эдим. Аммо иккинчи ташрифимизда у кишининг бардам ва бақувватлигидан, фикр ва зеҳнда бўлса ҳам ҳануз фаолликларидан, ҳеч муболағасиз, Ўзбекистоннинг томири қандай уришини ҳис қилишларидан таъсирланган ва руҳланган эдим. Ҳеч қурса, келажак учун сўзларини ёзиб олиш умиди пайдо бўлган эди.

Аҳмаджон Одиловнинг айтишича, Шароф Рашидов уни "дипломат эмассиз" деб койиган

Аммо бу сафар биз ёлғиз эмас эдик. Тошкентдан у кишининг тўнғич ўғли Анвар ака ва Аҳмаджон Одилов шўро давридаги маҳаллий раҳбарлардан бирининг ўғли эканини айтган яна бир меҳмон келишганди. Аҳмаджон отанинг айтишича, ўғли Анвар Одилов СССР КГБ сида ишлаган ва у қамалганидан кейин бўшатиб юборилган. Мен Анвар аканинг ҳам, нариги меҳмоннинг ҳам бизнинг ташрифимиздан қувонмаганликларини сезиб турардим. Шундай бўлса ҳам, Аҳмаджон отага мақсадимни суҳбатимизнинг бошидаёқ айтдим. "Бу нарса керак, деб сўз бошладилар у киши. Аммо мана булар, дея Анвар акага ишора қилди Аҳмаджон ота, менга "гапирманг", дейди. Мен сиқилиб кетаяпман. Ичимдаги ғазаб чиқиб кетмаяпти. Булар Каримовни мақтаб қўйинг, дейди. Аммо мен уни мақтасам, Аҳмаджон Одилов бўлмайман-ку!. Шундай қилиш керакки, обрў тушмасин, болаларга ҳам қийин бўлмасин. Шуларни ўйлаб, жим ўтирибман. Аммо булар шунга арзийдими?. Қани сиз айтинг-чи?", деб менга юзланади у киши. Мен фарзандларининг олдида ўзимни бироз ноқулай сезаман. Балки Аҳмаджон акани ҳам фарзандлари олдида ноқулай аҳволга қўйгандирман. Аммо ўз вақтида совет матбуотининг диққат марказида бўлган Аҳмаджон Одилов журналистнинг вазифасини яхши тушунар эди. "Журналист ва ёзувчилар муҳим одамлар" деган эди аввалги суҳбатимизда у. Биз интервюни келажакка қолдирдик, аммо суҳбатимиз давом этди.


"Яхшиям шу итим бор",- деди у киши думини ликиллатиб, оёғига суйкалаётган қора ити-Бушга. "Буш, кампирим ва мен, мана шу уч кишимиз, холос. Баъзан кимдан аламимни олишни билмай, кампиримга жаҳл қиламан. У ҳам мени яхши кўради, бир ярим кун аразлайди, аммо ухлаб қолган пайтим, оёғимни бир турткилаб, ўтиб кетади. Шу билан ярашамиз".
Ўзининг айтишича, Шароф Рашидов уни дипломат бўлмагани учун танқид қилар экан.
"Шароф ака мени "дипломат эмассиз" деб урушар эди. Мен "дипломат, бу ёлғончи дегани-ку", дердим. Ҳозир ҳам дипломат эмасман".
Суҳбат давомида Аҳмаджон ота ҳозирда қабристонларни обод этиш билан шуғулланаётгани, ўзининг қабри ҳам тайёрлигини айтди. "Пенсиямдан ва болаларнинг ёрдамидан ўзимизнинг қабристонга 8 миллион сўм сарфладим. Бошқа қабристонларни ҳам обод қиламиз. Пул топамиз. Пулларимиз кўп, аммо биз пулсиз ҳам иш битираверамиз". Эски танишимнинг айтишича, Аҳмаджон отанинг одамларга ўз вақтида берган пуллари бор экан. Яқинда шулардан биттасини топиб, "ўша пайтдаги ҳисоб бўйича қарзинг 40 минг доллар бўлади. Ярмисидан кечдим. Аммо ярмисини қабристонга берасан. Масжидга пул керакмас", - деган.


Аҳмаджон ота қабристонларни обод қилиш ҳақида ўлимини кутиб ётган бир қариядай эмас, балки энди кучга тўлган ва енг шимариб, янги, муҳим бир лойиҳани амалга оширишга киришган раҳбардай гапиради. Унинг 86 ёшидаги ғайрати, шижоати-ю важоҳати олдида унча-мунча ишнинг, унча-мунча одамнинг дош бериши қийин. Ярим тунда Аҳмаджон Одилов билан хайрлашиб, Тошкентга йўл оларканман, унинг 40 ёшида қандай бўлганини ўзимча тасаввур қилишга уринаман. Яна Шукур Ҳолмирзаевнинг "Яшил Нива" ҳикояси ёдимга тушади. Ҳикояда номи тилга олинмаган Одилов "диктатор" дея қораланган бўлса-да, 1991 йилда ўзбек ёзувчиларининг қурултойи Одил Ёқубов ва Муҳаммад Солиҳ раислигида Аҳмаджон Одиловни бир овоздан "Миллий Қаҳрамон" дея эълон қилган эди. Аммо бугун маҳаллий диктатор ҳақидаги ўша ҳикояни қайта ўқирканман, ундаги ҳамма нарсанинг ҳам эскирмаганига амин бўламан.


"Тошкент ҳам тинчини йўқотган...
Бизда эса Бағдоддагидек осойишталик.
Тўғри, биздаям «диктатор арбоб»ларга қарши чиқишлар бўп турарди: шундаям азоб-у камситишлар жонидан ўтиб суягига етганлар...
Курбақани боссанг ҳам, «вақ» дейди-ку?"...

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.