BBC navigation

Ислом Каримов: Роғун ва Қамбарота лойиҳалари одамларнинг ҳаётига катта хавфдир

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 10:54 GMT

Қозоғистонга ташриф буюрган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Президент Нурсултон Назарбоев билан учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС лари қурилиши борасида алоҳида тўхталган.

Қозоғистон матбуотининг ёзишича, Ислом Каримов Роғун ва Қамбарота гидростанциялари лойиҳалари устида халқаро текширув ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган.

"Биз ниманидир қуришдан олдин, қайси бир буюк давлатлар билан шартнома тузишдан олдин келинглар, ҳаққоний экспертиза ўтказайлик ва халққа, одамларимизга аниқ тушунтириш берайлик, улар билан эртага нима бўлади, ким бу дарёларнинг қуйисида яшайди", - деган жаноб Каримов Остонадаги матбуот анжуманида.

"Шунга эътибор қилиш лозимки, бу лойиҳалар, Роғун ҳам, Қамбарота ҳам 70-80 йилларда тузилган. Яъники, биз ҳаммамиз Совет Иттифоқи таркибида эдик ва ҳамма гигантомания билан оғриган пайтлар эди. Лекин вақт ўзгаради, 40 йилдан ортиқ вақт ўтди, бугун бутунлай бошқача қарашлар ва талаблар бор. Бугун гидротехник воситалар бутунлай бошқача асосда қурилиши талаб қилинади. Нима учун экспертиза ўтказиш мумкин эмас- келинглар ўтириб ҳаммасини муҳокама қилайлик", - деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти.

Президент Каримов сув-энергетика заҳираларидан оқилона фойдаланиш масаласи унинг Қозоғистон президенти билан учрашувида асосий мавзу бўлганини айтиб ўтган.

"Амударё ва Сирдарё трансчегара дарё оқимлари ҳисобланади. Бу дарёлардан фойдаланганда БМТконвенциясида белгиланган меъёрларга риоя қилишни унутмаслигимиз керак. Бу ҳам Тожикистонга, ҳам Қирғизистонга, ҳаммамизга тегишли",- деб айтган Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президентига кўра, Қирғизистондаги Қамбарота сув тўғони 275 метр баландликда, Роғун 350 метр баландликда қурилаётганлигини ҳисобга олинса, бу иккала лойиҳа қурилиши бу ерда яшаётган инсонлар ҳаётига таҳдид бўлиши мумкин.

"Гиннеснинг рекордлар китобига киришни орзу қилишибдию, иккала ГЭС ҳудуди ҳам сейсмик хавфли жойларга киришини ва юзлаб одамларнинг ҳаёти ҳақида сўз бораётганини тушунишмаяпти. Тасаввур қиляпсизми, зилзила юз берган тақдирда Тохтагул сув омбори ҳам қўшилиб, тўпланган сувлар чиқиб кетса у фожеанинг оқибатлари қандай бўлишини?"- дея огоҳлантиради жаноб Каримов.

Нурсултон Назарбоев ҳам ўзбек ҳамкасбининг фикрларини маъқуллаган: "Бу савол барча республикалар учун муҳим. Биз дарёнинг юқори жойидаги дўстларимизга яна бир саломимизни йўллаб, пастда жойлашган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон учун сув тобора танқис бўлиб бораётганини эслатиб қўймоқчимиз. Ўйлайманки, бу масалаларни биз дўстларимиз билан биргаликда ижобий ҳал қила оламиз",- деб айтган Қозоғистон президенти.

Роғун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ихтилофлар бир неча йилдан буён давом этиб келади.

Ўзбекистон ҳукуматининг даъво қилишича, Роғун омборини сувга тўлдириш жараёнида дарёнинг қуйи минтақаларида жойлашган мамлакатлар саккиз йилгача сувсиз қолиши мумкин.

Ўзбекистондаги "Гидролойиҳа" очиқ ҳиссадорлик жамиятининг раҳбари Сергей Жигарев ҳам "Агарда Роғун электростанцияси қурилиши назарда тутилган минтақада кучли зилзила рўй берса 335 метрлик сув босими кескин ошиб, тўғон чидам бермай қолиши мумкин ва улкан сув тошқини минтақа учун цунамидек хавфни келтириб чиқаради", деб огоҳлантирган эди.

Роғун ГЭСи ширкатининг раиси Нурулло Шулашов ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу ГЭС қурилишига оид лойиҳа ҳақида билдирган хавотирларини "асоссиз", дея атаган.

Баъзи кузатувчиларга кўра, Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Роғун лойиҳасини қўллаб-қувватлашлари мумкин.

Бироқ уларнинг фикрича, Роғун каби буюк ва жуда қиммат иншоотлар ўрнига кичик ва ўрта гидростанциялар қурилиши Тожикистон учун манфаатлироқдир.

Таҳлилчилар томонидан 300 метрдан баланд тўғон тез-тез зилзила бўлиб турадиган Тожикистон ва минтақа учун жиддий хавф туғдириши айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.