BBC navigation

Яна бир хориж ширкати Ўзбекистонни тарк этмоқдами?

Сўнгги янгиланиш 10 сентябр 2012 - 11:26 GMT

"УзКарлсберг"нинг 400 ходими март ойидан буён ишсиз қолган.

Даниянинг дунёга машҳур "Карлсберг" ширкати Ўзбекистондаги бизнесини тарк этмоқчи эмас.

Бугун Би-би-си билан суҳбатда ширкат вакиллари "Карлсберг" Ўзбекистондаги пиво ишлаб чиқариш корхонасининг акцияларини сотиш борасида музокара олиб бораётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Охирги кунларда "Карлсберг Узбекистан" ширкатидаги манбаларга таяниб тарқатилаётган хабарларда Дания ширкати Ўзбекистондаги бизнесини бошқа сармоядорга сотиш мақсадида музокара олиб бораётгани хабар қилинган.

Бу хабарларда ширкатнинг Ўзбекистондаги корхонаси ҳам худди бошқа хорижий сармоядор ширкатларга ўхшаб Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бўлаётган текшир-текширлар шаклидаги босимлар туфайли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлаётгани айтилган.

Бироқ шуни айтиб ўтиш лозимки, бунгача бўлган барча хабарлар "Карлсберг Узбекистан" ширкатидаги ўз исмини ошкор этишни истамаган манбаларга асосланган.

Бугун ҳам Россиянинг РИА Новости агентлиги "Карлсберг Узбекистан"ни сотмоқчи бўлаётганлари ҳақида хабар тарқатган, харидор ким, қандай шартда олди-сотди муҳокама қилинаётгани номаълум экани хабар қилинган.

Би-би-си ушбу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкентдаги "Карлсберг Узбекистан" ширкати билан боғланганида, улар "Карлсберг"нинг Копенҳаген шаҳридаги бош қароргоҳи билан гаплашишни маслаҳат беришди.

"Карлсберг Груп"нинг Халқаро матбуот алоқалари ва масалалари бўйича вице-президенти Бен Мортон интервьюга рози бўлмади, бироқ унинг айтишича, Ўзбекистондаги корхоналари фаолияти фақат хомашё туфайли тўхтатилган.

Жаноб Мортон "Карлсберг" ўзининг Ўзбекистондаги бизнесини сотиш мақсадида музокара олиб бораётгани ҳақидаги хабарни рад этди, "биз Ўзбекистондаги бизнесимизни тарк этмоқчи эмасмиз", деди "Карлсберг"нинг Халқаро матбуот алоқалари ва масалалари бўйича вице-президенти Бен Мортон.

Жаноб Мортон Ўзбекистонда пиво ишлаб чиқаришда қанақа хомашё билан муаммо юзага келгани ва нима сабабдан корхона шу пайтгача ҳам ўз фаолиятини қайта бошламагани тафсилотини очиқламади.

Бироқ "УзКарлсберг" шу йил мартидан пиво ишлаб чиқаришни тўхтатган, ходимлар эса номаълум муддатга таътилга чиқариб юборилганлар.

Бунинг сабаби, ширкат дилерларининг фаолияти тўхтатилгани ва завод ишлаб чиқарган пивосини савдога чиқара олмай қолгани бўлган.

Ҳали 1 йил олдин Ўзбекистон Бош прокуратураси "УзКарлсберг"нинг фаолиятини текширишни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Бу текширишлар қандай мақсаддаги текширишлар бўлган, у якунландими-йўқми, бу текширишларнинг натижаси нима бўлди, маълум қилингани йўқ.

Дунёнинг тўртинчи йирик пиво ишлаб чиқарувчи ширкати бўлган "Карлсберг Груп" Марказий Осиёдаги биринчи заводини 2006 йилда қуришни бошлаган, 2007 йилдан буён "Сарбаст", "Тюборг" номидаги пиво турларини ишлаб чиқаришни бошлаган.

Бошида "Карлсберг" Ўзбекистоннинг "Сарбаст Плас" қўшма корхонаси билан ҳамкорлик қилган, 2009 йилда корхонанинг 100 фоиз акцияларини сотиб олган.

Расман "Карлсберг Груп" Ўзбекистонга 100 миллион долларлик сармоя киритгани, 400 дан ортиқ ўзбекистонликни иш билан таъминлагани хабар қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.