BBC navigation

Волкер Бек: Ўзбек ҳукумати бизнинг ҳақиқатни ўз кўзимиз билан кўришимизни хоҳламади

Сўнгги янгиланиш 12 сентябр 2012 - 15:38 GMT

Жаноб Бек бундан олдин ҳам Ўзбек ҳукуматини ваъда қилинган ислоҳотларни амалга оширмагани учун танқид қилган.

Ўзбекистон ҳукумати Олмония парламентининг инсон ҳуқуқлари комиссияси аъзоларининг ташрифини бекор қилишган.

Тўрт Олмон халқ вакили келгуси ҳафта Тошкентга сафар қилишни мўлжалланганди, бироқ уларга техник ва ташкилий сабабларга кўра сафарлари бекор қилингани айтилган.

Вакиллик гуруҳи инсон ҳақлари вазияти ва пахта далаларидаги болалар меҳнати борасидаги хавотирларни муҳокама қилишни мўлжаллашганди.

Би-би-си сафари бекор қилинган депутатлардан бири, Олмония Яшиллар партия аъзоси Волкер Бекдан Ўзбекистонга сафарлари бекор қилингани сабабини нима билан изоҳлашди, деб сўради.

Волкер Бек: Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари масалаларини Олмония парламенти аъзолари билан муҳокама қилишни ёқтирмаслиги аён. Олти йил олдин бизнинг қўмитамиз аъзолари Ўзбекистонга борган Олмония парламенти ҳайъатининг таркибида эди. Ва биз мухолиф қарашдаги инсонлар ҳуқуқлари, Ўзбек қамоқхоналарида сақланаётган виждон тутқунлари масаласини кўтарган эдик. Биз мамлакатдаги сўз эркинлиги вазияти, мажбурий болалар меҳнати ҳақида гапирган эдик. Бу сафар биз Ўзбекистонга бориб, ўша биз кўтарган масалалар борасида аҳвол яхшиланган-яхшиланмаганига ишонч ҳосил қилиш истагида эдик. Чунки 6 йил олдин Ўзбек ҳукумати бизга янги ислоҳотларни бошлаётганларини айтишган, вақти келиб ҳамма нарса яхши бўлади, деб ваъда берган эди. Бизнинг бу борада шубҳаларимиз кўп эди, ва биз Ўзбекистоннинг ўзига бориб, бевосита аҳволни ўз кўзимиз билан кўришни хоҳлаган эдик. Бу - Ўзбекистон ҳукуматининг бизга иккинчи марта мамлакатга киришимизга изн бермагани бўлди. Ўтган йили ҳам Олмония ҳайъати Ўзбекистонга бормоқчи бўлган, бизга эса боролмаслигимизнинг сабаби қилиб "Ўзбекистон президенти катта нутққа тайёрланаётгани ва ҳукуматнинг ҳамма идоралари ана шу маъруза устида ишлаётганлари"ни кўрсатишган эди. Бу йил эса техник ва ташкилий сабаблар туфайли Ўзбекистонга бора олмаслигимизни айтишди. Энди шу нарса аниқки, Ўзбек ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласида гаплашишни истамайди, улар бизнинг ҳукуматимиз билан ҳарбий масалалар ҳақида гаплашишни хуш кўришади. Бизнинг ҳукуматимиз эса Ўзбекистон ҳукуматини танқидлардан муҳофаза қилишни маъқул кўраяпти.

Би-би-си: Сиз агар Ўзбекистонга борганингизда пахта йиғим-теримига болалар жалб этилгани ва болалар меҳнати масаласини ҳам кўтармоқчи эдингиз, шундай эмасми? Ўтган йилги мавсумда Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнати ҳақида кўп хабарлар тарқалган ва шу кеча-кундузда ҳам Ўзбекистонда пахта сафарбарлиги бошланган. Сиз пахта мавсуми бошланиши ва сизнинг ташрифингиз бекор қилиниши ўртасида боғлиқлик бор, деб ўйлайсизми?

Волкер Бек: Ҳа. Биз Фарғонага бормоқчи, у ердаги аҳволни ўз кўзимиз билан кўрмоқчи эдик. У ердаги одамларнинг ўзлари билан гаплашиш истагида эдик. Ўзбек ҳукумати бизнинг ҳақиқатни ўз кўзимиз билан кўришимизни хоҳламади. Шу нарса аниқ.

Би-би-си: Биз шу кунгача олаётган хабарларга кўра, бу йилги пахта йиғим-теримига болаларни жалб қилмасликка қарор қилинган. Талабалар, бюджет идоралари ходимлари ва ўқитувчилар пахтага олиб чиқилаётгани хабар қилинаяпти. Агар болаларнинг пахтага олиб чиқилмагани тасдиқланса, бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

Волкер Бек: Агар бу чин бўлса, буни биз олқишлаймиз. Агар буни биз ўз кўзимиз билан кўрганимизда, бу хабарларга ишонган ҳам бўлар эдик. Ўзбек ҳукумати шаффофликни таъминламаяпти, бу нарса эса ишончсизликни келтириб чиқаради. Кейин эса яхши хабарнинг ҳам чин-ёлғонлиги тасдиқланишини кутиш керак бўлади. Агар Ўзбекистонда болалар пахтага олиб чиқилмагани чиндан юз берган бўлса, буни биз албатта олқишлаймиз.

Би-би-си: Кейинги ҳафта Олмония ҳукуматининг Ўзбекистон билан тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларига бағишланган музокаралари режаланган, сал кейинроқ эса икки томонлама алоқаларни муҳокама қилишмоқчи. Сиз нима деб ўйлайсиз, сизларга Ўзбекистонга киришга рухсат берилмагани учун Олмония ҳукумати иқтисодий мулоқотларни тўхтатиши керакми?

Волкер Бек: Мен ўйлайманки, улар музокараларни давом эттиришлари керак. Фақат улар Ўзбекистон ҳукуматига шу муждани етказишлари керакки, агар улар шаффофликни таъминласалар, Бундестагнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва бошқа қўмиталарига мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол билан бевосита танишишлари учун эркин сафар қилиш имконияти берилса, Ўзбек томони биздан истаётган нарсалар амалга оширилишини англатиш керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.