BBC navigation

Президент Каримов: 'Ўзбекистонга демократияни ёшлар олиб келади'

Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2012 - 10:27 GMT

Жаноб Каримовнинг сўзлари талаба ёшлар ёппасига пахтага жалб этилган пайтда янграган

Президент Ислом Каримов шўро ўтмиши билан алоқаси бўлмаган бугунги ўзбек ёшлари мамлакатга демократик ўзгаришларни олиб келишини айтган.

Жума куни Тошкентда дипломатлар ва хорижий ишбилармонлар қаршисида гапирган жаноб Каримов уларни Ўзбекистон "демократик дунё қандай ривожланаётган бўлса, худди шу йўналишда ривожланади" деб ишонтирган.

"Кўпинча, деган у, хорижий меҳмонлар билан учрашувларимиз чоғида улар Ўзбекистон қандай жамият қураётгани билан қизиқишади... Сиз олий ўқув юртлари, коллежларни битираётган ёшларнинг кўзига қаранг, улар нимага интилаяпти, қайси йўналишда ҳаракатланмоқчи? Агар сиз ҳақиқатан Ўзбекистон бундан кейин ҳам демократик йўналишда боришига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз, бизнинг ёшларимиз билан кўпроқ мулоқотда бўлинг", деган жаноб Каримов.

Унга кўра, бугунги ўзбек ёшлари "совет тузуми нима эканини билмайди. Улар ўз кучига ишонган, эркин ва асосийси, ўтмиш мафкурасидан аллоқачон халос бўлган янги авлоддир",

Жаноб Каримовнинг айтишича, СССР ортиқ ривожлана олмай қолгани учун парчаланган.

"Тузум бошқа яшай олмасди. Биз демократик дунё қандай ривожланаётган бўлса, шундай ривожланишимиз керак эди. Ва биз худди шу йўналишда ривожланамиз",- дея таъкидлаган Президент Каримов.

Унинг сўзлари пойтахт Тошкент дохил, Ўзбекистон бўйлаб бутун коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари пахта йиғим-теримига жалб қилинган пайт янграган.

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил этади.

Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўриладиган тўнғич қизи Гулнора Каримова расмий матбуот томонидан "ёшларнинг ҳомийси" сифатида тақдим этиб келинади.

"Юқори ўсиш"

Ўзбекистон раҳбари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бағишланган халқаро анмжуман қатнашчиларини Ўзбекистонга кўпроқ сармоя киритишга чақирган.

У ҳукумат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка катта аҳамият қаратгани боис Ўзбекистон 2008-2009-йиллардаги жаҳон молиявий инқирозининг салбий оқибатларини "ортиқча қийинчилик ва талофатларсиз енгиб ўтгани"ни таъкидлаган.

Жаноб Каримовга кўра, Ўзбекистон иқтисоди сўнгги 6 йил мобайнида 8.2 фоиздан "кам бўлмаган суръатларда ўсиб борган ва мамлакатда 5 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Президент мамлакатдаги ишсизлик ва инфляция даражаси ҳақида ҳеч нарса демаган.

Ўзбекистондаги "юқори ўсиш кўрсаткичлари"ни анжуманда сўзга чиққан Жаҳон Банки вице-президенти Джанамитра Деван ҳам тасдиқлаган.

Унга кўра, Ўзбекистон глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида "юқори даражадаги иқтисодий ўсиш суръатларини таъминламоқда".

Таҳлилчиларга кўра, аҳолининг учдан бир фоизи қашшоқликда ҳаёт кечираётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган Ўзбекистондаги ўсиш кўрсатчкичлари макроэкономик кўрсаткичлар бўлиб, бу ўсиш асосан мамлакат экспорт қилаётган табиий заҳиралар ҳисобидан таъминланмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари уйларига юбораётган миллиардлаб пул-маблағлар сўнгги йилларда ўзбек сўмини бутунлай қадрсизланишдан асраб қолгани айтилади.

Фикр ва мулоҳазаларингизни саҳифамиз пастидаги форма орқали йўлланг.

Ислом Абдуғаниевич, сиз Ўзбекистонни демократик тузум деб айтаяпсиз, нимаси демократик? Сизнинг режимингиз собиқ совет режимидан фарқи йўқ-ку, совет союзи ривожлана олмагандан парчаланди, деяпсиз, сиз Ўзбекистонни ривожлантира олдингизми?. Ўзингиз биласиз экан ривожлана олмаган режим парчаланишини, сизнинг режимингиз ҳам Ўзбекистонни ривожлантира олмади, олмагани етмагандек, сизнинг қизингиз ҳам сизнинг меросхўрингиз бўлмоқчи

Тонготар, Россия

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.