BBC navigation

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақини белгилаш тартиби ўзгарган

Сўнгги янгиланиш 16 сентябр 2012 - 13:26 GMT

Меҳнат қонунларига киритилган янги ўзгаришларга мувофиқ бундан буён энг кам иши нулинчи эмас, балки биринчи разряд бўйича белгиланади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, бу энг кам иш ҳақи миқдори икки баробарга ортади деганидир.

Ҳозирда бу миқдор 72 минг 355 сўм ёки қора бозор курси бўйича 26 долларга яқинни ташкил қилади.

Тошкентдан иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, сўнгги ўзгариш иқтисод учун "ҳеч қандай" аҳамиятга эга эмас.

"Бу хўжакўрсинга чиқариб қўйилган рақам ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Рақамларни бундай кўтариш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Чунки, бунақа ойликка яшаб бўлмаслигини ҳамма билади", дейди иқтисодчи.

Ўзбекистонда расман аҳоли турмуш даражасини кўтариш мақсадида маошлар оширилиши айтилади.

Аммо, оддий одамлар иш ҳақлари оширилиши ҳақидаги хабарни хурсандчилик билан эмас, хавотир билан қаршилашларини айтишади.

Аввалги йилларда энг кам иш ҳақи кўпайтирилганидан кейин жамоат транспорти ёки коммунал хизматлар айрим турлари учун ҳақлар икки бараварга ошгани кузатилган.

Бу қимматлашувлар кўп ҳолларда президент фармонида кўзда тутилган оширилган маошни ишчи-хизматчилар ўз қўлларига олмасдан туриб юз берган.

Жаҳонгир Шосалимовнинг таъкидлашича, ҳозирда солиқлар, газ, сув тўловларининг ўзи "ҳар бир оилага 200 минг сўмдан ортиққа тушаётган" бир пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу қадамини аҳоли турмуш тарзини кўтариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари сифатида қабул қилиш мумкин эмас.

"Солиқларнинг ўзига 200 минг кетади, яшаш учун яна 300 минг. 500 мингдан кам даромад қиладиган оила бу умуман инқирозга маҳкум бўлган оила", дейди у.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 1 августидан энг кам иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш ҳақида фармон чиқарганди.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.