BBC navigation

Бу гал Гулнора Каримова жамғармасининг китоблари мукофотланди

Сўнгги янгиланиш 17 сентябр 2012 - 13:04 GMT

Яқинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг "Буюк Ипак Йўли - гуманитар ҳамкорлик" мукофотига ҳам лойиқ деб топилганди

Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари тарқатган хабарларга кўра, Фонд Форум жамғармасининг китоблари МДҲ давлатлари "Китоб санъати" IX халқаро танловининг учта дипломи билан тақдирланган.

Мукофотларни топшириш маросими ўтган ҳафта бўлиб ўтган навбатдаги Москва Халқаро китоблар кўргазмаси доирасида уюштирилган.

Халқаро кенгашнинг биринчи ва иккинчи даражали дипломларига лойиқ топилган "Ўзбекистон меъморчилик эпиграфикаси дурдоналари" ва "Шарқ хаттотлиги ва миниатюраси намуналари" китоблари халқаро кўргазмада ҳам намойишга қўйилган.

Хабарларга кўра, кейинчалик мукофот олган бу китоблар МДҲ давлатлари тарихи музейига берилган.

Халқаро танловнинг ўзи эса, шу йилнинг май ойида Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтганди.

Иштирокчи давлатлар томонидан жаъми 120 дан ортиқ китоб танловга қўйилган ва етти йўналиш бўйича "ғолиб" китоблар танлаб олинганди.

Халқаро ҳайъат таркибида Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Украина, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Беларус вакиллари бўлганликлари айтилади.

Хабарларга кўра, ўтган йил ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида босмадан чиққан "Ўзбекистон меъморчилик эпиграфикаси дурдоналари" асари "Маданият. Фан. Маориф" номинацияси бўйича биринчи ва "Арт-китоб" номинациясида иккинчи ўринни эгаллаган.

Ушбу китобдан Ўзбекистондаги меъморий обидаларга битилган энг ёрқин ҳаттотлик ёзувлари ўрин олгани айтилади.

Фонд Форумнинг "Ўзбекистон" босмахонаси билан ҳамкорликда 2009 йилда рус, ўзбек, инглиз ва япон тилларида чоп этган "Шарқ хаттотлиги ва миниатюраси намуналари" китоби эса, "Ҳамдўстликда чоп этилган" номинациясида биринчи ўринга лойиқ деб топилган.

Москва Халқаро китоблар кўргазмаси дунёдаги энг нуфузли ва йирик китоб тадбирларидан бири саналади.

Халқаро кўргазмага ҳар гал дунёнинг ўнлаб давлатларидан вакиллар келишади.

Бу йилги кўргазмада 45 иштирокчи давлат вакилларининг ўнлаб тилларда чоп этилган 200 мингдан ортиқ китоб намуналари билан иштирок этганликлари айтилади.

Кетма-кет мукофотлар

Яқинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг "Буюк Ипак Йўли - гуманитар ҳамкорлик" мукофотига ҳам лойиқ деб топилганди.

Ушбу мукофот Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар орасида гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида ҳисса қўшган таниқли шахсларга берилади.

Шу йил бошида Гулнора Каримованинг Фонд Форум жамғармаси "Ёш иқтидорларни кашф этишдаги хизматлари учун" Ўзбекистон ҳукуматининг махсус ёрлиғи билан ҳам мукофотланганди.

Аммо Ўзбекистоннинг Испания ва БМТдаги элчиси бўлган Каримова хонимнинг жамғармаси ҳар йили миллионлаб долларлик лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида ҳисоб беради, аммо бу миллионларнинг қаердан келгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Бундан аввал Ўзбекистон президенти кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг ҳам гимнастика ривожига, саратон хасталигига қарши курашда қўшган ҳиссалари учун турли мукофотлар билан тақдирлангани ҳақида хабар берилганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.