BBC navigation

“Ўзбекистонда пахта тозаловчи заводлар қарзга ботган”

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 13:55 GMT

Ўзбекистонда бу йилги пахта терими мавсумига сафарбарлик ҳар қачонгидан ҳам кенгроқ эканлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда пахтани йиғиб териб олишга бу йил мисли кўрилмаган даражада сафарбарлик эълон қилинган бир пайтда, пахтадан келадиган пулларнинг жуда оз қисми уни етиштирган ёки қайта ишлаганларнинг чўнтагига келиб тушиши айтилади.

Ўзбекистонликлардан бирининг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, пахтани қайта ишловчи заводлар шу кунларда давлат ва ишчилардан миллиардлаб сўмлик қарзга ботган.

"Ҳозир бизда ҳамма пахтага жалб қилинган. Бухгалтерлардан тортиб, пахтани қабул қилиб олувчи лаборантларимизгача даладаги ва кўчада тракторлардан тушиб қолгани пахтани териб юрибди", дейди суҳбатдош.

Пахтани қабул қилиб олувчи ходимлар эса куни бўйи пахтада юриб, кечки вақт келиб пахтани қабул қилиб олишар экан.

Суҳбатдошга кўра, бу ходимлар ҳамма пахтани қабул қилиб олмагунча ишдан кетмайди.

"Керак бўлса эрталабгача ишлайди. Эртаси куни яна пахтага чиқишга мажбур. Фақатгина пахтани тозаловчи цехлардаги ишчиларгина ўз ўрнида", дейди у.

Унга кўра, пахтани етиштиришдан тортиб уни териб олишгача бўлган жараён пахтани қайта ишловчи заводларнинг ҳам зиммасига тушганига анча бўлган. Аммо ишчиларнинг бу даражада пахтага чиқарилиши ҳали кузатилмаган.

"Завод ишчилари ўз касблари қолиб ҳар йили пахта ягонаси, чопиғи, териб олиш каби ишларга жалб қилинади. Вилоятдаги ҳар бир заводга маълум миқдорда ер берилган ва ўша ерда ишлашга мажбур. Сабаби фермерлар етишмайди, борлари ҳам қийинчиликларга чидай олмай, ерни ташлаб Россияга қочиб кетаяпти.

Қизиғи ушбу ерда ишлагани учун завод ишчилари қўшимча ҳақ олмайди. Бериладиган маошга қаноат қилади.

Маошлар ҳам ой сайин берилмайди. Охирги марта ҳайит ва мустақиллик байрами арафасида ойлик олдик. Ундан олдин 9 майдаги байрамда олганмиз. Кейинги маош янги йил арафасида берилади.

У ёғини сўрасангиз давлатга минглаб тонна тола тозалаб берувчи заводимиз давлатдан қарз.

Қатнайверганидан солиқчиларнинг туфлиси тешилган бўлса керак. Солиқ тўламаслик натижасида йиғилиб қолган пулларнинг ўзи 5-6 миллард сўмдан кам эмас.

Ундан ташқари газ, ва электрчилардан ҳам қарздор. Сабаби давлатга етказилиб берилаётган тола деярли текинга берилади. Толанинг пули завод тугул вилоятдаги заводларнинг уюшмасига ҳам келиб тушмайди.

Вилоятга толадан анча арзон турувчи калта тола, яъни момиқнинг пули келиб тушади. Лекин вилоят бошқармаси ўша пулнинг ҳам жуда кам миқдорини заводларга беради. Шунинг учун ҳам вилоятдаги барча заводлар қарзга ботиб ишлаяпти.

Заводлар ишчилардан ҳам қарздор. 2-3 миллион сўмгача маошини ололмай юрган ишчилар бор.

Маошларнинг бир неча йилдан бери тўлиғича пластик карточкада берилади. Аммо маошнинг ўша карточкага ҳам тушиши жуда қийин. Май ойида 100 минг сўмдан ташлаб беришди. Бу пул ҳаттоки тушликка ҳам етмайди.

Йиғилиб қолган маошларимизнинг кўпи билан 75 фоизини олганмиз. Қолган пайти ўша йиғилган ойликларнинг 30-45 фоизини олиш билан чекланамиз.

Айримлар, маош ўрнига моли учун заводдан чиқадиган чанғалоқ ва шунга ўхшаш бошқа чиқитларни олади.

Пахтани етиштиришда турли кимёвий дорилар ишлатилгани учун бу чиқитларни истеъмол қилмаслик тавсия қилинади. Аммо шунча еб мол ҳам одам ҳам ўлмагани учун ишлатаверамиз.

Завод шунақа машмашали бир соҳага айланаган бўлса ҳам олий маълумотлидан тортиб ўқимаганигача ҳаммаси ўзини заводга уради.

Сабаби бошқа иш йўқ, борларида ҳам шу аҳвол. Асосийси заводда маош берилмаса ҳам ўғирлик қилиш мумкин.

Оддий ишчи, чанғалоқ ва чигитни ўғирлар эди. Аммо чигитни ҳозир раҳбарлар ўғирлаётгани учун оддий ишчиларга чанғалоқ қолган. Раҳбарлар йўлини қилиб камаз -камаз чигитларни чиқаришади ва шу билан даромад кўришади.

Ҳар икки ёки 3 йилда раҳбарлардан бирортасининг ўғирлик билан қамоққа тушгани ёки ишдан ҳайдалганини эшитиш мумкин.

Заводнинг ҳисобида пули бўлмагани учун пахтани қайта ишловчи станокларнинг ҳаммаси шўролар давридан қандай қолган бўлса шундайлигича турибди.

Буларни ҳар йили қайта тирилтирувчи таъмирловчиларнинг маҳоратига тан бермай илож йўқ", деди Би-би-си билан суҳбатда ушбу Ўзбекистонлик.

Сиз бу йилги пахта териш мавсумида иштирок этяпсизми? Иштирок этаётган бўлсангиз нималарга гувоҳ бўлмоқдасиз? Бу ҳақда uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига ёда қуйидаги махсус форма орқали ўз фикр-мулоҳазаларингизни юборинг.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.