BBC navigation

Ўзбекистон ҳукумати TeliaSonera ишини 'четдан кузатмоқда'

Сўнгги янгиланиш 21 сентябр 2012 - 11:56 GMT

Швеция ҳукуматига кўра, TeliaSonera сўнгги иддаолардан кейин ўзининг обрўсини қайта тиклаши керак.

Швеция ҳукумати Ўзбекистондаги лицензияси учун Президент Каримов оиласига яқин шахсларга пора бергани иддао қилинган Швеция ва Финландиянинг йирик телекоммуникация тармоғи TeliaSonera ни танқид қилган.

Ҳукумат вазири Питер Норманга кўра, TeliaSonera сўнгги воқеалардан кейин ўзининг обрўсини қайта тиклаши керак.

Швециянинг Жамоатчилик телевидениеси чоршанба куни намойиш этган филмда ҳиссаларининг учдан бир қисми швед ҳукуматига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги тузумга пора берганликда айбланган.

TeliaSonera бу иддаоларни рад этган ва Ўзбекистондаги маҳаллий қонунчиликка биноан иш юритганини таъкидлаган.

Жимжитлик

Айни пайтда ўзбек расмийлари швед матбуотидаги иддаолар ва Швейцарияда аввалроқ бошланган жиноий текширувлар борасида сукут сақлашмоқда.

"Гулнора Каримова ҳукуматда ҳеч қандай лавозимни эгалламайди. Унинг Тeliosonera билан боғлиқ қарор қабул қилиш ваколати йўқ"

Сергей Ежков, журналист

Ҳукумат доираларида ўз манбаъларига эга Узметроном.ком веб саҳифаси Бош муҳаррири Сергей Ежковнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Гулнора Каримова ҳам ҳозирча жараённи четдан кузатиб туришибди.

"Ўзбекистон расмийлари томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилганича йўқ. Чунки бу ердагилар мамлакат ташқарисида намойиш этилган қандайдир филмга муносабат билдириб ўрганишмаган. Бу биринчидан. Иккинчидан, ушбу иш бўйича ўзбек томонига ҳеч ким расмий маълумотлар ва расмий сўров билан мурожаат қилмаган. Филмнинг ўзига келсак, ҳа, журналистлар тадқиқот олиб боришган, аммо журналистик тадқиқотнинг ўзи хали расмий муносабат билдириш учун етарли эмас", - дейди Сергей Ежков.

Унга кўра, ҳозирда бутун эътиборнинг Гулнора Каримовага қаратилгани "ҳуқуқий нуқтаи назардан" тўғри эмас.

"Гулнора Каримова ҳукуматда ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламайди. Унинг Тeliosonera ёки бошқа ширкатлар билан боғлиқ қарорни қабул қилиш ваколати йўқ. Ўша пайтда бу каби ваколатларга эга расмийлар бўлишган", - дейди журналист.

Оилага зарба?

Аввалроқ жаноб Ежков ўз нашрида TeliaSonera билан боғлиқ ишда Гулнора Каримова эмас, балки яқинда лавозимидан четлатилган Бош вазир ўринбосари Абдулла Ориповнинг қўли бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурган эди.

Сўнгги хабарларга кўра, телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилиб келган жаноб Ориповга нисбатан жиноят иши очилган.

"Абдулла Орипов Бош вазир ўринбосари лавозимида иқтисоднинг айнан шу соҳасига жавоб берган. Шунинг учун бу ерда расмий ваколати бўлган Бош вазир ўринбосарини четлаб ўтиб бўлмайди", - дейди Сергей Ежков.

У швейцариялик прокурорларда Гулнора Каримовага саволлар пайдо бўлса, улар ўзбек томонининг ҳамкорлигига умид қилишлари мумкин, деб ишонади.

"Менимча, улар ҳар-хил гап-сўзлар, фаразу тахминларнинг урчиб кетмаслигидан манфаатдорлар", - дейди журналист.

Жаноб Ежковга кўра, Швеция ва Швейцариядаги текширувлар Гулнора Каримова ҳамда Президент Каримов оиласининг обрўсига қанчалик путур етказиши мумкинлиги ҳақида гапиришга хали эрта.

"Ҳамма нарса текширувнинг натижасига боғлиқ",- дейди Узметроном. ком бош муҳаррири.

Би-би-сининг бу борада Ўзбекистон Бош Прокуратурасига қилган мурожаати ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.