BBC navigation

Тошкентда мардикорлар ҳақларини ёқлаган фаоллар ҳибсга олинган

Сўнгги янгиланиш 23 сентябр 2012 - 11:49 GMT

Мардикорлар арзимаган пулга ҳар қандай оғир ишни қилишга мажбур бўлиши айтилади

Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида милиция ходимлари фаоллар Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовларни ушлаб олиб кетишган.

Инсон ҳақлари фаоллари мардикорларни йиғиб, уларга ўз ҳақлари борасида тушунтириш ишлари олиб бораётганда милиция ходимларининг эътиборини тортган.

Хабарларга кўра, фаоллар иш топиш илинжида меҳнат бозорига келган одамларга "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"га кириш учун варақалар тарқатишган.

Мардикорлар Ўзбекистондаги энг ҳуқуқсиз табақа ҳисобланиб, ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари доимий равишда бузилиб келиши маълум.

Айни пайтда мардикорлар мажбурий пахта йиғим теримига жалб қилинаётгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, шахсий ҳовли жойларнинг қурилишларида қуллар каби ишлатилган мардикорлар ўзларига арзимаган иш ҳақи берилганини айтишган.

Шу ҳимоясиз инсонларни ҳимоя қилишга бел боғлаган Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовларни Тошкентнинг Ҳамза тумани милиция бўлими зобити ҳибсга олиб, уларни ички ишлар бўлимига олиб кетган.

Улар ўзларини ушлашганини ҳуқуқбон Абдулла Тожибой ўғлига телефонда хабар беришга улгурганлар.

Бугунги хабарларга кўра эса, Абдулла Тожибой ўғлини ҳам Ҳамза туман Ички Ишлар бўлимига чақиришган.

Тошкентлик ҳуқуқбонлардан бири Шуҳрат Рустамовнинг бизга айтишича, шанба куни тушки 12 да ушлаб кетилган икки ҳуқуқ фаоли бугун ҳам Ички ишлар бўлимида сўроқ қилинмоқда.

Абдулла Тожибоев ўғлига Ички ишлар бўлимидан айтишларича, ҳуқуқбонлар қонунга хилоф иш қилишган.

"Бироқ Ўзбекистон Конституциясининг 34 - моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба ушмасига аъзо бўлиши мумкин. Бу қонунда кўрсатилган ва биз қонунга хилоф иш қилмаганмиз. Абдулла аканинг менга айтишларича, уларга "Маъмурий жавобгарлик кодекси"нинг 201-моддаси бўйича маълумот тўплашяпти, маҳкамага оширишса керак, деб ҳозир кириб кетдилар",-дейди фаол Шуҳрат Рустамов.

Абдулла Тожибоев ўғли ва бошқа бир қанча фаолларга илгари ҳам бир неча марта маъмурий жазолар берилган.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, уларнинг ҳаракатларига нисбатан катта миқдордаги пул жарималари белгиланишининг ўзи Конституцияга хилоф бўлганлиги боис, маҳкама қарори кучга кирмай қолиб кетаверади.

"Энди булар юқоридан берилган буйруқни бажарамиз деб ўзлари ноқонуний қадам қўйишади-да, кейин ижросини индамай ташлаб қўйишади".

Шанба куни ҳуқуқбонлар мардикорлар билан қанчалик гаплашиб, мақсадларини тушунтира олишган?- деган саволимизга жавобан, ана шу гаплашишга улгурилган 5-6 та мардикорни топиш мақсадида милиция фаолларни ушлаб ўтирибди",- дейди Шуҳрат Рустамов. "Ҳуқуқбонлар мардикорларга яна қандай ташвиқотларни қилишга улгуришди, шуни билишмоқчи",- деб айтади фаол.

"Энди мардикор бечора энг ҳимоясиз қатлам бўлиб қолди. Ушлаб олиб кетишади, чўнтагида пули бўлса бериб қутулади, бўлмаса обориб тиқиб қўйишади Панельнийга. Мана куни кеча ҳам иккита йигитни Абдулла Тожибой билан аралашиб, чиқариб келдик. Бу энди келиб-келиб ўзимизнинг юртимизда тағин. Уларнинг энг сўрайдигани: Ҳа, қаердансан? -Қашқадарёдан, нима қилиб юрибсан? Мана шундан бошланади саволи. Паспортни очиб ўқимайдики, Ўзбекистон фуқароси бўлгандан кейин Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида юришга ҳаққи борку буларнинг?"-дейди биз билан суҳбатлашган Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистонда ҳар қандай норозилик намойиши ва оммавий ҳаракатларни ўтказишга уриниш ҳукумат томонидан дарҳол бостирилиши ва унинг иштирокчилари доимий назорат олиниши одатий ҳол ҳисобланади.

Шу боисдан ҳам қатор қонунбузарликларни, ўз ҳақлари поймол этилаётганини кўриб турса-да, аҳолининг аксарият қисми сукут сақлашни афзал билади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.