BBC navigation

Ўзбек фильми "Киношок-2012" фестивалининг ғолиби

Сўнгги янгиланиш 24 сентябр 2012 - 09:40 GMT

Анапада ўтказилган "Киношок-2012" XXI фестивалида Ўзбек киночиларининг "Паризод" филми ғолиб деб топилган.

Филм ёзувчи Эркин Аъзамовнинг "Фаришта" киноқиссаси асосида режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган.

Асосий ролларни Зарина Низомиддинова, Самиддин Лутфуллаев, Дилором Каримова каби ижодкорлар талқин этишган.

Киноасарда тасвирланган қишлоқ ҳаёти, одамлари, фариштадек қизнинг беғубор туйғулари томошабинни ўзига жалб қилади.

Мукаммал сценарий ва режиссура уйғунлиги филмнинг муваффақиятини таъминлаган.

Филм ҳақида биз билан суҳбатлашган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давронга кўра, киноасарда олис тоғ қишлоғидаги ҳаётнинг аччиқ ва фожеали томонлари тилсиздек кўринган париваш бир қизнинг кечинмалари гарчи у гапирмасада, ишонарли тарзда томошабинга етказилади. Филмда инсон тақдири зиддиятлар орқали кўрсатилади.

Кейинги йилларда халқаро миқёсда тан олинган ўзбек филмлари мукаммал сценарийси, янгича режиссёрлик ёндашуви ва энг муҳими ўзбекона миллий оҳанги билан эътиборни тортади.

" Ўзбек киносида янгича идрок пайдо бўлаётганининг сабабчиларидан бири кинодраматург Эркин Аъзам",- дейди Хуршид Даврон ҳам. "Дастлаб қараганда филм эртаксимон, афсонасимондек, паривашнинг пайдо бўлиши ҳам ғайритабиийдек кўринади. Лекин синчков томошабин учун бугунги кунимизнинг аксини пайқаш қийин бўлмайди"."

Филмда Паризод орқали бош қаҳрамонлардан бири Жонибекнинг тақдири, ўзи топган бахтни англамаган ҳолда топтаган бир инсон ҳаёти гавдаланади.

Фестивалда мукофотга сазовор бўлган "Паризод" боис биз билан кино ҳақидаги фикрларини ўртоқлашган Хуршид Даврон яқинда интернет ва матбуотда тарқатилган маълумотни келтиради.

Кузатишларга кўра, айни пайтда Собиқ Иттифоқ давлатларида фақат Ўзбекистонда экраннинг асосини маҳаллий киносаноатда ишланган асарлар эгаллаган.

Шу билан бирга, бугунги замонавий ўзбек филмлари Марказий Осиё давлатларида ҳам анчагина машҳурлиги айтилади.

Ўзбек томошабини Голливуд ва Билливуд киноларидан кўра, ўзбек киноларини қизиқиб кўраётганлиги киносаноатда янги давр бошланганини, олди-қочди филмлардан бадиий жиҳатдан юксак киноларга томон ижодий жараён бораётганини кўрсатади.

Бундан олдин режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг "Сув ёқалаб", Ёлқин Тўйчиевнинг "Чашма", "Қор қўйнида лола", Юсуф Розиқовнинг "Воиз" "Эркак" каби филмлари ҳам халқаро фестивалларда қатнашишга муваффақ бўлган.

"Киношок" фестивалида МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари киночиларининг 14 филми иштирок этган.

Грузиялик Заза Урушадзе "Васий" филми билан энг яхши режиссёр, "Ёлғиз орол" фильми муаллифи Пеэтеру Симму энг яхши сценарийнавис, Александр Симонов "Мен ҳам хоҳлайман" филми учун энг яхши оператор сифатида тақдирланган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.