BBC navigation

Ўзбекистонда буханка нонлари яна қимматлади

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2012 - 10:12 GMT

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, кеча 25 сентябрдан бошлаб мамлакат дўконларида оддий буханка нонлари 10 фоизга қимматлаб, нархи 550 сўмга чиққан.

Бу - Ўзбекистонда мамлакат аҳолиси энг кўп истеъмол этувчи биринчи навли ундан тайёрланган буханка нонлари қийматининг илк бор кўтарилиши эмас.

Дейлик, ўтган йил октябр ойида бу каби нонларнинг нархи бир ошишда чорак фоизга ортиб, 400 сўмдан 500 сўмга чиққанди.

Мавжуд вазият бозордаги нонлар нархларига ҳам таъсир этмай қолмаган, ўзбекистонлик суҳбатдошларимиздан бирининг айтишича, шу вақтгача донаси 600 сўм турган ёпган нонларни 750 сўмдан сотиб олган.

Нон аксарият аҳолиси камбағалликда ҳаёт кечирувчи Ўзбекистонда одамлар энг кўп истеъмол қилувчи маҳсулот тури ҳисобланади.

Сабаб нимада?

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов бунинг энг асосий сабабини нон ишлаб чиқарувчи корхоналар, йирик нон заводларининг нотабиий монополияга айланиб қолгани билан изоҳлайди.

"Янги заводлар қурилмаяпти, эскилари эса, монополияга айланиб, ўзлари хоҳлаган пайтда маҳсулотлари нархларини ошираяпти", дейди у.

Иқтисодий таҳлилчига кўра, Ўзбекистонда буғдой етиштириш учун йилнинг яхши келгани, катта миқдорда ғалла ҳосили олингани назарда тутилса, бунинг бошқа сабаби бўлиши мумкин эмас.

"Хом-ашёнинг нархи ошмасдан туриб, тайёр маҳсулот қийматининг ошиши бу - ўша буханка нонларни чиқарадиган заводларнинг ўз истеъмолчилари устидан зўравонлигидир".

Маҳаллий кузатувчилар Ўзбекистонда истеъмолчилар жамиятлари тузилгани, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этишга оид қонун қабул қилинган эса-да, уларнинг фаолияти жуда суст бўлаётганини урғулашади.

Уларга кўра, нон нархининг бирданига 10 фоизга ошиши ижтимоий кайфият, одамларнинг ишончига путур етказмай қолмайди.

"Давлат назорат идоралари ҳам, истеъмолчилар жамиятлари ҳам, истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам ноннинг нархида жуда қаттиқ туришлари керак", дейишади кузатувчилар.

Қолган нарх-наволар-чи?

Маҳаллий иқтисодчиларга кўра, нон нархининг қимматлагани, ўз навбатида, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоларига ҳам таъсир этмай қолмайди.

"Ҳамма савдо аҳли шундай. Улар ноннинг баҳосига қараб ўтиришади. Агар ноннинг нархи ошса, бу улар учун ўз маҳсулотлари қийматини кўтариш учун бир сигнал бўлади. Бараварига 10-20 фоизга ошираверади", дейди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

Иқтисодий таҳлилчи бунинг сабабини ноннинг жамиятда истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар орасидаги мувозанатнинг белгиси бўлиб хизмат қилиши билан изоҳлайди.

Сўнгги йилларда миллионлаб аҳолиси ўз юртларда меҳнат муҳожирлиги орқасидан кун кечирувчи Ўзбекистонда бошқа энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ҳам кўтарилиб кетгани кузатилади.

Дейлик, уннинг нархи қарийб икки баробарга ортгани, ёғ, гўшт ва шакар каби маҳсулотлар ҳам 20, 30, 40 фоизгача қимматлагани кузатилганди.

Ўзбекистонда ҳар йил бўлгани каби бу йил август ойидан бошлаб, маош ва нафақалар миқдори оширилган.

Аммо маҳаллий иқтисодчиларга кўра, кўтарилган маошлар Ўзбекистонда ҳар доим кузатилганидек нарх-навонинг ўсишини қоплай олмайди.

Уларнинг таъкидлашларича, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши миллий пул бирлиги инфляциясига ҳам сабаб бўлмай қолмайди.

Инқироз

Ўтган йил нарх-наво юзасидан мустақил мониторинг олиб борган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи мамлакатда озиқ-овқат инқирози юзага келгани ҳақида огоҳлантирганди.

Гуруҳ эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиётида юзага келган вазият "фалокат" деб тасвирланганди.

Ҳисобот муаллифи Жаҳонгир Шосалимов Би-би-си билан суҳбатида нарх-наво кўтарилиши ортида Ўзбекистон ҳукумати юргизаётган нотўғри сиёсат турганини айтади.

Жаҳонгир Шосалимов бу ўринда ўзининг асосий эътиборини ҳаёт кечириш учун ўта зарур маҳсулотлар қийматининг "ғайриинсоний" даражада ошиб бораётгани билан изоҳлаганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, асосий истеъмол моллари нархларининг кўтарилаётгани аҳоли камбағал қатлами учун "қаттиқ зарба"дир.

Аммо улар бу каби манзарада аҳоли ўзининг норозилигини очиқча билдиришга ботинолмаслиги ҳозирги кунда ижтимоий-сиёсий бир маданиятга айланиб қолганини урғулашади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.