BBC navigation

Швецияда TeliaSonera ширкатига қарши текширув бошланган

Сўнгги янгиланиш 26 сентябр 2012 - 14:57 GMT

TeliaSonera раҳбарлари Ўзбекистондаги фаолиятида қонунчиликка риоя қилганини айтмоқда.

Рейтер агентлигига кўра, Швецияда TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистонда иш юритиш учун телекоммуникация лицензиясини сотиб олишига доир текширув бошланган.

Швед давлатига қисман тегишли бўлган TeliaSonera 2007 йилда Гибралтардаги ширкатдан 3G-лицензияларини сотиб олган пайтида Ўзбекистондаги маҳаллий қонунчиликка биноан иш юритганини таъкидлаган.

Ширкат вакили ўзларига қўйилаётган ноқонуний пулларни қонунлаштириш ва порахўрлик айбловлари бўйича мустақил текширув олиб борадиган мутахассислар ёлланишини маълум қилсада, бу борада аниқроқ тафсилотлотларни ошкор этмаган.

Швеция прокуратураси ҳам бу айблов бўйича текширув бошлаганини тасдиқлаган, бироқ бошқа изоҳ беролмаслигини айтган.

Ўтган ҳафтада Швеция телевидениеси Ўзбекистондаги Ucell ширкатининг эгаси бўлган TeliaSonera Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин экани айтилган шахсга миллионлаб доллар тўлагани иддао қилинган филмни намойиш қилган эди.

Ширкат Ўзбекистонда 3G мобил телефон алоқа хизматини йўлга қўйиш учун рухсат олиш эвазига Гибралтарда қайд қилинган Takilant Ltd ширкатига 320 миллион долларга тенг пул ўтказган.

Филм муаллифларининг тадқиқотлари шуни кўрсатганки, Takilant Ltd нинг эгаси Гулнора Каримовага яқин бўлган аёлдир.

Швед журналистларига кўра, ўзбекистонлик бу аёл Швейцария расмийлари томонидан ноқонуний пулларни ўзлаштиришга доир йирик тергов жараёни марказида туради.

Филм муаллифларининг Би-би-сига айтишларича, ушбу филм сўнгги олти ойда олиб борилган журналистик суриштирув натижаларини ўз ичига олган.

Швеция ҳукумат вазири Питер Норман TeliaSonera сўнгги воқеалардан кейин ўзининг обрўсини қайта тиклаши керак деб айтган.

TeliaSonera директори Ларс Найберг эса ширкатга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар тасдиқланса ўзининг истеъфо беришини билдиради.

Ўзбек расмийлари швед матбуотидаги иддаолар ва Швейцарияда аввалроқ бошланган жиноий текширувлар, интернетдаги шов-шувли хабарлар борасида ҳамон сукут сақламоқда.

Аввалроқ "Узметроном" веб саҳифасида TeliaSonera билан боғлиқ ишда Гулнора Каримова эмас, балки яқинда лавозимидан четлатилган Бош вазир ўринбосари Абдулла Ориповнинг қўли бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурган эди.

Сўнгги хабарларга кўра, телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилиб келган жаноб Ориповга нисбатан жиноят иши очилган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.