BBC navigation

Миллиардер Алишер Усмонов бизнесни тарк этмоқчи

Сўнгги янгиланиш 29 сентябр 2012 - 07:48 GMT

Россиянинг 'энг бой' одами, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳиссаларини ягона холдинг остида бирлаштиргач, ўзи ортиқ бизнесларини бошқариш ниятида эмаслигини айтмоқда.

"Биз тоғ-кон саноати, телекоммуникация, интернет, оммавий-ахборот воситалари, молия ва сармоя соҳаларидаги ҳиссаларимизни бир ерга жамлаши мумкин бўлган йирик холдинг тузиш мақсадидамиз", деб айтган жаноб Усмонов "Рейтер" ахборот агентлигига берган суҳбатида.

Алишер Усмоновнинг бизнес-салтанати темир рудасини қазиб чиқариш асосига қурилган.

Россиялик миллиардер яна "Коммерсант" газетаси ва Россияда катта нуфузга эга барча нашриёт уйларига эгалик қилади.

Лондоннинг "Арсенал" клуби ҳиссаларини сотиб олиши, mail.ru интернет порталини биржага чиқариши ва фаолиятининг илк йилларида Facebook ижтимоий мулоқот тармоғини дастаклаши ортидан жорий пайтда Британияда истиқомат қилувчи жаноб Усмонов халқаро миқёсдаги бизнес-шахсга айланади.

Аммо йиллик тушуми қарийб 25 миллиард доллар бўлиши тахмин этилаётган холдинг тузилгач эса, Алишер Усмоновнинг ўзи унинг бошқарувида фаол иштирок этмоқчи эмас.

Миллиардер бунинг сабабини ортиқ бизнес билан шуғулланиш истаги йўқлиги билан изоҳламоқда.

"Ҳар бир актив ҳиссадорлардан мустақил бўлган менежерлар гуруҳи назорати остида бўлади. Ўзим ҳам ҳиссадор сифатида бундан кейин бошқарув ишларига жиддий аралашмоқчи эмасман", деб айтган жаноб Усмонов.

Бадавлат бизнесмен ўз ҳиссаларини ягона холдинг остида бирлаштириш режасида эканини илк бор шу йил апрел ойида Американинг Forbes журналига берган суҳбатида айтганди.

Аён бўлишича, асосий ҳиссадорлари шарифларининг илк ҳарфларидан олиниб, барпо этилажак тузилма USM Holding деб номланади.

Агар уларнинг режаларига қаралса, Алишер Усмонов холдинг ҳиссаларининг 50%, "Ягона Россия" партиясидан Давлат думаси депутати бўлган Андрей Скочнинг жамғармаси 30% ва миллиардернинг бизнес шериги Фарҳод Моширий 10% ига эгалик қилишади. Ҳиссаларнинг қолган 10 фоизи эса, менежмент учун асраб қўйилади.

Келаси олти ой ичида барпо этилиши кутилаётган холдинг раҳбари эса, Алишер Усмоновнинг ҳамкори Иван Стрешинский бўлиши айтилмоқда.

Миллиардерлар рўйхатида

Шу йилнинг апрел ойида Forbesжурнали миллиардер Алишер Усмоновни Россиянинг энг бой одами, деб топганди.

Бундан аввал ҳам жаноб Усмонов журналнинг йиллик рўйхатида Россиянинг бадавлат одамлари қаторидан жой олиб келган бўлса ҳам, бу йил илк бор пешқадамликка чиқиб олганди.

Forbes журнали миллиардернинг бойлигини 18,1 млрд АҚШ доллари дея баҳолаганди.

Аммо, агар Bloomberg агентлигининг ҳисоб-китобларига қаралса, Алишер Усмоновнинг бойлиги 20 миллиард АҚШ долларидан ортади.

Sunday Times нашрининг Британиядаги энг бой одамлар рўйхатида эса, жаноб Усмонов россиялик бошқа бир миллиардер Роман Абрамович билан бирга бу йил юқори учликка киришга муваффақ бўлишганди.

Сўнгги йилларда жаноб Усмонов асосан тоғ-кон саноатидан катта фойда кўраётган бўлса ҳам, интернет ва мобил ширкатларига ҳам катта пул ташламоқда.

Дейлик, шу йилнинг ўзида бизнесмен Facebook ижтимоий тармоғи орқасидан қарийб 1 миллиард фойда кўрган. Россиядаги учта йирик мобил операторларидан бири бўлган "Мегафон"нинг назоратини ўз қўлига олган.

Энг омадли бизнесмен

58 ёшли Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, жаноб Усмонов Россиянинг интернет ширкати - Mail.ru нинг 26.9 фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

У россиялик яна бир миллиардер Юрий Милнер билан бирга Facebook Inc нинг 10 фоиз ҳиссаларини назорат қилади.

Шунингдек, Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоиз ҳиссалари ҳам жаноб Усмоновга тегишли.

Таржимаи ҳол ўрнида

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган Алишер Усмонов, британ матбуоти маълумотларига кўра, 80-йилларда давлат мулкини ўғирлаш ва фирибгарликда айбланиб, олти йил қамоқда ўтирган.

Алишер Усмоновнинг ҳимоячилари унга қарши айблар Совет даврида ташкиллаштирилган бўлгани ва жаноб Усмоновнинг Михаил Горбачев раҳбарлиги даврида тамоман оқланганини айтишган.

2007 йилда "Гардиан" рўзномаси билан суҳбатда жаноб Усмонов на Ўзбекистон ва на бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини айтган.

Алишер Усмонов Кремл уни президент Каримовга эҳтимолий меросхўр сифатида кўриши ҳақидаги тахминларни "ўзини кремлшунос деб атайдиганларнинг фантазияси" деб атаган.

У на президент Каримов ва на унинг қизи Гулнора Каримова билан алоқаси йўқлигини айтган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.