BBC navigation

'Роғун ва Қамбарота юзасидан халқаро экспертиза ўтказилсин'

Сўнгги янгиланиш 29 сентябр 2012 - 12:59 GMT

Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 67-сессиясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Комилов бу гал ана шундай даъват билан чиқди.

Жаноб Комиловнинг халқаро минбардан туриб таъкидлашича, асосий сув захиралари ва миллионлаб одамлар учун ҳаёт манбаи Амударё ва Сирдарё каби чегаралароша дарёлар бўлган минтақадаги барча сув-энергетика муаммолари халқаро ҳуқуқларда белгилаб қўйилган меъёрлар доирасида ҳал этилиши лозим.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига кўра, ушбу халқаро ҳужжатлар теварак-муҳит ва чегаралароша дарёлардан фойдаланганда қўшни давлатларнинг манфаатларига зиён етказмасликни тақозо этади.

Жаноб Комиловнинг таъкидлашича, худди шу сабабдан ҳам, Ўзбекистон раҳбарияти мавжуд муаммоларга ўзаро мақбул ечим топишда айнан ана шу тамойил ва меъёрларга риоя этилишига даъват этади.

"Биз Сирдарё ва Амударёнинг юқори оқимларида қурилиши режаланган барча ГЭС лойиҳалари юзасидан БМТ ҳомийлиги остида халқаро экспертиза ўтказилиши ва уларнинг, албатта, қуйи оқимда жойлашган давлатлар билан бамаслаҳат қилиниши тарафдоримиз", деб айтган ўз чиқишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Абдулазиз Комиловнинг юқори минбардан туриб таъкидлашича, фақат шундан сўнггина тўғонлари дунёдаги энг баландларидан бўлиши кутилаётган бу икки ГЭС қурилишига киришилиши мумкин.

Энг кескин баёнот

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, шу ой бошида Қозоғистонга қилган расмий сафари чоғида, "Сув билан боғлиқ вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин", дея огоҳлантирганди.

Ўзбекистон раҳбари ҳам бу гапларини Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб айтган ва чегаралароша ўтадиган дарёлар масаласида жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ солишлари лозим"лигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон президенти электр токи ишлаб чиқариш учун йирик ГЭСлар ва уларни ишлатадиган улкан сув тўғонлари қураётган Қирғизистон ҳамда Тожикистонга мурожаат қилиб, Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирган.

Бишкек ҳам, Душанбе ҳам ҳозир Амударё ва Сирдарё бошланадиган дарёларга тўғон ташлаб, Қамбарота ва Роғун ГЭСларини қуришга киришганлар.

Ўзбекистон тарафига кўра, хусусан, Роғун ГЭСини юргизадиган даражада сув тўплаш учун камида 8-10 йил вақт кетади.

Бу дегани - қуйида жойлашган ва деҳқончиликка асосланган Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар узоқ йиллар сувсиз қолиб кетишлари мумкин.

Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларини қўрқитади.

Қозоғистонда янграган баёнот эса, Ўзбекистон раҳбарининг бу масалада қилган энг кескин баёноти сифатида кўрилганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.