Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўқитувчилар куни пахта далаларида нишонланмоқда

Image caption "Пахта далаларида болалардан кўра ўқитувчилар кўп бугун" Суҳбатдан

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўқитувчилар куни муносабати билан айни касб эгаларига йўллаган табригида муаллимларнинг жамиятдаги аҳамиятини урғулаган.

Президент Каримов ўқитувчиларга табригида яна " бузғунчи кучлар"га ишора қилган. Бу кучлар унинг назарида дунёдаги вазиятни издан чиқармоқчи ва Президент ўқитувчиларга мурожаат қилиб, ёш авлод қатори барча ўзбекистонликларни мамлакатдаги тинчликни кўз қорачиғидай асраш заруриятини тушунтиришда муаллимларнинг ўрнини урғулаган.

Президентга кўра, ўқитувчилик икки улуғ касбдан бири саналади.

Айни пайтда Ўзбекистон бўйлаб ўн минглаб ўқитувчилар "ихтиёрий - мажбурий" шаклда пахта теримига сафарбар қилинган.

Гарчанд, сўнгги йиллар ўқитувчиларнинг ҳаётида бирмунча ижобий ўзгаришлар рўй берган ва маошлар ортиши кузатилган бўлса ҳам, вазият кузатувчиларга кўра, ҳамон Шўролар давридаги омон-омон замонлардан кескин фарқ қилади.

Маош берилишидаги узилишлар тез- тез рўй бериб туради.

Ўқитувчилар ўз ойликларини аввалгидай нақд пулда эмас, балки пластик карточкаларга ўтказиш орқали олишади.

Бу эса ўзбекистонлик ўқитувчиларга кўра қатор мушкулликлар туғдирмоқда.

" Маошлар вақтида берилмайди, берилганини ҳам пластикдан олиш осон эмас...Бугун бир ойлик билан кун қилиш жуда мушкул", дейди ўқитувчилардан бири.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларидан бири Баҳодир Элибоевга кўра, гарчанд вазият ўтган йилларга нисбатан яхшироқ бўлса ҳам ҳамон ўқитувчиларнинг ҳаёти ўнглангани йўқ.