BBC navigation

Ўзбекистонда нархлар ошишига нисбатан билдирилаётган фикрлар

Сўнгги янгиланиш 1 октябр 2012 - 15:03 GMT

Ўзбекистон ахброт воситалари шу йил 1 октябрдан бошлаб табиий газга нархлар 14 фоизга оширилиши ҳақида маълум қилдилар.

2012 йил мобайнида бу газ нархларининг иккинчи маротаба ошишидир.

Апрел ойининг 1 кунидан бошлаб ҳам газ нархлари 14 фоизга ошгани ҳақида маълум қилинганди.

1 октябрдан бошлаб табиий газдан ташқари электр қуввати, иситиш тизими, совуқ ва иссиқ сув учун тўловлар ҳам оширилган.

Бундан ташқари бир неча кун аввал Ўзбекистондаги энг арзон бухунка нони нархи ҳам ошгани айтилганди.

Нархларнинг ошиши мавзуси Ўзбекистондаги Интернет саҳифалари форумларида энг қизғин муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.

Olam.uz вебсаҳифасида бу каби фикрларнинг талайгинаси билан танишишингиз мумкин.

Ўз фикрини қолдирган аноним мухлислардан бирининг ёзишича, уни бу каби нархлар ошиши ҳайрон ҳам қолдирмайди.

"Бу чархапалак жонга тегди. Аввал нархларни кўтаришади, кейин 2 ойдан сўнг минимал иш ҳақини, кейин яна нархларни. Ана шундай айланаверади", деб ёзган у.

Қонунлардан хабардор яна бир форум қатнашчисига кўра, "Нархларни белгилаш, тасдиқлаш ва тайинлаш ва уларни амалга ошириш устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳақидаги низом"га мувофиқ нархларнинг оширилиши ҳақида аҳоли 15 кун аввал хабардор қилиниши керак, матбуот эса нархлар ошиши ҳақида атиги 4 кун аввал хабар берган.

Ҳазилкашроқ бир мухлиснинг ёзишича, энди нафас олиш учун ҳавога нархларни ошириш қолди холос.

"Пулимни қайга сарфлашни билмай тургандим", деб ёзибди у.

Яна бир мухлис эса ўртага савол ташлабди.

"Ҳамма нарса бир неча баробар ошиб ётган бўлса, қандай қилиб бизда инфляция паст, деб айта олишади"....

"Хитойга газ сотиш бошланди, ҳеч бўлмаса мамлакат ичидаги газ нархларини ўзгартирмай ушлаб турса бўлмасмиди. Қиш вақтида газ тақчиллигини-ю гапирмай қўя қолай...", дея фикр қолдирган яна бир киши.

"Бу кетишда ҳамма ўтинга ўтиб кетадику! Халқни ҳам ўйланглар озгина тепадагилар!!!!!!!!!!!!!!!!!!" (Бу фикрни ҳеч қандай ўзгартиришларсиз келтирдик- Би-би-си)

"Бир йилнинг ўзида газ деярли 30 фоизга ошди! Даҳшат! Одамлар қандай яшашади, ахир олдинда қиш!", деб ўз фикрини қолдирган русзабон мухлис.

"Агар газ бўлса тўлашдан қочмасдик. Газ беришмайди, фақат пулини шилиб олишади, газнинг ҳиди қандай бўлиши эсимиздан ҳам чиқиб кетган", дея фикр билдирган яна бир киши.

Ва яна бир кинояли фикр: "Ўқитувчиларга яхши "совға" бўлдибди!".

600 граммлик "буханка" нархининг 10 фоизга оширилишина нисбатан фикрлар эса асосан унинг сифати ҳақидадир.

"victor" тахаллуси остида фирк қолдирган мухлисга кўра, бу буханкани нон, деб ҳам атаб бўлмайди.

"Бу нон эмас, нонга тақлиднинг ўзгинаси. Бу каби нонга нархни ошириш эмас, тушириш керак. Холодилникда саласа ҳам иккинчи куниёқ ачиб кетади", деб фикр қолдирган у.

Ўзбекистонда нархларнинг ошишига нисбатан сиз ҳам ўз фикр-мулоҳазалрингизни қуйидаги махсус форма орқали ёда uzbek@bbc.co.uk электрон почтаси орқали билдиришингиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.