BBC navigation

Ҳамшира: "Шунча пахта тердик, ҳеч нима тўлашмади. Шуниси ачинарли"

Сўнгги янгиланиш 4 октябр 2012 - 15:22 GMT

Бу йил Ўзбекистонда нафақат давлат муассасалари, балки хусусий ширкатлар ходимлари ҳам пахтага сафарбар этилмоқда.

Ўзбекистон Таълим вазирлиги матбуот хизмати баъзи оммавий ахборот воситаларнинг Ўзбекистондаги пахта йиғим-теримига мактаб болалари жалб қилинган деган хабарлари ҳақиқатдан йироқ деб баёнот чиқарган.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилги фармойишида мактаб ўқувчиларини пахта теримига олиб чиқилиши таъқиқланади. Бироқ, кўп кузатувчилар бу йил катта ёшдаги одамларга ошиқча босим бўлаётганини хабар қилишмоқда. Би-би-си тошкентлик ҳамшира Мальвина билан боғланиб, унинг ҳикоясига қулоқ тутди.

Мальвина: Бизнинг поликлиникамиз иккинчи йилдирки пахта теримига чиқмоқда. Маҳаллий ҳокимият кўрсатмасига мувофиқ ҳар бир ташкилот пахта теримида иштирок этиши керак. Бир ой олдин бизга пахтага боришимиз ҳақида айтишди. Лекин, айнан ким бориши кераклиги аниқ айтилмаганди.

Би-би-си: Пахтага кетишингиз маълум қилинган пайт ўзингиз билан нималарни олиб боришингиз кераклиги ҳам айтилдими?

Мальвина: Кўрпа-тўшак, иссиқ кийим, иш анжомлари ва, албатта, озиқ-овқат олиб боришимиз кераклиги айтилди. Яшаш шароитларига келсак, сув йўқ. Умуман, ичимлик суви билан муаммо кўп эди. Далага икки шиша сув олиб келишарди. Ундаги сув ҳатто қайнатилмаганди. Лекин, илож қанча, ичавердик, чанқагандан кейин ҳамма нарсани ичишга тайёр бўласан.

Би-би-си: Яшаш шароитингиз қандай эди?

Мальвина: Аслида бизни туман марказидаги мактабга жойлаштиришганди. Биз 330 киши эдик. Шунинг учун, ҳаммага жой етмади. Бизнинг клиникадан 24 кишига жой етмади. Бинодан чиқаверишдаги бир ердан жой ажратиб беришди, лекин у ер жуда совуқ эди. Ўзимиз билан олиб келган кўрпачаларни ёзиб, ерда ухлашимизга тўғри келди. Қийналиб кетганимиздан кейин ўзимиз шу яқин орадан ижарага турар жой қидирдик. Ижара жуда қиммат экан.

Би-би-си: Иш куни тартиби қандай эди?

Мальвина: Эрта саҳар соат 4да турғизишарди. Ярим соат тайёрланишга вақт беришади. Кейин далага бир ё бир ярим соат юриб боришимиз керак эди. Кунига 60 кг пахта теришимиз кераклиги белгилаб қўйилганди. Кундузи соат бирларда далага тушлик олиб келишарди. Бу тушлик ҳам кўпинча кеч келарди, тушликдан кейин яна пахта теришни давом эттирардик, кечқурун 5 яримларда йиққан пахтамизни қабул қилиб олишарди. Соат олтиларда ишни тугатардик.

Би-би-си: 60 кг пахтани териш жуда мушкул вазифа бўлса керак, агарда бу миқдорни тера олмасангиз нима бўларди?

Мальвина: Биз ўша қишлоқдагилардан қолганини сотиб олардик. Масалан, 35-40 кг пахта теришга муваффақ бўлдингиз дейлик, қолганини қишлоқликлардан сўраб, сотиб олишга тўғри келарди. Пахта тераётганда бир-биримиз билан гаплашиб, чақчақлашиб, ишда қолган ҳамкасбларимизга телефон қилиб, суҳбатлашиб, кунни ўтказардик.

Би-би-си: Кун охирида жуда чарчаган бўлсангиз керак, кечқурунлари нималар қилардингиз?

Мальвина: Биз даладан тезроқ кетиб, чўмилиб олишга ҳаракат қилардик. Буни ташкиллаштириш осон иш эмасди. Лекин, шу яқин орадаги хонадонлардан бирида сауна-ҳаммом борлигидан хабар топдик. Хонадон эгасига 2 минг сўм тўлаб, чўмилиб олардик. Бу маблағ бор-йўғи бир долларга яқин, лекин биз учун бу барибир катта пул. Бундан ташқари бошқа кўплаб нарсалар учун ҳам ҳақ тўлашимизга тўғри келарди. Масалан, ичимлик суви икки литрини 500 сўмга сотиб олардик.

Би-би-си: Сизга ўхшаган тиббий хизмат ходимларини пахтага олиб кетишган бўлса, касалларга ёрдам етказиш қийинлашган бўлса керак?

Мальвина: Ҳар бир тумандан 330 нафар тиббий хизматчи пахтага жўнатилиши керак эди. Касалхоналарда беморлар қандай муаммоларга дуч келганидан хабарим йўқ... Лекин, биз билан пахта даласига келган бир жарроҳ бор эди. Унга одамлар телефон қилиб: "Ўтган ҳафта мени амалиётдан ўтказдингиз, иситмам чиқаяпти. Нима қилишимиз керак?" деб сўрашарди. Жарроҳ пахтада эканлигини айтиб, касалхонага бориш кераклигини маслаҳат берарди.

Би-би-си: Сизни бу йўлда пахта теримига жалб этишганига қандай қарайсиз?

Мальвина: Жаҳлим чиқарди, албатта. Менинг ёшим элликка бориб қолди. Астма касаллигим бор. Лекин, бизнинг бўлинмамизда йиғилиб, ким пахтага чиқиши ҳақида маслаҳатлашганимизда, ҳамманинг ҳам қандайдир касали борлиги аниқланди. Кимнингдир қон босими бор, кимнингдир белоғриғи... Поликлиникамиз раҳбари бу касалликлар рўйхатини кўриб: "Бўлди қилинглар, ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёллардан ташқари ҳамма боради", деди. Кимда-ким бош тортса, ишдан бўшатилишини айтди.

Би-би-си: Пахта - Ўзбекистон иқтисоди учун ўта муҳим маҳсулот, мамлакат бюджетига пул олиб келиш йўлларидан бири. Сиз ўзингизни бу муҳим жараённинг иштирокчиси сифатида ҳис қилдингизми?

Мальвина: Албатта... Биз жуда кўп пахта тердик. Ўз қўлларимиз билан жуда кўп пахта тердик. Лекин, бизга ҳеч нима тўлашгани йўқ, шуниси ачинарли. Поликлиникамиз биз терган пахтачилик жамоаси билан беш йилга битим тузган. Янаги йил ҳам пахтага келишимиз аниқ.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Ўқувчилармиз фикрлари:

Bilol, Samarqand

Fazliddinga: Agar pahta terimiga borish vatanparvarlik deyotgan bo'lsangiz u holda bizga aytingchi, vatanparvar bo'lmagan googoosha va uning va otasining atrofida barzangilarni nima qilish kerak? Eslatib otmoqchiman, Stalin dictator bolgan bolsa ham farzandlari frontda urushda bolgan.

Фазлиддин:

"Paxta terish bu qullik yoki bir azob emas. Qandaydir bir gap bilan fikr qilish kerak emas. Insonda ozgina bo'lsa ham Vatanparvarlik bo'lishi kerak. Men uchun paxta terish-bu dam olish demakdir. Men xam paxta terganman va bundan nolimayman.

Сиз ҳам пахтага чиқдингизми? Биз пахта ҳикояларингизни йўлланг.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.