BBC navigation

Вячеслав Охунов: 'ArtWeek Style.uz -Гулнора Каримова учун ҳозирланган томоша'

Сўнгги янгиланиш 5 октябр 2012 - 16:52 GMT

ArtWeek Style.uz-2012 санъат ҳафталигини Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова очиб берди.

Тошкентда ArtWeek Style.uz-2012 санъат ҳафталиги бошланди. "Фонд Форум" ҳомийлигидаги тадбирни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова очиб берган.

Жамғарма тарқатган хабарда айтилишича, ҳафталик давомида Ўзбекистон, Буюк Британия, Франция, Япония классиклари ва замонавий рассомларининг кўргазмалари, маҳорат дарслари, шунингдек, дунёга машҳур юлдузларнинг концертлари бўлиб ўтади.

Бу каби тадбир Ўзбекистонда бир неча йиллардирки ўтказилмоқда ва мамлакатда пахта йиғим-терими авжига чиққан бир пайтда ўтади.

Санъат ҳафталиги Гулнора Каримованинг кўп сонли дабдабали тадбирларидан биридир.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Вячеслав Охуновнинг айтишича, бу тадбир, олдинги фестивалларга қараб хулоса чиқариладиган бўлса, Ғарб ва баъзи маҳаллий дабдабали дизайнларнинг намойишидан бошқа нарса эмас.

"Бу каби дабдабали тадбирларга ташқаридан қарагандаги ялтироқликка путур етказмаслик учун қандайдир долзарб муаммолар, дейлик, ижтимоий ёки экологик муаммоларни кўтариб чиқадиган ишларни таклиф қилишмайди. Давлат бюджетидан пул оладиган ходимлар, ўқитувчилар, врачлар оғир шароитларда, овқатларига ўз чўнтакларидан пул тўлаб, пахта тераркан, бу ерда фақат битта одам - Гулнора Каримова учун томоша ҳозирланган", дейди Вячеслав Охунов.

ArtWeek Style.uz бир неча йиллардан бери ўтказиб келинаётган тадбирдир.

Унга кўра, Ўзбекистон расмийлари оддий одамлар 100 та меҳмон чақириб, тўй қилса, "пахтага чиқмай, дабдабали тўй қилаяпти", деб жар солишади, аммо бу ёқдаги ҳақиқий дабдабаю-асъаса билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Айни ҳолда Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги санъатга ҳомийлик қилиши, мамлакат санъати имиджи ва обрўсини кўтариш ҳаракатларининг нимаси ёмон деган савол туғилиши мумкин.

Вячеслав Охуновга кўра, муаммо шундаки, Ўзбекистондаги рассомларнинг аксари ишлари жаҳон бозоридаги рақобатга дош беролмайди.

"Ҳаммаси майда, бачкана ишлар. Ғарбда ўзининг ялтироқ маҳсулотлари тўлиб ётибди, бизда қилинаётганлари шунчаки бир нусха ёки тақлид, холос. Совет даврида ҳам Рассомлар Уюшмаси бўларди ва бу уюшма бизга уй, машина ёки мукофот беради, деб қўлларини очиб, тиланчилик қилиб юришарди. Ҳозир ҳам шундай бўлаяпти, фақат энди бу ташкилот Рассомлар Уюшмаси эмас, "Фонд Форум" деб номланади" дейди Вячеслав Охунов.

Унинг айтишича, "Фонд Форум"ни аввалига Гулнора Каримовани отасининг меросхўри сифатида реклама қилиш мақсадида ташкил этишганди, аммо бу иш бермади. Энди бўлса, ундан мафкуравий мақсадларда, айниқса, ёшларни ҳақиқий ҳаётдан чалғитиш мақсадида фойдаланишаяпти.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.