Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда "ота ўғлининг амали учун" ҳануз жавобгарми?

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти "Эзгулик" тарқатган хабарга кўра, Қашқадарё вилоятидан фаол Ҳасан Чориев устидан навбатдаги маҳкама жараёни бошланган.

69 ёшли Ҳасан Чориев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси билан "туҳмат" қилишда айбланмоқда.

Ҳасан Чориев 2012 йил июн ойида Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими устидан Миллий Хавфсизлик Хизматининг маҳаллий бўлимига шикоят билан мурожаат қилган.

Ўз аризасида у туман ҳокими дастлаб Чориевга тегишли, кейинчалик эса маҳкама қарори билан давлат қарамоғига ўтказилган 37 гектар ердан ноқонуний равишда фойдаланаётганлигини айтган.

Ҳозирда гўёки бу аризада келтирилган фактлар ўз тасдиғини топмаган, дея Ҳасан Чорииевга нисбатан "туҳмат қилиш"да айблов илгари сурилмоқда.

Жараённи кузатиб келаётган мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, бу галги маҳкаманинг ҳали биронта мажлиси бўлмай туриб, ҳакам Ҳасан Чориевга уч йиллик қамоқ жазоси белгиланиши билан пўписа қилган.

Ҳакам Чориевга АҚШда истиқомат қилувчи ўғли Баҳодир Чориевни "тинчлантирмас экан" қамоқ жазоси белгиланиши муқаррарлигини айтган.

Журналист Малоҳат Эшонқуловага кўра, Ҳасан Чориевга нисбатан илгари сурилаётган айбловларнинг аксари "Бирдамлик" Халқ Ҳаракатининг раҳбари бўлмиш ўғли Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти туфайлидир.

Маҳкаманинг дастлабки мажлиси айбланувчининг келмаганлиги туфайли кечиктирилган.

Ҳасан Чориев маҳкама бошланмасданоқ қамоқ жазоси белгиланиши ҳақидаги дўқ-пўписалардан сўнг айбловларнинг асоссизлигини исботлаш учун ҳимоячи излаш билан машғул бўлиб, маҳкама мажлисига бормаган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.