BBC navigation

Футбол: Тарихга кирган Осиё чемпионлари Тошкентга қайтишди

Сўнгги янгиланиш 8 октябр 2012 - 10:04 GMT

16 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси финалда жарима тўплари ҳисобига япониялик рақибларини мағлуб этиб, Ўзбекистон тарихида Осиё чемпионлигини қўлга киритган ягона жамоага айланишди.

Шу пайтгача бирор бир ёшдаги Ўзбекистон миллий терма жамоасига бу каби шараф насиб этмаган.

Бундан икки йил бурун ҳам худди шу ёш тоифасида бўлган ўзбекистонлик футболчилар Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлишган, лекин ҳал қилувчи ўйинда шимолий кореялик рақибларига ютқазиб қўйишганди.

Катта ёшдагилар орасида эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1994 йилда Осиё Ўйинлари ғолиби, ўтган йил эса, Осиё Кубоги Ўйинларининг ярим финалчиси бўлишга муваффақ бўлган, аммо уларга ҳалича қитъа ғолиблиги насиб этмаган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси футбол бўйича йирик халқаро турнирларда қайд этаётган илк шов-шувли натижа эмас.

Ўтган йил 19 ёшгача бўлган ўсмирлар кимсан австралиялик рақибларини 4:0 ҳисоби билан енгиб, Ўзбекистон тарихида жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиққан биринчи жамоага айланишганди.

Уларнинг Мексика майдонларида кўрсатган ўйини кўплаб халқаро футбол мутахассисларининг олқишларига сазовор бўлганди.

Осон бўлмаган ғалаба

Аммо Эронда кечган футбол бўйича Осиё биринчилиги ўзбекистонлик ўсмирлар учун осон кечмади.

Ҳиндистон, Хитой ва Сурияга қарши гуруҳ босқич саралаш беллашувларини Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бир ғалаба, бир дуранг ва мағлубият билан якунлади.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳал қилвчи ўйинда Ҳиндистоннинг Хитой билан дуранг натижа қайд этишидан фойдаланиб, Осиё биринчилигининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишди.

Чорак финалда жанубий кореялик рақибларини пенальтилар сериясида мағлуб этган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 3 октябр куни ярим финалда мезбон эронлик рақибларини ўз майдонларида 3:2 ҳисобида мағлуб этишди ва финалга йўлланмани қўлга киритишди.

Кеча япониялик рақиблари билан кечган финал учрашувида ўйиннинг асосий вақтида 1:1 натижа қайд этилган эса-да, ягона ғолибни аниқлш учун белгиланган 11 метрлик жарима тўплари ўзбекистонлик футболчилар фойдасига ҳал бўлди.

Пенальтилар сериясида япониялик рақиблари устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони деган шарафли номга эга бўлди.

Кутиб олиш маросими

Биз суҳбатда бўлган ўзбекистонлик футбол аҳлининг айтишича, кечанинг ўзидаёқ Эрондан пойтахт Тошкентга қайтган ўзбекистонлик ўсмирларни шахсан Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмоновнинг ўзи қарши олган.

“Юзлаб ишқибозлар, журналистлар ва уларнинг яқинлари ҳам аэропортда ҳозир эдилар. Карнай-сурнай садолари, футболчилардан бири кулган, бошқаси йиғлаган, хуллас-калом ҳақиқий байрам бўлди”, дейди ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев биз билан суҳбатда.

Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси учун яна бир муҳим жиҳати шу эдики, улар ушбу беллашувнинг ярим финалига чиқибоқ келаси йил Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтувчи Жаҳон чемпионатига йўлланма олишга муваффақ бўлишди.

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчисининг айтишича, жамоанинг бундан кейинги режаси ана шу жаҳон биринчилиги ўйинларига қизғин тайёргарлик кўришдан иборат бўлади.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.