BBC navigation

Турк актёри Гулнора Каримованинг тадбирида иштирок этгани учун танқид қилинди

Сўнгги янгиланиш 9 октябр 2012 - 11:35 GMT

Туркиялик машҳур кино юлдузи Холит Эргенч Тошкентда Гулнора Каримованинг Style.uz ҳафталиги доирасидаги тадбирларда иштирок этгани учун танқид қилинмоқда.

Туркия ва ўзбекистонлик фуқаро жамияти фаолларидан ташкил топган Истанбулдаги "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти "Муҳташам аср" сериалида Усмонли Турклари Императори Султон Сулаймон роли билан машҳур бўлган Холит Эргенчнинг "ўзбек диктаторининг қизини дастаклаши санъатга ҳақорат" эканини айтган.

"Ҳақиқий санъаткорлар озодлик ҳаракатлари ва инсон ҳақларини дастаклашади", дейилади гуруҳ тарқатган баёнотда.

Унда Гулнора Каримованинг номи ҳозирда Швейцария ва Швецияда пул ювишга доир жиноят ишлари билан боғлиқ хабарларда тилга олинаётгани таъкидланади.

"Ҳақиқий санъаткорлар озодлик ҳаракатлари ва инсон ҳақларини дастаклашади"

"Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти

Фаоллар Холит Эргенчни тадбирда иштирок этиш учун "олган пулларини ўзбек муҳожирлари ва қочқинларининг озодлиги" йўлида сарфлашга даъват этганлар.

Хабарларга кўра, Style.uz ҳафталигининг сўнгги кунларида Тошкентга ташриф буюрган турк киноактёри сешанба куни Гулнора Каримованинг "Guli" бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган "Victorious" номли биринчи атирини тақдим этган.

Олам.уз интернет нашрининг таниқли француз парфюмери Бертран Дюшафордан иқтибос келтиришича, ушбу эркаклар атири "забт этувчи жаҳонгир характерига мос".

'Султон Сулаймон'

42 ёшли Холит Эргенч "Нью-Йорк", "Кўланка" ва "Мени севади" мюзиклларида иштирок этган.

У 2006 йилда "Минг бир кеча" фильмидаги роли учун "Олтин капалак" мукофотига сазовор бўлган.

Туркия жумҳурияти асосчиси Мустафо Камол Отатурк образи билан туркиялик томошабинларга танилган Холит Эргенчга "Муҳташам аср"даги Қонуний Султон Сулаймон роли Туркия ташқарисида ҳам катта шуҳрат олиб келди.

Шу йил бошида Россияда айни сериал намойишининг вақтинча тўхтатиб қўйилиши рус томошабинларининг норозиликларига сабаб бўлган эди.

Ҳозирги кунда Яқин Шарқ ва Шарқий Оврўпода миллионлаб мухлислар айни сериални томоша қилаётгани айтилади.

Холит Эргенч Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тадбирида иштирок этгани учун танқид қилинаётган биринчи хорижлик санъаткор эмас.

Британиялик рок мусиқаси юлдузи Стинг 2009 йилда Тошкентдаги "муҳташам кечада Гулнора Каримовага қўшиқ куйлагани учун" танқидлар остида қолган эди.

Британ матбуоти "Амнести Интернейшнл" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг фаол аъзоси бўлган Стингни "иккиюзламачилик"да айблаган.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.