BBC navigation

Ўзбек альпинистлари Ҳималайдаги қор кўчкиси остида қолишган

Сўнгги янгиланиш 9 октябр 2012 - 08:47 GMT

Аннапурна Ҳималайнинг энг хавфли чўққиси ҳисобланади

Ҳималай тоғларининг энг баланд чўққиларидан бири-Аннапурнага кўтарилаётган икки ўзбек альпинисти қалин қор кўчкиси остида қолган.

Якшанба куни содир бўлган ҳодисада Илёс Тухватуллин ва Иван Лобановлар бедарак кетгани айтилади.

Улар кўчкиннинг қоқ марказида бўлишган.

Тухватуллин ва Лобанов альпинистлар ўртасидаги биринчи Жаҳон чемпионати доирасида россиялик ҳамкасблари билан шу ой бошида Ҳималайнинг баландлиги 8047 метр бўлган Аннапурна чўққисини забт этиш учун йўл олган эдилар.

Экспедиция таркибида жами 8 нафар ўзбекистонлик бор.

Гуруҳнинг қолган аъзолари кўчки содир бўлган минтақадан узоқда, хавфсиз жамлоқда эканликлари хабар қилинган.

Ўзбекистон Алпинистлар Федерацияси Президенти вазифасини бажарувчи Анатолий Чабановнинг Би-би-сига айтишича, ҳозирда қидирув ишлари олиб борилмоқда ва Непал қутқарув хизматлари ҳодиса жойига вертолётларни йўллашган.

Жаноб Чабанов альпинистларнинг қутқарилишига хали умид борлигини айтади.

Унга кўра, ўзбекистонлик альпинистларнинг оила-аъзолари ҳодисадан хабардор қилинган.

Айни пайтда ҳодиса жойида бўлган россиялик альпинистлар ўзбек ҳамкасбларининг қутқарилишига умид камлигини айтишмоқда.

Рус альпинисти Глеб Соколовнинг телефон орқали россиялик ҳамкасбларига билдиришича, ўзбек альпинистларини "қутқариш имконияти кам".

Risk.ru сайтида чоп этилган мулоқот матнида россиялик альпинист афтидан, қор кўчкисига ер силкиниши сабаб бўлганини айтган.

Хавфли чўққи

Аннапурна дунёдаги 8 минг метрдан баланд 14 та чўққининг 10-сидир.

Альпинистлар тилида "саккизминглик" деб аталадиган чўққи илк бор 1950-йилда забт этилган.

Непалда бедарак кетган ўзбек экспедицияси раҳбари Илёс Тухватуллин, Ўзбекистон Альпинистлар Федерациясига кўра, 1998 йилда айни чўққини забт этган.

Аннапурна энг хавфли чўққи ҳисобланади, маълумотларга кўра, ҳозирга қадар чўққини забт этишга уринган альпинистлар орасида ўлим даражаси 38 фоизни ташкил этган.

Аннапурна марказий Непалда жойлашган бўлиб, унинг узунлиги 55 километрни ташкил этади.

Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бўлган Непалнинг асосий даромади туризм ва алпинизмдан келади.

Ўзбекистон Альпинистлар Федерацияси раҳбари Анатолий Чабановнинг айтишича, ўзбек альпинистлари Жаҳон биринчилиги учун Аннапурнани ўзлари танлашган ва чемпионатни ноябр ойида Олма-Отада яхши натижалар билан якунлашга умид қилишаётган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.