BBC navigation

Футбол: Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпиони

Сўнгги янгиланиш 14 октябр 2012 - 11:02 GMT

Чемпионлар

Финал беллашувида мезбон россиялик рақибларини 1: 0 ҳисобида мағлуб этган Ўзбекистон ногирон-ампутантлар миллий терма жамоаси кетма-кет учинчи бор жаҳон чемпионлиги шарафини қўлга киритди.

Ҳал қилувчи учрашувда Ҳайдарали Турсунбоев ягона тўп муаллифига айланди.

Умумий ҳисобда эса, бу ўзбекистонлик футболчиларнинг жаҳон биринчилигида эришаётган бешинчи ғалабаларидир.

Бу эса, ногиронлар футболи бўйича жорий пайтда дунёда Ўзбекистон миллий терма жамоасига тенг жамоанинг йўқлигини кўрсатади.

Ўзбекистонлик футболчилар 13 октябр куни бўлиб ўтган ярим финал беллашувида кимсан аргентиналик рақибларини 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланма олишганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сўнгги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ногиронлар миллий терма жамоаси мезбон Аргентинани финал босқичида йирик ҳисоб билан мағлуб этиб, ўз тарихида кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпионлигига эришганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2007 йилда Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг финал беллашувида эса, Россияни 2:1 ҳисобида енгиб, бу каби шарафга нойил бўлганди.

Саралаш беллашувлари

Ўзбекистон ногиронлар миллий терма жамоаси Россиянинг Калининград шаҳрида кечган жаҳон чемпионатини бу гал ҳам ишонч билан бошлаганди.

Жамоа барча гуруҳ босқич саралаш учрашувларини йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлаб, ўзи тушган “В” гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган ҳолда муддатидан олдин ярим финал босқичига чиқишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик футболчилар ўз йўлларида Туркия (6:1), Япония (7:0), Либерия (8:2), Англия (4:2) ва Украина (4:0) миллий терма жамоаларини мағлуб этишнинг уддасида чиқишганди.

Ногиронлар миллий терма жамоасидан фарқли тарзда, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳалича Жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқа олмаган.

Шу боис ҳам, ногиронлар миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатида эришаётган бу каби кетма-кет ютуқлари Ўзбекистон учун катта шарафдир.

Аммо айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, қатор футбол мутахассислари бу гал 2014 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор анчайин қулай мавқеъда эканини айтишади.

Ўзбекистонлик футболчилар сўнгги босқич саралаш учрашувларининг навбатдагисини сафарда 16 октябр куни Қатарга қарши ўтказишади.

Агар ушбу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қўли баланд келса, ўз олдига қўйган мақсадига анча яқинлашади.

Тарихча ўрнида

Ўзбекистонлик ногирон футболчилар 1990 йилда Американинг Сиэтл шаҳрида “Матонат” МДҲ умумжамоаси остида майдонга тушиб, жаҳон кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлишганди.

Орадан йил ўтиб, Тошкентда ўтказилган Жаҳон биринчилиги ўйинларида эса, алоҳида миллий жамоа сифатида кетма-кет иккинчи бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиб, жаҳон чемпиони мақомини қўлга киритишганди.

Шундан сўнг, 2007 йилда яна бир бор ўзининг тарихий ютуғини такрорлашга муваффақ бўлганди.

Ана шу ғалабаларни қўшиб ҳисоблаганда беш карра жаҳон чемпиони - Ўзбекистон миллий терма жамоаси, бундан ташқари, жаҳон биринчилигининг кумуш ва бронза медаллари соҳиби ҳам саналади.

Аргентинада эришган сўнгги ютуғи ортидан жамоа мураббийси ва қатор ўйинчилари Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Дўстлик” ордени ва “Жасорат” медаллари билан тақдирланишганди.

Ногиронлар ўртасидаги 2014 йилги жаҳон чемпионати эса, Эронда бўлиб ўтади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.
Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.