BBC navigation

Адабий сайтлар адабиётга хизмат қилмоқдами?

Сўнгги янгиланиш 18 октябр 2012 - 11:50 GMT
Сурат Хуршид Даврон сайтидан олинди

Сурат Хуршид Даврон сайтидан олинди

"Салом Шавкат ака!

Бундан бир неча йил аввал Усмон ака (Усмон Азим, муаллиф) билан машинасида кетаётганда, сиз ҳақингизда гапира бошладиму йиғлаб юбордим. Менга қўшилиб Усмон акаям йиғлаб юборди. Эсимда, Буюк Рауф Парфи абадият қучоғида ётган Минор қабристони олдида тўхтаб, узоқ сўзсиз йиғлаган эдик. Ичган эмасдик. Мана шу гапларни ёзаяпману кўзимдан тир-қираб ёш оқяпти. Сизни соғинган бўлсам керак, Шавкат ака! Мен йиғлаганимдан ҳеч қачон уялмайман. Ҳатто ўша "Мен ҳеч қачон йиғламайман!" деган жўрамиз ҳам ёлғиз ўзи қолганда бўзлаб-бўзлаб йиғлашига ишонаман. Тўғри, кейин кўз ёшини артиб, юзини ювиб, бошқалар олдига чиққанда "Мен ҳеч қачон йиғламайман!" дейишига ҳам ишонаман. Бу дунёда йиғламаган шоирнинг ўзи бўлмаса керак! Қолаверса, бу шеърдаги йиғлоқиликка мутлақо алоқаси йўқ".

Бу сатрлар шоир ва тарихчи Хуршид Давроннинг марҳум шоир дўсти Шавкат Раҳмонга ёзган мактубидан олинган.

Айни шу кунларда Хуршид Давроннинг интернет сайтига кирган ўқувчининг биринчи навбатда бу мактубга кўзи тушиши ва ўқиши табиий.

Истеъдодли адиб ва адабиётшунос Аҳмад Аъзамнинг ўз сайти бор. Айни бир пайтда у Хуршид Давроннинг сайтини ўзбек тилидаги энг яхши сайтлардан бири сифатида эътироф этади.

"Хуршид Давроннинг сайти шахсий сайтлар ичида энг кўламли, катта сайт. Жуда катта кутуб-хона, Марказий Осиё тарихидан тортиб туркий халқларнинг келиб чиқишию луғатларигача ундан топиш мумкин. Мен бир кишининг шундай катта иш қилиши мумкинлигидан ҳайратга тушаман. Манзилимга ҳар куни беш-олтитадан йигирматагача китоб келади ундан. Ўзим Хуршиднинг сайтига кириб тураман. Менга Хуршид дўстимнинг юксак маърифати, холислиги ва таърифга сиғмас меҳнати ёқади", дейди Аҳмад Аъзам.

Йигирманчи асрнинг саксонинчи йилларида ўзбек адабиётига янги овоз билдан кириб, адабиётга янги руҳ берган шоирлардан бири Хуршид Давроннинг сайтида унинг ўз ижодидан ҳам баҳраманд бўлиш мумкин.

Ёш шоир ва илмий иш билан шуғулланаётган Озод Мелибоев ўзининг тенгдошлари учун Хуршид Даврон сайти тобора оммалашиб бораётганини айтади:

"Хуршид Давроннинг сайтини бир ижодкор сайти деб қараганимизда ҳам у бошқа ижодкорлар сайтига қараганда менга кўпроқ нарса беради. Чунки унда фақатгина сайт муаллифи ижоди билан эмас, балки бутун адабиёт олами билан бўлмасада, жаҳон ва ўзбек адабиётнинг ноёб дурдоналари, савияси баланд асарлар билан танишиш мумкин".

Ҳозирда ўзбек адиблари ва шоирларининг шахсий интернет сайтлари йигирмага яқинлашиб қолган. Аҳмад Аъзамнинг фикрича, Хуршид Давронники каби юксак талабчан ўқувчи эҳтиёжларини қондирадиган сайтлар қанча кўпайса, шунча яхши.

"Бизда ҳозир сайтлар кўпайиб қолди. Жумладан, бадиий адабиётга оид сайтлар, ёзувчи ва шоирларнинг шахсий сайтлари ҳам бирин-кетин ошяпти. Бугун, китоблар тиражи паст, газета-журналлар ҳам аҳволи шундай бир пайтда, яна бунга бадиий асар босадиган, адабиётни тарғиб қиладиган нашрларни санашга бармоқ кўплик қилишини қўшсак, бу каби сайтларнинг аҳамияти нечоғли буюк эканини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади", дея мулоҳаза юритади Аҳмад Аъзам.

Хуршид Даврон сайтига кирган ўқувчи эса, унинг Шавкат Раҳмонга мактубини ўқишда давом этади:

"Қонли Ўш воқеалари такрорланганда: "Яхшиям Шавкат бу кунларни кўрмади", деб ўйлаганман. Бир пайтлар юз берган фожиа сизни қанчалик азобга, қайғуга солганига гувоҳ бўлганман-ку, ахир! Ўшдан қайтиб келганда, суҳбатлашиб ўтирганда, тўсатдан: "Хуршид, одам ҳам шунчалик ёвуз бўладими?" деб мунғайиб қолганингизни, кейин қатъият билан: "Мен энди шеър ёзмайман,Ўшни ёзаман!" деб айтганингизни кўрганман-ку".

Аҳмад Аъзам адабиётга оид сайтларнинг инсонпарварлик, инсонни севишга хизмат этиши зарурлигини таъкидлайди:

"Биздаги сайтлар, содда қилиб айтганда, одоби билан ажралиб туради. Миллий низо қўзғайдиган, маҳаллийчиликка мойил ёки фаҳшни тарғиб қиладиган сайтлар йўқ. Умуман, бадиий адабиётга оид сайтлар - тараққиёт бераётган катта маънавий ўсиш имконияти бу".

Хуршид Давроннинг Шавкатга Раҳмонга мактуби эса, ўқувчини бош кўтаришга қўймайди. У жорий йилда шоир дўсти таваллуди муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тадбирни эслайди:

"12 сентябр куни уюшмада (мақтаниб қўяй, менинг ташаббусим боис) туғилган кунингиз муносабати билан тадбир ўтказдик. Яхши хотиралар дилдан тилга кўчди, ижодингизга муносиб эътирофлар айтилди. Айримлар (шу жумладан мен ҳам) сизга (тириклигингизда) ёрдам бергани, шеърингизни, мақолангизни чиқишига сабабчи бўлгани, жуда яқин бўлгани ҳақидаям айтиб ўтишди. Дурустгина шеър ёзадиган, мухолифда эканини (тузумга эмас, бошқаларга) ҳар бир мажлисда намойиш этишни яхши кўрадиган Муҳаммаджон укамиз ( Яхши шеърлари бор) "Халқ шоирлари"га қарши шеър ўқиб, бу касофатлар бору "Шавкат Раҳмон йўқ!" дея ҳайқирди".

Хатнинг худди шу ерида ўзи таниган-танимаган шоир Муҳаммаджоннинг сўзларидан бир тўлғаниб олган ўқувчи Хуршид Даврон мактубидан кўз уза олмайди:

"Ҳа, 16 йил бўлди. Аммо, у "Шавкат Раҳмон йўқ!" дейиш нақадар ёлғон эканлигини билармикан? Балки, айрим "халқ шоирлари" йўқдир. Шавкат Раҳмон эса бор. Мен ҳар сония, ҳар дақиқа уни кўраман, учратаман, унга тўқнаш келаман. Мен у билан суҳбатлашаман, унинг назарини сезиб турганим учун баъзи ишларни қилишга, баъзи сўзларни айтишга уяламан. Ҳар сония унинг кўзларига тикиламан, табассумини кўраман, шеърларини ўқийман, сатрларини такрорлайман".

Интернет имкониятларини бор бўйича ҳис қилган ҳолда тинимсиз меҳнат қилаётган инсонлар юритаётган сайтлар эса қадр топиб бормоқда.

Жумладан, Ўзбекистонда беш йилдан буён ўтказиб келинаётган Интернет фестивалининг бу йилги янги ғолиблари орасида ziyouz.uz сайти ҳам бор.

Танловда «Фан ва таълим соҳасидаги энг яхши сайт» деб топилган бу сайтни жонкуяр инсон Даврон Тожиалиев ziyouz.uz ва ziyouz.сомда 2000 тадан ортиқ электрон китоб, 15000 тадан зиёд илмий-оммабоп ва маърифий мақолаларни жойлашга муваффақ бўлган.

Ўз шахсий интернет сайтини юритаётган Аҳмад Аъзамнинг фикрича ижодкорлар замонавий имкониятлардан фойданалиб қолишлари зарур:

"Ёзувчиларнинг аксарият қисми ҳали сайтларга ўрганмаган. Ҳатто менга ўзимнинг ручкам ё машинкам маъқул деб, компьютерга яқин йўламагани ҳам талай".

Шунинг учун ҳам Хуршид Давроннинг сайтига кириб, хоҳ унинг шеърлари, ҳикоя ва қиссаларини, хоҳ тарихга оид мақолаларини, хоҳ мактубларини, хоҳ у танлаган жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналарини, адабий суҳбатларни ўқиган инсоннинг юраги жизиллашига, уни нимадир безовта этишига ва қайта-қайта бу сайтга киришига ишонса бўлади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.


ЎҚУВЧИЛАРИМИЗ ФИКРЛАРИ

Yorqin

Maqola sarlavhasini o'qidimu Xurshid Davronning sayti tanqid qilingan shekilli degan fikr o'tdi miyamdan. Bu tarzda savol qo'yilishi mantiqan muallif o'zi so'roq ostiga olayotgan narsaga shubha bilan qarayotganini anglatadi. Biroq matnni o'qigach, muallifning o'zi bu borada ijobiy fikrda ekanini anglash mumkin. Balki jurnalist o'quvchi e'tiborini jalb qilish uchun shunday sarlavha tanlagandir, lekin, menimcha, sarlavha maqola mazmuniga mos emas.
Xurshid Davronning sayti eng yaxshi saytlardan!


Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.