BBC navigation

Ўзбекистон президенти пахтакорларга табрик йўллаган

Сўнгги янгиланиш 20 октябр 2012 - 11:48 GMT

Бу йил пахта теримига мактаб ўқувчилари олиб чиқилмаган бўлсада, коллеж талабалари тўлиқ жалб қилинган.

Маҳаллий матбуотда эълон қилинган Президент Ислом Каримовнинг табриги "Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига" деб номланади.

"Пахтачилик соҳасида жорий йилда 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этиб, катта меҳнат ғалабасига эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизга чуқур мамнуният етказади", дейилади президент табригида.

Президент Каримов бу йил ўзбекистонлик деҳқонлар учун ўта оғир келганини таъкидлаган.

"Бу ҳақда гапирганда, айтиш керакки, ўтган йил кузда - янги мавсумга тайёргарлик пайтида бошланган ёғингарчилик, қорли ва аёзли кунларнинг феврал ойига қадар чўзилиб кетгани, бунинг натижасида ерларнинг шўрини ювиш, экишга тайёрлаш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келгани, ёз ойларида эса ҳаво ҳароратининг кескин даражада юқори бўлгани, турли қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликлар кўпайгани деҳқонларимиз учун жиддий ташвиш ва муаммолар туғдирмасдан қолмади", дейди Президент Каримов.

Ўзбекистон раҳбари бу йил 3 миллион тоннадан ортиқ пахта жуда қсиқа вақт ичида териб олинганидан мамнуният изҳор этган.

"Мана шундай мураккаб бир шароитда эришган ютуқларимиз, яъни мамлакатимиз бўйича пахта ҳосилдорлиги ўртача 26,5 центнерни ташкил этиб, 5-йиллик ўртача кўрсаткичга нисбатан 1,6 центнерга ошгани, етиштирилган ҳосилнинг ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, ғоят қисқа муддатда - 35 иш кунида йиғиб-териб олингани, унинг 90 фоизи юксак сифат билан юқори сортларга топширилгани ҳар қайси деҳқон, ҳар қайси фермер, ҳар қайси мутахассисдан ҳақиқий матонат ва жасорат намунасини, уюшқоқлик ва сафарбарлик кўрсатишни талаб қилганини ҳаммамиз яхши тушунамиз", дейилади Президент Каримов табригида.

Президент бу йил Қорақалпоғистон, Андижон, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида пахтани етиштириб, яхши ҳосил етиштирилганини таъкидлаган.

Қўлга киритилган бу ютуқ замирида яна бир асосий мезон сифатида тараққий топган давлатлар тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракатига ўтиш, бу соҳанинг ривожи учун барча ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича амалга оширган катта-катта ишларимиз мужассам эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз", деган Ўзбекистон президенти.

Президент Ислом Каримовга кўра, охирги 5 йил давомида Ўзбекистондаги деҳқончиликка яроқли ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга давлат бюджетидан 800 миллиард сўм сарфланган, 1 миллион 200 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланган, бу эса бу йил "ҳосилдорлик даражасини оширишга салмоқли ҳисса" бўлган.

Ўзбекистон расмийлари бу йилги ҳосил болалар меҳнатисиз териб олинаётганини маълум қилишган бўлсада, фаолларга кўра, жойларда болалар меҳнатидан барибир фойдаланилгани кузатилган.

Олдинроқ Халқаро Меҳнат Ташкилоти халқаро комиссиялар мамлакатдаги вазиятни ўз кўзлари билан кўриб, хулоса қилишлари учун Ўзбекистон пахта далаларига кузатувчилар киришига рухсат берилиши керак, деб чиққан эди.

Ҳосилни йиғиб олишда болалар иштироки камайган экан, ҳукумат ва хусусий идоралар ходимларига нисбатан пахтага чиқиш борасида босим ошган.

Ишчи ва хизматчилар қатори, Олий ўқув юртлари ва коллеж талабалари пахта теримига олиб чиқилган.

Пахта мавсуми бошида талабаларга 20 октябргача пахта териши билдирилган.

Хабарларга кўра, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта тераётган коллеж талабаларига 18 октябр пайшанба кундан бошлаб уйларига қайтишга рухсат берилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.