BBC navigation

Тошкентда VideoART.uz фестивали бошланган

Сўнгги янгиланиш 21 октябр 2012 - 14:18 GMT

Ўзбекистон пойтахтида очилган ушбу фестивал шиори "Ҳар кимнинг ўз гепарди бор" деб номланади. Фестивал кўтарган масалаларни Ўзбек ҳукумати хушламагани боис у "ёпиқ маросим" мақомини олган.

Октябр бошида Тошкентда Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримова ташкилотчиси ҳисобланган "Олтин гепард" халқаро кинофестивали бўлиб ўтган.

Шанба куни Тошкентнинг киноклубларидан бирида VideoART.uz. фестивали ўз ишини бошлаган.

Фестивал ташкилотчиларидан бири бўлган Олег Карповнинг айтишича ушбу фестивал Каримова хоним томонидан ўтказиладиган дабдабали кинофорумга "ўзига хос жавоб" бўла олади.

VideoART.uzда кўрсатиладиган филмлар Ўзбекистонда қабул қилинган меъёрларга тўғри келмайди, дейди жаноб Карпов. Ташкилотчиларга кўра, филмда кўтарилган ҳаётий масалалар ҳақида Ўзбекистонда очиқча гапириш мумкин эмас.

Фестивалнинг қаерда ўтказилиши ҳақида унинг иштирокчилари ва меҳмонлари Facebook тармоғи ва телефондан ташкилотчилар томонидан юборилган хабарлар орқали воқиф бўлишган.

"Биз фестивалгача ортиқча реклама қилишни маъқул кўрмаймиз. Чунки илгари бўлганидек, битта қўнғироқ билан уни тўхтатиб қолишлари ҳеч гап эмас",- дейди Олег Карпов. У Ўзбекистонда ягона "Кино музейи"ни тузган.

Фестивал 2009 йилгача Ўзбекистон ҳукумати томонидан ёпиб қўйилмагунча ушбу музейда бўлган.

Ўшандан буён фестивал "тақиқланган" маросимлар рўйхатига киритилиб, киноклуб ертўлалари, ҳатто шахсий уйларда ҳам ўтказиб келинган.

Жаноб Карповнинг айтишича, ушбу кинофестивал 24-маротаба ўтказилмоқда. Фестивал доирасида 15 видеолавҳа ва қисқаметражли филмлар ўрин олган бўлиб, уларнинг муаллифлари ичида профессионал кинорежиссёрлар билан бир қаторда оддий ҳаваскорлар ҳам бор.

Фестивални Есения Курбатованинг "Back to School" ҳужжатли филми бошлаб берган.

Киноҳужжатчи Умида Аҳмедованинг "Берлинда" филмида опера театрида қўшиқ айтган санъаткорнинг Олмонияга тирикчилик ташвиши билан кетиб киракашлик қилгани, ҳориждаги ҳаёти унинг суҳбати орқали очилади.

Ташкилотчиларга кўра, бу йил биринчи марта кинофестивал учун Голландиядан ҳомий топилган.

"Ўзбекистонда иқтидорли ва жасоратли режиссёрлар талайгина. Ҳукуматнинг босимларига қарамасдан, улар фаолроқ бўлиб бормоқдалар, ўз ижодлари билан керакли гапларини айтиб, халқаро кинофестивалларда мукофотларни қўлга киритмоқдалар", - дейди Олег Карпов.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.