BBC navigation

Ўзбекистонда АҚШ базаси очилиши ҳақидаги хабарлар давом этмоқда

Сўнгги янгиланиш 23 октябр 2012 - 12:59 GMT

Сайфуллин Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШ базасини очишга ҳақли дейди, аммо бу юз беришига ишонмайди.

АҚШнинг Тожикистондаги янги элчиси Сюзен Эллиот бугун ўзининг биринчи матбуот анжуманида Қўшма Штатларнинг Тожикистонда янги транзит нуқтаси очиш режаси йўқлигини айтган.

Аввалроқ АҚШнинг юқори мартабали ҳарбийси Америка Ўзбекистон билан ҳарбий база очиш масаласини муҳокама этаётгани ҳақидаги хабарларни рад қилган эди.

Аммо, Россияда чиқадиган "Независимая газета" рўзномаси қатъий раддияларига қарамасдан, Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШ базаси очилишига рухсат бериши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Мақолада ёзилишича, Марказий Осиё давлатлари ўртасида АҚШга "имконқадар кўп ёрдам кўрсатиш бўйича рақобат кетаяпти". "Бунинг эвазига улар нақд пул ва ҳарбий техника олишади", -дейилади унда.

Мақола муаллифи, шунингдек, Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Рафиқ Сайфуллиннинг "Ўзбекистоннинг бунга маънавий ва юридик ҳуқуқи борлиги" ҳақидаги сўзларини келтирган. Бироқ, жаноб Сайфуллин Би-би-си билан суҳбатда рус матбуоти унинг сўзларини нотўғри талқин қилганини айтди.

Сайфуллин: АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш чоғида ўз ҳарбий техникасининг маълум қисмини Марказий Осиё давлатлари ҳудудида консервация қилиб қолдириш эҳтимоли бор. Аммо, бу қандайдир база бўлади деганини англатмайди. Агар Россия Уляновск аэропортида Америка ёки НАТОнинг транзит нуқтаси ташкил этилишига рухсат берса, унда Ўзбекистон ҳам ўз ҳудудида шундай нарса ташкил этилишига рухсат бериш учун ҳам маънавий ва ҳам юридик ҳуқуққа эга бўлади. Тамом. Мен яна қайтараман, бу ерда қандайдир база бўлиши ҳақида сўз бормаяпти.

Би-би-си: Ўзбекистон шу йил ёзида ўзининг ташқи сиёсат концепциясини қабул қилган ва унда Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатлар ҳарбий базалари ташкил этилишига рухсат берилмаслигини айтган эди. Концепциядаги ушбу банд ўзгариши мумкинми?

Сайфуллин: Мен ўзгаради, деб ўйламайман. Агар бир неча ой ичида ўзгарадиган бўлса, бундай концепция қабул қилишдан қандай маъно бор? Менинг тушунишимча, ҳеч ким бу концепцияни ўзгартиришга ҳаракат қилаётгани йўқ. Ҳозирча бундай ўзгаришга асос бўладиган бирон бир муҳим қарор йўқ. Албатта, Америка 2014 йилда Афғонистондан бутунлай чиқиб кетмайди. Америка у ерда жуда йирик ҳарбий техник инфратизилмани йўлга қўйган, ҳарбий ҳаво базаларини яратган. Албатта бу базаларда бир-иккита аскар эмас, минглаб аскарлар бўлишади. Бу ерда гап фақат Афғонистон ҳақида бораётгани йўқ. Бу ерда Эрон, Хитой ва бошқа давлатлар бор. Шунинг учун Қўшма Штатлар минтақада ўз иштирокини у ёки бу кўринишда сақлаб қолишдан манфаатдор.

Би-би-си: Ўзбекистон, агар сиз айтганингиздек ўз ҳудудида АҚШ базаси очилиши ҳақида ўйламаётган бўлса, у ҳолда, Қўшма Штатларнинг минтақадаги иштирокини қандай кўраяпти?

Сайфуллин: Мен шундай таъриф берган бўлардим. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида фаол мулоқот бораяпти. Бу мулоқотда томонлар бир-бирларини жуда ҳам диққат билан тинглашмоқда. Ҳеч қайси томон иккинчи бир тарафга ўз фикрини ўтказишга уринаётгани йўқ. Балки ўзаро муштарак нуқталарни, мавжуд муаммоларга ҳар икки томонни қониқтирадиган ечимлар топишга ҳаракат қилинмоқда. Ва буларнинг ҳаммаси Россиянинг ҳам, Оврўпо ёки Хитойнинг ҳам манфаатларини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.